ЎзА Ўзбек

15.04.2020 Чоп этиш версияси

Карантинда ҳар учинчи аёл жисмоний зўравонликка дучор бўлмоқда

Карантинда ҳар учинчи аёл жисмоний зўравонликка дучор бўлмоқда

ЗЎРАВОНЛИК МУАММОЛАРДАН ҚУТҚАРМАЙДИ

COVID-19 вирус номини эшитган инсон онгида ҳар хил туйғулар жумбушга келади. Кимдадир жаҳл, кимдадир тушунмовчилик, кимдадир умидсизлик яна кимдадир эса туганмас қўрқув.

Деярли барча мамлакатлар вирусни тезроқ бартараф этиш мақсадида карантин ёки ўз ўзини сақлаш чораларини кўрмоқда. Мақсад эса, ИНСОН ҲАЁТИНИ САҚЛАБ ҚОЛИШ! Лекин карантин айрим кишилар ҳаётига таҳдид қилаётган бўлса-чи? Унинг ортидан миллионлар умри хавф остида қолса-чи?

Карантин даврида аҳолидан иложи борича, уйдан чиқмаслик сўралмоқда, бу вақт ичида оиладаги кичик низолар, айримларда эса вирус баҳона ишсиз қолиш ҳолатлари ва ҳоказо муаммолар вужудга келмоқда.

Вақтдан унумли фойдаланиш ҳадисини олмаган, ички сабр-тоқат ва бардоши етмайдиган баъзи шахсларнинг тажовузкорлик “фазилатлари” кучайиб, оила аъзоларига жисмоний ва жинсий зўравонлик ҳаракатлари ортаётганини ҳам инкор қилиб бўлмайди.

Оқибат, кўпчиликнинг оиласида оддий зиддиятлар чинакам жанжалларга ёки айрим ҳолатларда калтаклаш ва оғир жароҳат етказиш, ҳатто ўлимгача олиб бормоқда.

Карантин даврида хонадонлардаги маиший инқироз борасида, биринчилардан бўлиб Хитой Халқ Республикаси маълум қилган эди. Март ойининг бошидаёқ, авваллари ижтимоий-маиший вазият барқарор деб қаралган Сичуан туманида 300дан ортиқ оила ажрашишга ариза берди. Хубэй музофоти Лицзянь туманида эса февраль ойининг бошида ёрдам сўраб тушган мурожаатлар сони 175 тага ўсган, ваҳоланки ўтган йили ушбу ойда атиги 47 тани ташкил қилган эди. Кўриниб турибдики, рақамлар 4 баробарга ошган.

Буюк Британияда расмий маълумотларга кўра, гарчи қиролликда умумий жиноятчилик 21 фоизга камайган бўлсада, уй зўравонликлари кутилмаганда 125 фоизга ортиб кетган.

Украинада февраль ойининг ўзида ишонч рақамларига 1700 та мурожаат бўлган. Францияда март ойида нозик жинс вакиллари ўзларига нисбатан қўпол ва жисмоний зўравонликлар борасида тегишли ташкилотларга 219 минг мартадан кўп мурожаат қилишган. Бу – 30 фоиз ўсиш дегани. Шундай синовли дамларда АҚШ, Ҳиндистон, Бразилия, Италия, Россия, Буюк Британияда ҳам аҳвол салбий томонга ўзгариб бормоқда

Австралияда карантин эълон қилинганидан ва кўпгина ташкилотларда ишлар тўхтатилганидан сўнг Google қидирув тизими ёрдамида киритилган сўровларнинг 75 фоизи жисмоний зўравонлик тўғрисида эканлиги қайд этилди. Google компаниясининг берган маълумотига қараганда, қидирув хизмати орқали охирги беш йил ичида энг кўп сўралган савол айнан уйдаги зўравонликлар ҳақида бўлган.

Араб-мусулмонлар мамлакатларида ҳам аҳвол кўнгилдагидек эмас, Тунисда тегишли ташкилотларга бу масала бўйича март ойида келиб тушган мурожаатлар ўтган йилга нисбатан 5 маротаба ошган.

Туркияда пандемия бошлангандан буён карантин вақтида 18 та аёл ўзларининг зўравон “яқинлари” қўлларида жон бергани айниқса кишини уйлантириб қўяди. Сўнгги ойда карантин даврида зўравон яқинлари билан бирга қолишдан қўрқиб бошпана сўраётганлар улуши 2 маротаба ошган. Бироқ, бундай ишончли бошпана бериш учун мижозлар коронавирусга тест топшириб, касаллик аниқланмаган бўлиши лозим.

Ливан ички хавфсизлик кучлари маълумотига кўра, карантин вақтида мамлакатда маиший зўравонлик оилаларда 10 фоизга ўсган ва зўравонлик қурбонлари одатдагидек асосан аёллар ва қизлар бўлиб қолмоқда.

Африканинг жануби ва шимоли-ғарбида 65 фоиз аёллар ва қизлар ўз яқинлари томонидан жисмоний зўравонликларга йўлиқмоқда.

Қозоғистон ва Қирғизистон Республикаси аҳолисини ҳам бу муаммолар четлаб ўтгани йўқ. Ишонч телефонлари орқали келиб тушаётган мурожаатлар кун сайин ошиб бормоқда. Қозоғистоннинг ўзида март ойида ишонч телефонларига 16 310 та қўнғироқ бўлган. Бу ерда фаолияти йўлга қўйилган “инқироз маркази” маълумотларига кўра, мурожаатчиларга ҳозирча фақатгина психологик ёрдам кўрсатилмоқда. Сабаби, уйдан карантин шароитида қочиб чиққан аёллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар томонидан ортга қайтарилмоқда.

