Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.07.2018 18:03 Чоп этиш версияси

Кашфиёт ва ихтиролар тараққиётга хизмат қилади

Навоий вилоятида истеъдодли ва ихтирочи ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг изланиши учун зарур шароит яратиш, ўзаро тажриба алмашиш ва турли инновацион ғояларни юзага чиқариш мақсадида ташкил этилган “Ёш олимлар” клуби фаолият бошлаганига кўп бўлгани йўқ. 
  
Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш маркази вилоят бўлими кўмагида ташкил этилган клубинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, зарур жиҳоз ва анжомлар, адабиётлар билан таъминлаш мақсадида 70 миллион сўм маблағ ажратилди. 

Мазкур клуб сардори Ҳумоюн Ҳайдаров Кармана туманидаги 21-умумтаълим мактаби ўқувчиси. Ҳали ёш бўлса-да, ҳавас қиларли ютуқларга эришган. Жорий йил январь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган “Ёш ихтирочилар – 2018” танловида “Энг яхши муҳандислик иши” номинацияси ғолиблигини қўлга киритди. Мазкур танловга у “Ақлли вентилятор” ва “Crane” деб номланган ихтироларини тақдим қилган эди. 

Кейинчалик вилоят миқёсида ташкил этилган инновацион ярмаркада қатнашиб, ўзи яратган “Мобиль музлатгич” ва “Мультиметр” қурилмалари учун вилоят ҳокимлигининг 10 миллион сўмлик грантига сазовор бўлди ва унга Хитой Халқ Республикасига йўлланма ҳам берилди. 

– Май ойида “Innoweek – 2018” ёш ихтирочиларнинг инновацион ҳафталигида жамоамиз билан қатнашдик, – дейди Ҳумоюн. – Унга тақдим этган “Ақлли уй” лойиҳамиз кўпчиликнинг диққатини тортди. Бундай уйда биргина телефон қурилмаси орқали барча техника воситаларини назорат қилиш мумкин. Масалан, агар уйда газ чиқаётган бўлса, бу ҳақда хонадон эгасининг мобиль алоқа воситасига хабар келади. Муаммо тезда бартараф этилмаса, 10 дақиқадан сўнг фавқулодда вазиятлар бошқармасига ҳам автоматик тарзда хабар жўнатилади. Бундай махсус қурилма ўрнатилган уй эшикларининг қулфини ҳам телефон орқали бошқариш мумкин. 
Бу лойиҳа ярмаркада юқори баҳоланиб, робототехника ва мехатроника йўналишида мутлақ, ғолиб деб топилди.

Яна бир ёш ихтирочи Бобур Туробов Кармана туманидаги “Гиёҳ” хусусий клиникасида ишлайди. У Навоий тиббиёт коллежида таҳсил олиб юрган кезларидаёқ ўз ғояси устида жиддий иш олиб борди. Бўлажак тиббиёт ходими поликлиникалардаги қоғозбозлик, ортиқча вақт ва маблағ сарфлашнинг олдини олиш мақсадида ўзига хос компьютерлаштирилган дастур яратиш устида бир неча йил изланди ва ниҳоят “Биоэлектрон лаборатория иловаси“ деб номланган мобиль дастурни ихтиро қилди.

– Бунинг қулайлиги шундаки, тиббиёт марказига мурожаат қилган бемор турли биологик таҳлилларни топширганидан сўнг, унинг натижасини билиши учун муассасага бориб юришига ҳожат қолмайди, – дейди Бобур. — Таҳлил натижалари компьютер дастурига киритилади ва беморнинг электрон тиббий маълумотномасида қайд этилади. Шунингдек, бу натижалар тўғридан-тўғри бемор ва унинг шифокори мобиль телефонидаги махсус андроид қурилмага ҳам жўнатилади. Мутахассис эса бу таҳлилларга қараб, тез фурсатда керакли муолажани белгилаши мумкин. 

Айни кунларда мазкур дастур бир нечта хусусий клиникаларда амалиётда муваффақиятли синаб кўрилди. Ёш ихтирочи келгусида ўз билим ва малакасини ошириб, илмий изланишларини давом эттиришни мақсад қилган. 

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
2 675