ЎзА Ўзбек

14.08.2018 15:21 Чоп этиш версияси

Касса операциялари юритиш тартибини бузишга оид ишлар сезиларли ошган

Касса операциялари юритиш тартибини бузишга оид ишлар сезиларли ошган
Жорий йилнинг 6 ойи мобайнида Тошкент вилояти Маъмурий судлари томонидан солиқ солинадиган объектларнинг ҳисобини олиб бормаслик, касса операцияларини юритиш тартиби ва тўлов интизомини бузишга оид кўрилган ишлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 81 фоизга ошган.

Президентимизнинг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида“ ги фармонига мувофиқ, 2017 йил 1 июндан маъмурий суд иш юритуви соҳасида алоҳида суд тизими ташкил этилган эди.

Айни пайтда маъмурий судлар томонидан икки тоифадаги ишлар, яъни давлат ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, мазкур тизим мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари устидан берилган, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган шикоят ва аризалар ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар кўриб чиқилмоқда.

– Якунига етган ярим йилликда оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 718 та маъмурий иш кўриб, тамомланди, – дейди вилоят Маъмурий суди раиси Муроджон Абубакиров. – Улардан 372 таси қаноатлантирилиб, 206 таси рад этилган. 77 таси иш юритишдан тугатилган. Яна 63 таси кўрмасдан қолдирилган.

Маълумотларга кўра, вилоят, туман ва шаҳар маъмурий судларига шу даврда 20 минг 22 нафар шахсга нисбатан 17 минг 295 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар келиб тушган. Судлар томонидан кўриб, тамомланган ишлар бўйича 9 минг 220 нафар шахсга нисбатан жарима, 3 минг 652 нафарига нисбатан махсус ҳуқуқдан маҳрум қилиш, 784 нафарига нисбатан эса маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Кўриб чиқилган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларнинг 3 минг 242 таси аёллар, 69 таси вояга етмаганлар, 921 таси 60 ёшдан ошганлар, 535 таси чет эл фуқаролари, 411 таси фуқаролиги бўлмаганлар ҳиссасига тўғри келмоқда.

Маъмурий судлар томонидан жорий йилнинг 6 ойида кўрилган маъмурий ишлар бўйича 6 миллиард 866 миллион 836 минг сўмлик 5 минг 374 та ижро ҳужжатлари ижро бюроларига юборилган.

Авазбек Худойқулов, ЎзА
5 547