Қирғизистонда бу муаммонинг кўтарилишига асосий сабаб қилиб, кўпчилик эркакларнинг пандемия туфайли иш жойларини йўқотгани ва ичкиликка ружу қўйиб, бор аламларию ички зўриқишларини оила аъзоларидан олаётгани кўрсатилмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотига кўра, бугун дунё бўйлаб, ҳар учинчи аёл жисмоний ва жинсий зўравонликка дучор бўлмоқда.

“Айни вақтда пандемия туфайли иқтисодий ва ижтимоий стрессларнинг уйғунлашуви ва ундан ҳам ёмони инсонлар ҳаракатига қўйилган қатор чекловлар, деярли бутун дунёда аёллар ва қиз болаларга нисбатан зўравонликларнинг жуда тез ўсишига олиб келди”, дейилади БМТ ҳисоботида.

Минг афсуски, жисмоний зўравонликлар фақатгина аёлларга нисбатан бўлаётгани йўқ.

Россияда бундай жиноятлар асосан катта ёшдаги фуқароларга нисбатан ҳам учрамоқда. Ишонч рақамларига кекса аёллар ва ҳатто эркаклар қўнғироқ қилиб, ўз яқинлари, фарзандлари томонидан калтакланаётгани, ғайри одатий қўполликларга учраётгани боис ёрдам сўраб маълумот қолдиришмоқда.

Аслида CNNда келтирилган илмий тадқиқотларда, 2008 йилдаги иқтисодий инқироз, табиий офатлар ва ҳатто катта футбол турнирлари бўлган вақтларда карантин давридагидек уй зўравонлиги кўпайиб кетган.

Шу ўринда, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус туфайли қўлланилаётган чекловлар инсон психологиясига салбий таъсир кўрсатиши тўғрисида ва шу сабаб уй шароитида бўла туриб, бу каби ҳолатлардан ўз ўзини сақлаш учун баъзи тавсияларни бермоқда.

Уй шароитида кўпроқ жисмоний фаол бўлинг. Бу Сизга тинч ҳолатда ўз соғлигингиз борасида қайғуришга, салбий энергияни йўқотишга ёрдам беради. Бир жойда ўтириб қолмаслик учун ҳар 30 дақиқада туриб машқ қилинг, чуқур нафас олинг, тўғри овқатланинг, уй ишлари ва фарзандларингиз билан шуғулланинг. Турмуш ўртоғингизга меҳрибон ва сабр-тоқатли бўлинг. Аёллар ҳам бир гапдан қолиши, эрининг топшириқ ва кўрсатмаларига вазминлик ва оқиллик билан ёндашиши тавсия қилинади.

Малайзия ҳукуматининг бу борадаги ишлари эътиборга лойиқ. Улар аёлларга кўпроқ уй ишлари ва фарзандлари билан шуғулланишни, кўчага чиқмасалар ҳам чиройли кийиниб, ўзларига оро беришларини ва энг асосийси, қанча қийин бўлмасин зўравонлик қилган инсонга, иложи борича гап қайтармаслик ва вазминлик билан ёндашишга чақирган. Шунингдек, Малайзия аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи гуруҳлар ҳам карантин оила учун ниҳоятда оғир давр эканлигини, бу вақтда зўравонларнинг қурбони бўлган шахслар ўзини ҳимоя қилиши учун қочишга ҳам имкони бўлмаслигини тан олишган.

Маиший зўравонлик бўйича Ўзбекистонда ҳам бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Бу борада, Олий Мажлис томонидан карантин даврида уй зўравонлиги бўйича ишонч рақамлари ишга тушгани тўғрисида хабар берилди. Ишонч рақамлари Ўзбекистон Республикаси гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссияси, БМТнинг аҳолишунослик фонди (ЮНФПА) ва фуқаролар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази билан биргаликда ишга туширилди. Бу хизмат 3 ой давомида ҳар куни фаолият кўрсатади ва оиладаги қонунбузарликлар бўйича юрист ва психологлар томонидан текин ва малакали маслаҳатлар беради.

Мамлакатимизда охирги берилган маълумотларга кўра, 40 фоиз аёллар ўз эрлари томонидан жисмоний зўравонликка учраса, қолган 60 фоиз зуғум ҳолати эрнинг қариндошлари ва қайноналар томонидан ўтказилар экан.

2019 йил сентябрь ойида “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни имзоланган бўлиб, ушбу қонун доирасида республикамизда айни вақтда бу йўналиш бўйича халқаро тажрибалар ўрганилмоқда ва юртимизда 197 та реабилитация марказлари ўз фаолиятини олиб бормоқда. Ўтган йилги маълумотларга кўра бу марказга 22 383 та аёл мурожаат қилган ва уларнинг 7 423сига психологик ёрдам кўрсатилган.

Албатта, давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ишлар эътиборга молик. Аммо ушбу ғоятда синовли кунларда, ҳар биримиз оилавий муносабатларда масъулиятни зиммамизга олиб, бир-биримизга янада оқибатлироқ, меҳр-муҳаббатли ва тоқатли бўлишга ҳаракат қилайлик.

Рамазон ойи яқинлашаётган ушбу саодатли ва барокатли кунларда оғир аҳволда қолган муҳтож қариндош-уруғларимиз ва яқинларимизнинг рўзғорига ёрдам кўрсатайлик, телефон орқали бўлса ҳам холини сўраб, кўнглини кўтарайлик. Уй юмушлари билан жиддий шуғулланиб, фарзандларимиз таълим-тарбияси билан биргаликда олиб бораётган масофавий иш фаолиятимизни кучайтирайлик

Бу синовлар ҳаммаси вақтинча ўзингиз ва оилангизни асранг!

Гулрухсор РАВШАНОВА,
халқаро шарҳловчи

12 012
ЎзА