ЎзА Ўзбек

26.03.2020 Чоп этиш версияси

Карантинга амал қилмаслик ҳолатлари энг кўп қайси вилоятларда кузатилмоқда?

Карантинга амал қилмаслик ҳолатлари энг кўп қайси вилоятларда кузатилмоқда?

Айрим фуқаролар бугунги вазиятда мавжуд қонун-қоидаларга риоя қилиш ва шу орқали санитария-эпидемиологик вазият барқарорлигига ҳисса қўшиш ўрнига ўзи ва бошқаларнинг ҳаётини хавф остида қолдириб, эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузмоқда.

Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати берган хабарга кўра, ўтган 24 соат давомида карантин қоидаларига амал қилмаган жами – 980 та ҳолат аниқланган бўлиб, улардан: — Тошкент шаҳрида – 101 та.

Мисол учун, 25 март куни соат 12:00 ларда Тошкент вилояти, Зангиота тумани, Эшонгузар ҚФЙда яшовчи фуқаро Ж.Р. тиббий кузатув остига олинганлигига қарамасдан яшаш манзилидан чиқиб кетган. Фуқаро Миллий гвардия ходимлари томонидан ушланиб, унга нисбатан МЖтКнинг 54-моддаси асосида жарима қўлланган.

Тошкент вилоятида 103 та — мисол учун, 22 март куни соат 15:00 ларда Тошкент вилояти, Қуйичирчиқ тумани, Дўстобод шаҳар, Машраб маҳалласи, Баркамол авлод кўчасида карантинда сақланаётган фуқаро Т.Н. яшаш манзилидан ташқарига чиққанлиги аниқланиб, унга нисбатан МЖтКнинг 54-моддаси асосида жарима қўлланган.

Жиззах вилоятида 14 та — мисол учун, 24 март куни соат 10:00 ларда Бахмал тумани, Дўстлик МФЙ, Оломон қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаро И. А. умумий овқатланиш ва кўнгилочар жойлар фаолиятини вақтинчалик тўхтатиб туриш тўғрисида огоҳлантирилган бўлишига қарамасдан, Дўстлик маҳалласи ҳудудида жойлашган “Шашлик маркази” номли чойхонасини ишлатаётганлиги, ушбу чойхонада 6 нафар мижозларга хизмат кўрсатаётганлиги аниқланиб, унга нисбатан МЖтКнинг 54-моддаси асосида жарима қўлланган.

Бухоро вилоятида 52 та — мисол учун, 24 март куни соат 20:30 ларда Бухоро тумани, Чорбакр МФЙ, Чоқпич қишлоғида яшовчи фуқаро А.Ж. ҳудудий профилактика инспектори томонидан бир неча маротаба огоҳлантирилган бўлишига қарамасдан, ўзига тегишли бўлган Бухоро шаҳар, Ибн Сино кўчасидаги “Бек“ кафесида 3 нафар мижозга хизмат кўрсатаётганлиги аниқланиб, унга нисбатан МЖтКнинг 54-моддаси асосида жарима қўлланган);

Самарқанд вилоятида 328 та — мисол учун, 25 март куни соат 13:30 ларда Самарқанд вилояти, Каттақўрғон шаҳри “Оқолтин” маҳалласида яшовчи фуқаро Б.Р. А.Темур маҳалласи ҳудудида махсус ҳимоя ниқобисиз, жамоат жойда юрганлиги аниқланиб, унга нисбатан МЖтКнинг 54-моддаси асосида жарима қўлланган.

Қашқадарё вилоятида 11 та — мисол учун, 24 март куни соат 16:00 ларда Миришкор тумани, Гулистон МФЙда яшовчи фуқаро Т.Т. кунлик яшаш жойи бўйича 14 тиббий кузатувга олинганлигига қарамасдан, ўз яшаш жойидан чиқиб кетганлиги аниқланиб, унга нисбатан МЖтКнинг 54-моддаси асосида жарима қўлланган.

