ЎзА Ўзбек

02.04.2020 Чоп этиш версияси

Карантин ҳудудлари телекоммуникация воситалари билан қай даражада таъминланган?

Карантин ҳудудлари телекоммуникация воситалари билан қай даражада таъминланган?

Ўзбекистонда коронавирус (COVID-19) эпидемияси бўйича эълон қилинган карантин режими вақтида фуқароларимиз, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан ахборот технологиялари соҳаси бўйича бир қатор саволлар ва мурожаатлар келиб тушмоқда.

Ана шу саволларга Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот котиби Шерзод Аҳматов жавоб берди.

- 24 мартдан бошлаб фуқаролар томонидан Интернет ва телефон алоқаси учун тўловларни ўз вақтида амалга оширмаганлик учун 2 ой давомида ўчирилишига йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Мазкур қарорга кўра, лицензия асосида фаолият юритаётган телекоммуникация операторлари ва провайдерлари, икки ой давомида симли телефон алоқаси (халқаро телефон сўзлашувлардан ва мобил алоқасидан ташқари) ҳамда Интернет жаҳон ахборот тармоғига симли ва симсиз уланиш хизматлари учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаган ҳолларда абонентлар тармоқдан ўчирилмаслиги таъминланади.

ФуқароларимизниИнтернет ва симли телефон алоқасидан фойдаланишда яратилган қўшимча қулайликлар тўғрисидаги маълумотлар билан расмий веб-саҳифаларда,оммавий SMS ларни юбориш ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали хабардор этиб борамиз.

Республикамизда коронавирус (COVID-19) бўйича карантин режими эълон қилинган вақтдан бошлаб барча телекоммуникация операторлари умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари уйдан бемалол фанларни ўзлаштириш учун таълим манбаларининг веб-сайтларга бепул киришни таъминлаб берди:.

Фуқароларимизни охирги янгиликлардан хабардор қилиш мақсадида телекоммуникация операторлари абонентларига энг кўп ўқийдиган оммавий ахборот воситаларининг манбаларидан бепул фойдаланиш имкони тақдим этилди.

Ўзбекистонда коронавирус масаласида ишончли маълумотга эга бўлиш учун 16 мартдан Тошкентда фуқароларимиздан коронавирус инфекцияси юзасидан туғилган саволларига ўз вақтида жавоб олиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги Сall-марказининг қисқа“1003” ягона рақами 24 соат давомида ишлаб турибди. Фуқаролар томонидан амалга ошириладиган қўнғироқлар барча телекоммуникация операторлари ва провайдерлари томонидан республикамизда бепул амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, карантин режими вақтида барча телекоммуникация операторлари ва провайдерлари томонидан республикамизда ўз абонентларига қулайлик яратиш мақсадида янги тарифларни ва янги хизматларни жорий қилди. Масалан, “Oʻzbektelekom”компанияси интернет-тўловларни амалга оширишда янги ва қулай тизимни жорий этди.

Uztelecom milliy operatorida юртимиз аҳолиси учун қулайликлар яратиш мақсадида, GSM стандарти тармоғи абонентлари учун 2020 йил 1 апрелдан оддий 10 тариф режасига БEПУЛ УЛАНИШНИ таклиф қилган ҳолда, махсус “БАҲОРИЙ ТАКЛИФ” АКЦИЯсини тақдим этди.

Эндиликда ОДДИЙ 10 тарифига 2020 йилнинг 1 апрелидан 30 июнига қадар уланганда, Сиздан 10 000 сўм миқдоридаги уланиш тўлови талаб этилмайди. Uztelecom milliy operatoriнинг оддий ва фойдали тарифига уланиш ўз яқинларингиз билан доимо мулоқотда бўлишни кафолатлайди. Акция Ўзбекистон Республикасида амал қилади.

Шундан келиб чиқиб, барча телекоммуникация операторлари ва провайдерлари асосий вазифасини бажариши, яъни жамиятда коммуникация жараёнларини таъминлаши билан бирга, аҳолига ҳозирги вазиятда қулай шароит яратиш учун қатор ишларни амалга оширмоқда.

– Kронавирус инфекциясига қарши кураш фонида кўплаб юртдошларимиз ва қатор жамоат ташкилотлари шахсий ташаббус кўрсатиб, турли хайрия акцияларини уюштирмоқда. Эҳтиёжманд оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа ёрдамга муҳтож қатламига муайян турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бермоқда. Шу мақсадни амалга ошириш учун ягона қисқа телефон рақамини ташкил этса бўладими?

– Бугун жаҳон ҳамжамияти учун жиддий муаммога айланган коронавирус (COVID-19) пандемиясига қарши мамлакатимизда қатъий чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Хабарингиз бор, 2020 йил 1 апрелдан Республика махсус комиссиясининг қарори билан якка тартибдаги хайрия акцияларини жорий йилнинг 1 апрелидан эътиборан вақтинча тўхтатиш мақсадга мувофиқлиги белгиланиб, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги қошида Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази ташкил қилинди.Марказда тадбиркорлар кўнгиллилар ҳамда волонтёрларни шунингдек ёши улуғ ночор ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларнинг мурожаатларини қабул қилишни ташкил этиш ушбу марказларга тезликда ва қулай боғланишлари учун Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан “1197” қисқа рақами ташкил этилди.

Аҳоли томонидан барча телефон алоқалари орқали мазкур рақамга мурожаат қилишлари ва керакли маълумотларни олишлари мумкин.

– Карантин режими вақтида Почта орқали маҳаллий пул ўтказмалари хизмати ишламоқдами? Қандай тартибда ишламоқда бу бўйича аҳолига қандай имкониятлар яратилмоқда ?

