ЎзА Ўзбек

12.07.2020 Чоп этиш версияси

КАРАНТИН ВА ИНСОН: калтабинлар, худбинлар ва некбинлар ҳақида “тожсиз” мулоҳазалар

КАРАНТИН ВА ИНСОН: калтабинлар, худбинлар ва некбинлар ҳақида “тожсиз” мулоҳазалар

Бугун Вангалар, Нострадамуслар гўё ҳар қадамимизда, ҳатто кўчамизнинг бошида турадиган пистачи Ойша холаям коронавирусу дунёнинг кейинги тақдиридан башорат қилаяпти...

“Э, ол-е “маска”нгни, қирқ йил қирон келсаям, ажали етган ўлади!”. Бу каби таънаю дашномларни сиз ҳам эшитан бўлсангиз ажабмас. Мен эса ҳозир атрофимдаги айримлар наздида “олифта”ман. “Одамови”ман. “Одамгарчиликдан ташқарида”ман. “Ҳамма ваҳима менга келган”. Эргаш Каримов миниатюрасида айтганидай: “Баломан... баттарман...”.

Чунки бугун мен атрофимдагиларни, ҳатто яқинларимни жуда кўп хафа қилаяпман. Чунки неча ойки, таъзим билан узатилган қўшқўлларга қўл узатмаяпман, улар “узр-маъзур”ларим ҳавосида муаллақ қолиб кетаяпти. Ҳатто янгидан урф бўлган “саломлашиш” – муштни муштга ёхуд тирсакни тирсакка тегизиб қўйишдан ҳам қочаяпман. Чунки янги карантингача яқинларимнинг “ҳурмат билан” айтган номига “ўттиз кишилик”, аслида “ўттиз-ўттиз-ўттиз..” бўпқолган тўй-ҳашамларига боролмадим. Маъракаю ошларда ҳам деярли кўринолмадим. Чунки мен кўча-кўйда, йўлдаю чўлда, таксидаю бозорда, ишдаю маҳаллада... ҳаддим сиққангаю сиғмаганга, танишу нотанишга, жилмайгану ўқрайганга карантин қоидаларини уқтиришдан чарчамаяпман, ҳеч бўлмаса, “маска” иякни асраш учун чиқарилмаганлигини захарханда қилиб бўлса ҳам айтиб, кўзларига “шумшук” кўринавераяпман.

Ҳатто соғинсам-да, онамни ва жигарларимни йўқлашдан ўзимни тийиб турибман...

***

Яқинда узоқ туманда яшайдиган танишим қўнғироқ қилди. Ўн йиллардан бери жим бўлиб кетувди. Овозини эшитиб, йўқлаганидан энди хурсанд бўлаётгандим... Салом- аликдан сўнг танишим мақсадга ўтиб қўя қолди.

– Оилам билан шаҳардаги хусусий клиникага қатнаб даволанаётгандик. Бир ҳафта сенинг уйингда яшаб турсак бўладими?

Анча вақт тараддудланиб туриб қолдим. Сўнг...

Бошқа пайт бўлганида узоқ жойдан келган меҳмонни “жонимга жойламасмидим”?

Унга ҳозир зарил бўлмаса, даволаниш мавриди эмаслигини, тезда уйига қайтиб кетиши зарурлигини тушунтиргунимча эсим кетди. Барибир уддалай олмадим. Танишим хафа бўлди шекилли, боягина анчайин меҳрли эшитилган овоз “хайр-маъзур”ни насия этиб, телефонимдан “тут-тут-тут”лаган қисқа товушлар чиқа бошлади.

Ўшанда у вилоятимизнинг “қизил” деб тоифаланган туманидан вилоят марказига оиласи билан келган эди, дарди ҳам “ёниб” кетадиган касаллик эмас экан...

***

Бу воқеа эса пандемия юртимизга кириб келган дастлабки ҳафтада бўлганди.

Ўша куни ишхонамизда ташкил этилган махсус штабда ўтиргандим. Телефон жиринглади. Олдим. Қўнғироқ қилувчи аёл ўзини Косон туманиданман деб айтиб, анчайин истиҳола билан тараддудланиб қолди. Унинг товушида қандайдир тортиниш ва хижолатпазлик зоҳир эди.

– Тортинмай гапираверинг, опажон, – дедим унга далда бериб.

– Билмадим, тўғри қилаяпманми, йўқми... – деди суҳбатдошим чайналиб. – Ўзимни ўзим ёмон кўриб кетаяпман...

– Нима гап, тинчликми? – дедим қизиқишим ортиб.

– Қўшним... Бизнесмен... Четга қатнаб савдо қилади... Кеча Қозоғистондан келди, – деди аёл қимтиниб. – Бемалол кўчада юрибди. Меникига ҳам кириб келаяпти... Тўғриси, ёш болаларим бор, хавотирланаяпман...

