ЎзА Ўзбек

30.06.2020 Чоп этиш версияси

Карантинга олинган 14 ёшгача боласи бор фуқароларга нафақа пули тўланадими?

Карантинга олинган 14 ёшгача боласи бор фуқароларга нафақа пули тўланадими?

Мамлакатимизда карантин даврида иш берувчи ва ходимлар ўртасидаги меҳнат муносабатларига боғлиқ масалалар фуқароларимиз ўртасида кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Бундай шароитда ходимларга меҳнат таътили бериш, ҳомиладорлик ва бола парвариши билан боғлиқ таътиллардан сўнг ишга чиқиш қандай тартибда амалга оширилади каби саволлар туғилмоқда.

Тошкент шаҳар давлат меҳнат инспекцияси масъул ходими Қудрат ЖУМАБОЕВ бундай саволларга ойдинлик киритиш мақсадида қуйидагиларни гапириб берди.

– Меҳнат таътилларини беришда, аввало, ходимнинг меҳнат таътилига чиқиш тўғрисидаги аризасининг мавжудлиги муҳим аҳамиятга эга, – деди Қ.Жумабоев. – Сабаби карантин даврида айрим иш берувчилар томонидан ходимнинг розилигисиз иш ҳақи сақланмаган ҳолда меҳнат таътилига чиқариш ҳолатлари аниқланди. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 150-моддаси биринчи қисмига биноан, ходимнинг аризасига кўра, унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилиши мумкин, унинг давомийлиги ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади. Лекин у ўн икки ойлик давр мобайнида жами уч ойдан ортиқ бўлмаслиги керак.

Шунингдек, карантин даврида мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим муассасаларининг фаолияти тўхтатилганда Мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва умумтаълим муассасалари бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналарига йиллик меҳнат таътили беришнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, меҳнат таътили олти ой ишлагандан кейин берилишини инобатга олган ҳолда, биринчи йил ишлаётган ходимга ушбу таътил бериш қоидалари қўлланилмайди. Меҳнат таътили ходимнинг хоҳишига кўра, ташкилот томонидан тасдиқланган таътиллар жадвалидан қатъий назар, навбатдан ташқари берилади.

Аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 233-моддасида назарда тутилган тартибда туққунга қадар етмиш календарь кун ва туққанидан кейин эллик олти календарь кун (туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда — етмиш календарь кун) муддати билан таътил берилиб, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўланади. Болаларни парваришлаш таътиллари амалдаги Меҳнат кодексининг 234-моддасига мувофиқ, бола икки ва уч ёшга тўлгунга қадар берилиши белгиланган.

Президентимизнинг жорий йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, коронавирус инфекцияси билан зарарланиши ёки зарарланган деб гумон қилиниши муносабати билан карантинга жойлаштирилган ота-оналар (улар ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар), шунингдек, уларнинг 14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахсларга ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланади.

Хусусан, бир оиланинг 14 ёшга тўлмаган боласи бор. Оила бошлиғи короновирус инфекцияси билан зарарланишда гумон қилиниб карантинга олинди. Бундай ҳолда оила бошлиғи оилада ўзи ягона боқувчи ва тарбиячи эканлиги хисобга олиниб, ишхонасидан ўзининг ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида ўртача ойлик иш ҳақи тўланади.

Коронавирус инфекцияси билан зарарланган ёки карантинга жойлаштирилган, шунингдек, 14 ёшга тўлмаган боланинг ота-онаси бўлган ходимлар билан меҳнат шартномаларини ўзлари хоҳламасдан туриб бекор қилиш тақиқланади.

Ҳомиладорлик, туғиш ва болаларни парваришлаш таътилларидан ишга чиқишда аёллар устун ҳуқуққа эга. Айни вақтда уларнинг ишга чиқиши ёки масофавий, мослашувчан иш тартибига ўтказилиши розилигига кўра амалга оширилади.

ЎзА мухбири
Гулноза БОБОЕВА ёзиб олди.​