Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.04.2017 17:00 Чоп этиш версияси

Касб-ҳунар билан келажак сари

Касб-ҳунар билан келажак сари Андижонда шундай шиор остида ёшлар форуми бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси доирасида Андижон вилояти ҳокимлиги, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, халқ таълими бошқармалари ҳамкорлигида ташкил этилган форумда умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг битирувчилари, ота-оналар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ёшларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаши, истеъдод ва салоҳиятини намоён этиши учун кенг имкониятлар яратилаётгани алоҳида таъкидланди.

– Вилоятдаги 740 умумтаълим мактабида 430 минг, 129 академик лицей ва касб-ҳунар коллежида 128 минг 500 дан зиёд ўқувчи таълим-тарбия олмоқда, – дейди вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Фурқат Бузруков. – Жорий йилда 42 мингдан зиёд ўқувчи мактабни, 41 мингдан ортиқ йигит-қиз лицей ва коллежларни тамомлайди. Бугунги тадбир 9-синф ўқувчиларининг академик лицей ва коллежлардаги шароитлар билан танишиши, коллеж битирувчиларининг иш берувчилар билан бевосита мулоқот қилишига имконият яратди.

Айни пайтга қадар вилоятдаги касб-ҳунар коллежлари битирувчилари билан корхона ва ташкилотлар ўртасида амалиёт ўташ ва ишга жойлашиш бўйича тўрт томонлама шартномалар тузиш якунига етказилмоқда. Унга кўра, битирувчиларнинг аксарияти ўз мутахассислиги бўйича турли ташкилот ва корхоналарда амалиёт ўтаб, малака оширмоқда.

– Мен тўрт томонлама шартнома асосида “Агробанк”нинг вилоят филиалида амалиёт ўтаяпман, – дейди Андижон банк коллежи битирувчиси Жавоҳир Мамасолиев. – Малакали мутахассислар кўмагида соҳа ишини пухта ўрганишга ҳаракат қилаяпман. Коллежни тамомлаб, шу ерда ишда қолмоқчиман.

Тадбирда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимидаги таълим муассасаларининг имкониятлари, мавжуд мутахассисликлар, моддий-техник базаси, ўқиш, касб-ҳунар ўргатиш борасидаги шароитлари амалий кўргазмалар орқали намойиш этилди. Умумтаълим мактаблари битирувчиларига коллежлар фаолияти тўғрисида кенг маълумотлар берилди.

– Коллежимизда автомобилсозлик соҳаси учун тўрт ихтисослик бўйича мутахассис тайёрланади, – дейди Андижон машинасозлик касб-ҳунар коллежи директори Достон Ўринов. – Тадбирда умумтаълим мактаблари битирувчилари коллежимиз имкониятлари билан кўргазмали воситалар орқали танишди.

Форумда касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари мутахассисликни қай даражада эгаллаганини ўзлари тайёрлаган тикувчилик, қандолатчилик, саноат маҳсулотлари кўргазмалари орқали намойиш этди.

Форум доирасида ташкил этилган меҳнат ярмаркасида вилоятдаги 44 корхона ва ташкилот 185 бўш иш ўрни билан иштирок этди. Ярмаркада кўплаб битирувчилар ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлашиш учун йўлланма олди.

Тадбирда Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмонов сўзга чиқди.

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат), ЎзА
3 999






Все о погоде - Pogoda.uz