ЎзА Ўзбек

26.03.2020 Чоп этиш версияси

Карантинга олинганлар учун шифохоналар қурилмоқда (+видео)

Карантинга олинганлар учун шифохоналар қурилмоқда (+видео)

Ўзбекистонга коронавирус оммавий кириб келиши ва кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида Республика махсус комиссияси тузилган эди. Жорий йил 19 март куни Президентимизнинг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳам қабул қилинди.

Унга мувофиқ, Молия вазирлиги ҳузурида 10 триллион сўм миқдоридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилди. Жамғарма маблағлари юқумли касалликларни аниқлаш, профилактика қилиш, даволаш ва бошқа муассасаларни қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, жиҳозлар билан таъминлашга сарфланади.

Коронавирусга қарши курашиш учун кўплаб давлатлар тез фурсатларда касалхоналар қурмоқда ва бу ўзини оқлади.

Маълумки, Президентимиз топшириғи билан ҳамюртларимиз коронавирус тарқалган давлатлардан олиб келинмоқда. Улар белгиланган муддатда карантинда сақланади. Бу ҳамюртларимиз карантин даврида махсус объектларда яшаши, агарда хавфли вирус аниқланган тақдирда даволаниши учун қулай ва барча шароитларга эга шифохонада бўлиши керак.

Шу мақсадда Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида карантин муассасасини бунёд этишга киришилди. Бу масканга хориждан чартер рейслари орқали олиб келинаётган ватандошларимиз жойлаштирилади.

Айни пайтда коммуникация тармоқлари – газ, сув, электр линиялари тортилмоқда. Тез орада муассасага хориждан келган ватандошларимиз жойлаштирилади.

Бу ерда фуқаролар учун барча шароитларни яратишга ҳозирлик кўрилмоқда. Муассаса контейнерлардан қурилмоқда. Контейнерларнинг том қисмида махсус изоляция материали ўрнатилган бўлиб, у контейнер ичида зарур микроиқлимни яратишга кўмак беради. Хоналарнинг ҳар бири ҳожатхона, душ, иссиқ ва совуқ сув, исиш, совутиш мосламалари ҳамда телевизор билан жиҳозланади. Ҳар бир фуқаро 27 турдаги шахсий гигиеник восита билан таъминланади.

Шунингдек, Зангиота туманида ҳам 10 минг ўринли махсус шифохона қад ростламоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, унинг лойиҳаси 3 кунда тайёр бўлган. У иккита блокдан иборат. Бинолар енгил конструкциялар асосида қурилмоқда.

Мақсад мамлакатда касаллик тарқалишининг олдини олиш, мавжуд вазиятга барҳам бериш. Бунинг учун имкониятлар етарли.

2 527
Хуршид Қодиров, Ёқуб Мелибоев (видео), ЎзА​