Тўғри. Бизда “Қўшничилик – минг йилчилик” деган гап бор. Бироқ шу гапни айтган халқимиз “Қўшнинг тинч – сен тинч” ҳам деб қўйган... Сиз истиҳола қилсангизу, андишанинг отини қўрқоқ қилганлар хонадонингиз ҳаловатини хавф остига қўйса, нима қиласиз? Бугун ҳар бир киши ўз қўрғони – оиласи, бола-чақаси, кекса ота-онасининг саломатлиги ва осойишталиги учун ўзи масъул эканлигини, бу бурч бошқа ҳар қандай масъулиятлардан устун эканини англаши зарур эмасми?

Шулар ҳақида ўйладиму суҳбатдошимни саволга тутдим:

– Қўшнингизнинг исм-фамилиясини, манзилини айтинг…

***

Синовли кунлар номига муносиб тарзда ҳамма учун ҳам синов бўляпти. Ниқоб остидаги асл қиёфаларни ҳам ошкор қилиб қўймоқда.

Тан олинг, “Фалончи касал бўлибди”, деса, ундан тугул, унинг боласию амма холасидан ҳам ўзимизни минг чақирим нарига тортаётганимиз рост. Тўғри, жисман ўзимизни салгина нари олишимиз – бу карантин талаби. Бироқ бемор одамнинг руҳиятини бир тасаввур қилинг... Шифокорларимиз кўмаги ўз йўлига. У ва унинг яқинлари ўз ташвишлари гирдобида қолиб кетмаяптиларми? Тушкунлик, ваҳима, умидсизлик... ва шунча алам камлик қиладигандай энг ёмони атрофдагилар олдида (кўпинча айбсиз) айбдорлик ҳисси...

Кўриб, эшитиб турибсиз. Бугун тождор бало юққанлар сони юртимизда ўн икки мингдан ошди. Ўлим сони эса элликдан нарига ҳатлади. Бу оддийгина ва қуруққина статистика эмас. Ҳар бир рақам ортида бир эмас, ўнлаб инсонларнинг тақдири, дарди, алами, фарёди бор.

Тавба! Ижтимоий тармоқларда шаҳримиз ё туманимиздан фалонта одам касалланибди, деган хабарни эшитсак, дарҳол уларнинг кимлигига қизиқамиз. Бу борада бирон тахмин эшитсак, сўраб-суриштириб ўтирмасдан “дунё топган кал”дек дарҳол бошқаларга улашишга шошиламиз. Тўхта, барака топкур, ўша инсон ҳам ўз ёғига ўзи қовурилиб ётибди, уям сену мендай Инсон, униям бола-чақаси, қуда-андаси, ҳаётдан кутган орзу-умиди бор, айби билиб-билмай шу балога гирифтор бўлгани холос, дейдиган одам йўқ. Беморлар, айниқса юқумли касалликка чалинганлар билан боғлиқ шахсий маълумотларни тарқатганлик учун қонунчиликда қатъий жавобгарлик белгиланганини ҳам унутиб қўямиз.

Гўё COVID биз учун эмас, унинг бизга ҳеч қандай дахли йўқ. Биз авлиёмизми, роботмизми, ўқ ҳам ўтмас, сеҳрли совут кийган баҳодирмизми, бу бало сира бизга хуруж қила олмайди. Бироқ бундай эмаслигини барчамиз кўриб турибмиз. Кечагина ижтимоий тармоқларда дунё давлатларида таниқли бўлган инсонлар бу дардга чалингани, бу касаллик шоҳу гадо танламаётгани ҳақида ўқиётган бўлсак, бугун бу хасталик ёнгинамиздаги танишларимиз, дўстларимиз, яқинларимизни йиқитмоқда. Ҳа, хавф аслида ҳар қадамимизда! Бир сапёр сингари нозик ҳаракат билан ўзимизни асрамас эканмиз, худо кўрсатмасину, момо-боболаримиз айтмишларидек, нафасимизни ел учирсину, ўзимизни ҳам ССВнинг жимжимадор “панжарали” жадвалидаги рақамлар ичида кўришимиз ҳеч гап эмас.

Бироқ минг афсуски, беморлар орасида ҳам кўра-била туриб ўзини ўтга урганлар ҳам йўқ эмас. Бундайлар биргина ўзини эмас, бошқа ўнлаб кишиларнинг ҳам ҳам ҳаётини хавф остида қолдираётгани ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди. Чунончи, эпидемиологик суриштирув пайтида шифокорларни чалғитиб, яқиндагина юртимиздаги вирус ўчоғида ёхуд хорижда бўлиб қайтганини яшираётганлар, бунинг оқибатида нафақат ўзини, балки оиласини, яқинларини, қўни-қўшниларини, маҳалладошлари карантинга олинишига сабаб бўлиб, ташвиш гирдобида қолишига сабабчи бўлаётганларга ҳам гувоҳмиз. Бундайлардан бири яқинда бутун бошли шифохонанинг бегуноҳ ходимию беморигача овораю сарсон этганига қандай баҳо берасиз?!

Виждонига ҳавола дейсиз-да?!

***

Бевосита беморларга қараётган шифокорлардан бири билан суҳбатлашмоқчи бўлдиму... Ундан икки оғиз ҳам “пичоққа илашадиган” гап ололмасдан хуноб бўлдим.

