Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.05.2018 13:28 Чоп этиш версияси

Кашталарда ҳаёт порлайди

Кашталарда ҳаёт порлайди Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида 28-29 апрель кунлари ўтказилган миллий каштачилик буюмлари республика савдо кўргазмаси шундай номланди.

Республика “Ҳунарманд” уюшмаси ва вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида Оқсарой хиёбонида ташкил этилган тадбирда юртимизнинг барча ҳудудларидан келган уста-ҳунармандлар ўз маҳсулотлари билан иштирок этди.

– Каштадўзлик ҳунари бизга момомерос. Мен тўртинчи авлод вакилиман, – дейди бухоролик ҳунарманд Зуҳро Облобердиева. – Қўл меҳнати билан сўзана, дастурхон, ёстиқ жилди, аёллар либоси, эркаклар белбоғига заминдўзи ва қарсдўзи услубида кашта соламиз. Кашталаримиздаги бу нақшларда оилавий тотувлик, бахт, муҳаббат, тинчлик маънолари тасвирланган. Отам косиб ўтганлар, ўзи ясаган ускунада бўз тиккан. Мана шу ускунага биз қайтадан жон киритдик. Маҳсулотларимизга ишлатиладиган бўзни ана шу дастгоҳда тўқиймиз. Кашталарга ишлатиладиган ипларни ҳам қадимий услубда – пилла боқиб, уни қозонда қайнатиб, ипак толаси тайёрлаймиз. Шу боис тиккан кашталаримиз ўзининг асллиги билан ажралиб туради. Масалан, битта сўзана 7 ой давомида тикиб битказилади. Боиси мураккаб чокларни тикиш кўп вақт талаб қилади. Шошилмасдан тикиш лозим. Шундагина маҳсулот мукаммал бўлади. Ҳунарим ортидан дунё кездим. Бугунги кўргазмада ҳунармандлар ўзаро тажриба алмашдик.

Ўрта Осиёда, айниқса, ўзбек, туркман, тожик аёллари ўртасида кашта тикиш кенг тарқалган. Кийимлар оилада тайёрланган, бадиий буюмлар (сўзана, кирпеч, дорпеч, чойшаб, ойнахалта, чойхалта ва бошқалар)нинг асосий қисми хонадонларнинг ўзида тайёрланган. Кашта чоклари, тикиш услубларининг турли-туманлиги ўзбек каштадўзлигининг катта санъатидан далолат беради. Масалан, Нурота, Бухоро, Самарқанд каштачилик маҳсулотлари кўпроқ йўрма чок билан, Шаҳрисабзда йўрма, кандахаёл, ироқи, Тошкентда эса кўпроқ босма чок билан тикилган.

Шаҳрисабз каштаси – турфа ранг гуллар нақши ишлатилиши билан ажралиб туради. Кашта тикишда, шунингдек, “кандахаёл”, “ироқи”, чокларини ҳам қўллашган.

Ўзбекистон ҳудудида 11 каштачилик мактаби шаклланган бўлиб, ҳар бири ўз услуби ва қоидасига эга.

– Адрасдан тикилган ёстиқ жилдларига кашта соламиз, – дейди наманганлик ҳунарманд Фарида Исоқова. – Миллий услубда тайёрланган бундай маҳсулотларга ҳозир талаб катта. Уларга қалампир, анор, чаён, офарин нусхаларидан фойдаланиб, кашта соламиз. Аҳамиятли жиҳати, бундай кашталар бигиз ёрдамида тикилади. Илк ишимни белқарс тикишдан бошлаганман. Келин бўлиб тушганимда отамга белқарс тиктирмоқчи бўлиб, кўп чеварларга борганман. Лекин ҳеч ким тикиб бермаган. Ахийри, мажбурликдан ўзим ўрганиб, кейин тикканман. Шу-шу бу ҳунарга қизиқиб қолдим. Бугун ўнлаб шогирдларим бор. Буюртмага қараб маҳсулот чиқарамиз. Набирам менга асосий кўмакчи. У матоларга нақш чизиб беради, мен эса тикаман. Бугунги кўргазма ҳам ажойиб ўтди. Юртимизнинг турли вилоятларидан келган моҳир усталар, каштадўзлар билан танишиб, уларнинг услубларини ўргандик. Шаҳрисабзда ҳам каштачилик яхши ривожланган экан. Улар билан келажакда ҳамкорлик қилишга келишиб олдик.

Тадбир доирасида ҳунармандлар ва амалий санъат усталари маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди, уста-ҳунармандлар томонидан каштачилик, кулолчилик, зардўзлик, гилам тўқиш бўйича маҳорат сабоқлари ўтказилди. Фольклор ансамблларининг чиқишлари ва маданий дастурлар, ҳунармандларнинг савдо ярмаркалари, миллий либослар намойиши ҳамда галаконцерт бўлиб ўтди.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА
8 111