Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.09.2017 21:23 Чоп этиш версияси

Касаба уюшмалари – халқаро ҳамкорликни ривожлантириш йўлида

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясида Россия мустақил касаба уюшмалари федерацияси раиси Михаил Шмаков раҳбарлигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасидаги алоқалар барча соҳаларда изчил ривожланаётир. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил апрель ойида Россияга давлат ташрифи бу муносабатларни янги босқичга кўтарди.

Россия мустақил касаба уюшмалари федерацияси ташрифидан кўзланган асосий мақсад ижтимоий шериклик ва мулоқотни янада ривожлантириш, икки давлат касаба уюшмалари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янги истиқболларни белгилашдан иборатдир.

Учрашувда Ўзбекистонда аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтириш, инсон омилига устувор аҳамият қаратиш борасидаги саъй-ҳаракатларда жамоат ташкилотлари, жумладан, Касаба уюшмалари федерацияси фаол иштирок этаётгани таъкидланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари федерацияси ва Савдо-саноат палатаси ўртасида имзоланган Бош келишув, унинг асосидаги тармоқ, ҳудудий келишувлар, корхона ва ташкилотлардаги жамоа шартномалари орқали ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялашга жиддий эътибор қаратилмоқда.

– Одамлар манфаатини ифодалаш борасида Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган амалий ишлар Ўзбекистоннинг тараққиёт йўлидаги улкан ва муҳим қадамдир, – дейди Россия мустақил касаба уюшмалари федерацияси раиси М.Шмаков. – Айни мақсадлар касаба уюшмаларининг мақсад-муддаоларига ҳамоҳанг экани эътиборга молик. Мамлакатларимиз касаба уюшмалари ўртасидаги ҳамкорликнинг тобора кенгайиши ташрифимизнинг бой ва қизиқарли дастурида ўзининг яққол ифодасини топди.

Ташриф давомида делегация аъзолари мамлакатимизда турли соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари, юртимиз касаба уюшмалари фаолиятининг устувор йўналишлари билан атрофлича таништирилди. Келгусида ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш, янада ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама этилди. Тошкентда Россия мустақил касаба уюшмалари федерацияси қошидаги Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси филиалини ташкил этиш, Ўзбекистон касаба уюшма фаоллари учун мазкур Академияда ўқув курсларини йўлга қўйишга келишиб олинди. Икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларининг муҳимлигини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ва Россия мустақил касаба уюшмалари федерацияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди.

Меҳмонлар пойтахтимиздаги Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театри билан танишди.

Назокат Усмонова, ЎзА
3 167






Все о погоде - Pogoda.uz