Ҳа, мен ўзимча, “давримизнинг қаҳрамонлари” қиёфасини яратмоқчи эдим. Бироқ... Ҳаёт деганлари мен ва айрим ҳамкасбларим ўйлагани сингари “барабан”лардан иборат эмас экан...

– Қўйинг, ёзишингиз шартмас, – деди суҳбатдошим сўзимни кесиб. – Мен ўзимнинг ишимни қилаяпман...

Ҳа, у ўз ишини қилаяпти. Бурчини бажараяпти. Шоиримиз айтганидай : “Бизлар ишлаяпмиз, бу – меҳнат холос...” Бунинг учун сизу биз ўйлагандай фалон миллион ҳам олар... Бироқ бу рағбатлар уйида унга ойлаб интизор бўлган боласининг, онасининг, синглисининг бир томчи ёшига арзимаслигини ўзингиз ҳам яхши биласиз!

Бундан бир оз муддат аввал ижтимоий тармоқларда коронавирусга чалинган беморларга қараган пойтахтлик бир ҳамширанинг сурати тарқалганди. Ниқоблардан яра бўлган чеҳра, ҳорғин нигоҳлар... Юрагимни ўртаб юборди. Кўнглимдан ўтгани қоғозга тушди:

Пардозхоналарда бир тўп ойимча,
Ғийбатдан бўшамай турган бир дамда
Етти ёт кимсага қарар куюнчак,
Минг парвона бўлиб, берар минг далда.

Ўн тўрт кун карантин. Ўн тўрт минг ташвиш...
Уйда юлдузлари кутар ҳойнаҳой.
Ногоҳ якун топар машаққатли иш,
Ногоҳ балқиб чиқар ўн тўрт кунлик Ой...

Камдир минг букилиб, айтсак тасанно
Фаришталар ичра сараларига.
Қизғанма, бор шаҳринг бахш этгин, Дунё,
Ниқобдан қолган хол – яраларига...

***

Радиода ҳофиз куйлаяпти: “Кўзда ёшдек қалқиб турибди олам... Омонат дунёда омон бўлайлик...”

Ҳа, қалқиб турган бу очунда ҳаммамиз ҳам соғиндик! Эмин-эркин юрган кунларимизни, тўйларни, тантаналарни, яқинларимиз дийдорини, ҳатто кечагина тортишиб юрган ҳамкасбларимизни, тўлиб-тошиб бозор айланишни, болаларимизни сўлим боғларда айлантиришни, тоғлар қўйнига, гўзал шаҳарларга сайру саёҳатни, ҳаловатимизни, ҳузуримизни, осойишимизни соғиндик жуда.

Биламизки, буларнинг қайтиши учун фронтдаги каби кўксимизни ўққа тутишга ҳожат йўқ. Бунинг йўли Американи кашф этиш эмас. Барчамизга беш бармоқдай аён ҳақиқат бу. Керак бўлса, атрофимиздагиларга ёмон кўриниб бўлса-да, оддийгина қоидаларга амал қилишимиз, бошқалардан ҳам шуни қатъий талаб қилишимиз зарур.

“Дунё даричаси”да ёзишларича, Германияда бу машъум касалликнинг кам тарқалганига сабаб кўпчилик оилада бирга яшамаслигида экан. Ғалати парадокс.

Бизда эса оила қадриятлари жуда муқаддас. Биз муаммоларни бирга, ҳамжиҳатликда енгишга ўрганганмиз.

Ўйланиб қолдим. Бугун юқорида қайд этганим сингари карантин сабаб саломлашишдан тортиб, тўйбозлигимизгача, беморлар ва кексаларни йўқлашдан тортиб, оилапарварлигимизгача... барчаси билан боғлиқ удумларимиздан салгина чекинишга мажбур бўлаётганимиз рост.

Бироқ...

Аччиқ ҳақиқат бўлса ҳам эътироф этишим керак – айни карантин кунларида мен атрофимда уч тоифа инсонларни кўраяпман.

Булар – КАЛТАБИНЛАР, ХУДБИНЛАР ВА НЕКБИНЛАР.

Юқорида уларнинг ҳар бири ҳақида алоҳида сўз юритдик. Нима бўлганда ҳам бир азалий ҳақиқат бор – ҳар доимгидай бугун ҳам дунёни некбинлик қутқаради. Умид халос этади. Меҳр нажотга етказади.

Бир мўъжиза эсингиздами – вилоятимизда илк маротаба шу хасталик гирдобида қолган чироқчилик оиланинг бекасини, дард чеккан тўрт боласию эрининг бошида парвона бўлган жафокаш аёлни бу офат четлаб ўтган эди. Сизнингча, бу мўъжизанинг сири нима?

Ўша некбинлик, ўша умид, ўша меҳр, оқибат ва оилага садоқат эмасми?

Аслида мана шуни йўқотиб қўйсак... энг даҳшатли пандемия бўлади!

Қолгани эса... қошу кўзингиздан садақа, шуларнинг ёнидан ўтаверсин!

Нуриддин ЭГАМОВ,

Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати раҳбари.



4 268
ЎзА