Сурхондарё вилоятида 22 та мисол учун, 25 март куни соат 16:30 ларда Сурхондарё вилояти, Қумқўрғон тумани, Сурхон соҳили маҳалласи, рақамсиз уй манзили бўйича карантинда сақланган 16 март куни Россиядан келган фуқаро Қ.Р. уй шароитида тиббий кузатувга олинганлигига қарамасдан, карантин қоидаларига риоя қилмасдан яшаш жойидан чиқиб кетганлиги аниқланиб, унга нисбатан МЖтКнинг 54-моддаси асосида жарима қўлланган.

Хоразм вилоятида 11 та — мисол учун, 21 март куни Россиядан келган, Урганч шаҳар, Алоқачи кўчасида яшовчи фуқаро Исаков Зокир уй шароитида тиббий кузатувга олинган бўлишига қарамасдан, 22 март куни ўзбошимчалик билан яшаш уйидан чиқиб кетганлиги аниқланиб, унга нисбатан МЖтКнинг 54-моддаси асосида жарима қўлланган.

Сирдарё вилоятида 19 та — мисол учун, 21 март куни соат 16:00 ларда Сирдарё вилояти, Боёвут тумани, А.Навоий маҳалласи, Боғобод кўчасида яшовчи, 15 март куни Россиядан йўловчи автомашинада келган З.Х. расман огоҳлантирилган бўлишига қарамасдан яшаш манзилидан ташқарига чиққанлиги аниқланиб, унга нисбатан МЖтКнинг 54-моддаси асосида жарима қўлланган.

Фарғона вилоятида 74 та — мисол учун, 23 март куни соат 11:00 ларда Фарғона вилояти, Ўзбекистон тумани, Катта Тагоб маҳалласи, Анорзор кўчасида яшовчи, ўз яшаш манзили бўйича карантинда сақланган, 21 март куни Қозоғистондан келган фуқаро Б.Т. уйига қариндошларини меҳмонга чақирганлиги аниқланиб, унга нисбатан МЖтКнинг 54-моддаси асосида жарима қўлланган.

Навоий вилоятида 10 та мисол учун, 25 март куни соат 12:00 ларда Навоий вилояти, Учқудуқ тумани, Навоий М.Ф.Й., Халқлар Дўстлиги кўчасида яшовчи фуқаро Б.О. расман огоҳлантирилган бўлишига қарамасдан ўзига тегишли бўлган Учқудуқ тумани буюм бозорида жойлашган ноозиқ-овқат дўконида фаолият олиб бораётганлиги аниқланиб, унга нисбатан МЖтКнинг 54-моддаси асосида жарима қўлланган.

Наманган вилоятида ю 61 та — 21 март куни Наманган вилояти, Тўрақўрғон тумани, Туркистон маҳалласи, рақамсиз уй манзили бўйича карантинда сақланган, 17 мартда Россиядан келган, фуқаро А.Ғ. яшаш манзилидан ташқарига чиққанлиги аниқланиб, унга нисбатан МЖтКнинг 54-моддаси асосида жарима қўлланган.

Шу билан бирга, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари томонидан мамлакатимиздаги ҳақиқий вазиятни сохталаштириб талқин қилаётган, аҳоли орасида ваҳима келтириб чиқаришга қаратилган уйдирмалар, шунингдек, асоссиз маълумотларни тарқатаётган аккаунтларни аниқлаш ва уларнинг эгаларига нисбатан қонунда белгиланган тартибда ҳуқуқий таъсир чораларини кўриш ишлари тизимли равишда амалга оширилмоқда.

Бугунги вазиятда ички ишлар органларининг бошқа вазирлик ва идоралар билан ҳамоҳангликда коронавирусга қарши кураш олиб бориб, карантин қоидалари ва санитария чекловларига қатъий риоя қилиш ҳамда юртдошларимизнинг саломатлигини асраш асосий вазифаси бўлиб қолмоқда.

Ҳар биримиз зиммамиздаги вазифаларга янада масъулият билан ёндашиб, санитария-гигиена талабларига қатъий риоя қилишимиз, энг бебаҳо неъмат бўлган сиҳат-саломатликни асраш ва ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни амалга оширишимиз шарт дейилади ИИВ хабарида.

16 132
Шуҳрат Неъматов, ЎзА