ЎзА Ўзбек

21.03.2020 Чоп этиш версияси

Карантиндан қочган шахсга жиноий иш қўзғатилди

Карантиндан қочган шахсга жиноий иш қўзғатилди

Хабарингиз бор, ҳозирги кунда турли хорижий давлатлардан Ўзбекистонга қайтарилаётан фуқаролар карантинга олинмоқда.

Карантин даври 14 кун бўлиб, шу вақтда карантинга олинган шахсларда коронавирус инфекцияси бор ёки йўқлиги аниқланади. Бу эса касалликнинг оммавий тарқалиб кетмаслиги учун жуда муҳим.

Аммо карантинда сақланаётган шахслар бунинг моҳиятини яхши тушунмаётгани сир эмас. Ҳатто карантин ҳудудидан қочиб кетиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Самарқанд вилоятида карантинда бўлган шахс — 1954 йилда туғилган фуқаро Топган. Э. белгиланган тартиб қоидаларга амал қилмай, қочиб кетган.

Тошкент вилояти Паркент тумани ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ўз уйида ушланган паркентлик бу шахс эҳтиёт чораси сифатида изоляцияга олинган.

Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизматидан маълум қилишларича, 19 март куни Россиянинг Самара шаҳридан Ўзбекистон Республикасига кириб келган поезд йўловчилари, эпидемик вазиятдан келиб чиқиб, ўрнатилган тартибда, Самарқанд вилоятида ташкил этилган карантин марказларига жойлаштирилган.

Ушланган шахсга Жиноят кодексининг 257(1)-моддаси (Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Натижаси бўйича батафсил маълумот берилади.

Эслатиб ўтамиз, эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун қонунда жиноий жавобгарлик белгиланган.

Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш, одамларнинг оммавий касалланишига олиб келса, 11 млн 150 минг сўмдан 22 млн 300 минг сўмгача миқдорда жарима солиш ёки 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша қилмиш одамнинг ўлимига сабаб бўлса, 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша қилмиш одамларнинг ўлимига сабаб бўлса, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

16 276
Муаттар Рўзибоева, ЎзА