ЎзА Ўзбек

24.09.2020 Чоп этиш версияси

Каттақўрғонда икки мингдан ортиқ иш ўринлари яратилади

Каттақўрғонда икки мингдан ортиқ иш ўринлари яратилади

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 23 сентябрдаги қарори билан 2020-2022 йилларда Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.

Қарорга асосан, белгиланган йилларда Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш мақсадида жами 204 та лойиҳанинг амалга оширилиши назарда тутилган.

Жумладан, шаҳарда саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш бўйича 117 та инвестиция лойиҳасининг амалга оширилиши ва бу орқали 2 минг 52 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган. 

Шаҳар бўйича жами 550 нафар ишсизлар тикувчилик, компьютер саводхонлиги, маиший техника ускуналарини таъмирловчи уста, сартарошлик каби йўналишларда касб-ҳунарга ўқитилади.

Шунингдек, жорий йилда шаҳарнинг 2 минг 253 нафар ишсиз аҳолиси жамоат ишларига жалб қилинади. 

Шаҳарда “Ҳунармандчилик маркази” (ҳунармандчилик, миллий ширинликлар мажмуаси ва меҳмонхона) ташкил этилади.

Қарор билан шунингдек, шаҳарда камбағалликни қисқартириш юзасидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар тасдиқланди.

1 431
ЎзА