– Бир муҳим жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчиман. Почта хизмати стратегик аҳамиятга эга деб бемалол айтиш мумкин. Чунки, ҳар қандай ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, эпидемиологик вазиятларда ҳам почта хизматига бўлган талаб ва таклиф ҳеч қачон тўхтаб қолмаган, аксинча, доимий равишда ўсиб боради.

Шундан келиб чиқиб айтишимиз керакки, Почта орқали маҳаллий пул ўтказмалари хизмати ишламоқда. Ишлаш билан бир қаторда,Карантин вақтида Почта алоқаси орқали маҳаллий Пул ўтказмалари тарифлари 50% гача арзонлаштирилди.

“Ўзбекистон почтаси“ акциядорлик жамияти юртимиз аҳолиси учун қулайликлар яратиш мақсадида, 2020 йил 30 апрелгача махсус акциялар эълон қилиб шу асосда ишларни ташкил қилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиманки, “Ўзбекистон почтаси“ акциядорлик жамиятнинг Республикамизнинг барча ҳудудларидаги автоматлаштирилган почта алоқаси объектлари орқали яқин инсонларингизга тез ва осон тарзда электрон пул ўтказмаларини юборишингиз мумкин. Пул ўтказмалари тарифлари 50% гача арзонлаштирилди.

Айтиб ўтишим керакки, “Ўзбекистон почтаси” АЖ бошқа давлатлардан барча турдаги почта жўнатмаларини санитария-эпидемиологик жиҳатдан уларни хавфсизлигини таъминлаш бўйича барча зарур чораларни кўрган ҳолда қабул қилмоқда ва юбормоқда.

– “Онлайн-мактаб” телевизион онлайн-дарслари эфирга берила бошланди. Бу канал республикамизнинг барча ҳудудлари қамраб олинганми? Бухоро вилоятида муаммолар борлиги бўйича ота-оналар томонидан мурожаатлар келиб тушмоқда!Шунга аниқлик киритиб беришингизни сўраймиз!

– Барчамизга маълумки, 2020 йил 30 март куни 8.30 дан “Онлайн-мактаб” телевизион онлайн-дарслари эфирга берила бошланди.

Бунда “Uzdigital TV”, Кабель телевидение, IP телевидение, Интернет тармоқлари мавжуд ҳудудлардаги аҳоли ҳамда сигнални ер сунъий йўлдоши орқали қабул қилувчи кам қувватли телеузаткичлар ўрнатилган узоқ ва бориш қийин аҳоли пунктларидага аҳоли мазкур телеканалларни кўриш имкониятига эга бўлди.

Мазкур видеодарслар қуйидаги телеканаллар орқали эфирга узатилмоқда.

• “Uzdigital TV” абонентлари учун: National Geographic (1-4 синф ўқувчилари учун), Eurosport (5-8 синф ўқувчилари учун), Охота и Рыбалка(9-11 синф ўқувчилари учун) телеканаллари ўрнига;

• Кабел телевидение ҳамда IP -телевидение абонентлари учун: National Geographic (1-4 синф ўқувчилари учун), Кабел телевидение ТВЦ ва IP -телевидение Travel (5-8 синф ўқувчилари учун), Fashion TV(9-11 синф ўқувчилари учун) телеканаллари ўрнига узатилмоқда;

• Узоқ ва бориш қийин аҳоли пунктларида яшовчи абонентлари учун — очиқ режимда бепул асосда тарқатилаётган 3 та қўшимча телевизион каналлар орқали.

2020 йил 30 март куни “Онлайн-мактаб” телевизион онлайн-дарслари эфирга берила бошлаган биринчи кунида Республикамизнинг аҳоли кам яшайдиган айрим ҳудудларида “Uzdigital TV”, кабель телевидение, IP телевидение, Интернет тармоқлари қамрови мавжуд бўлмаган ҳудудлардаги аҳоли пунктида мазкур телеканалларни кўришда муаммолар юзага келгани кузатилди. Ушбу муаммолар шу куни тезликда бартараф этилди.

Сиз, “Онлайн-мактаб” телевизион онлайн-дарслари узатилиши билан боғлиқ муаммоларга дуч келсангиз,Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги қисқа “1199” рақамига қўнғироқ қилишингиз мумкин.Барча мурожаатлар белгиланган тартибда қисқа вақт ичида кўриб чиқилади ва муаммолар ҳал қилинади.

– Барча оператор ва провайдерлар томонидан телекоммуникация хизматларини сифатли ва узлуксиз тақдим этилиши бўйича нима ишлар амалга оширилмоқда?

– Бугунги кунда оператор ва провайдерларнинг мурожаатларни қабул қилувчи колл-центрларда жами 650 дан ортиқ ходимлар фаолият юритмоқда, техник хизмат кўрсатиш бригадаларида 1000 дан ортиқ малакали мутахассислар ишламоқда, улар 300 дан зиёд автотранспорт билан ҳамда зарур техника ва ҳимоя воситалари билан таъминланган.

Карантин даврида (15 мартдан 31 мартга қадар) оператор ва провайдерлар томонидан янги абонентларни улаш ишлари тўхтатилмаган.

Мобиль алоқа операторлари томонидан 302 тадан ортиқ база станциялар интернет хизматларини кўрсатиш учун модернизация қилинди.

Карантин даврида фойдаланувчилар томонидан интернет трафикдан фойдаланиш хажми сезиларли даражада ортаётган ҳолатда тармоқнинг ишончли ишлашини таъминлаш учун зарур техник ва ташкилий чоралар кўрилмоқда.

– Республика бўйича карантиндагилар жойлаштирилаётган объектлар ҳудудларида телекоммуникация тармоқлари билан таъминлаш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Республика бўйича карантиндагилар жойлаштирилаётган объектлар ҳудудларида телекоммуникация тармоқларини кучайтириш, янги қурилаётган касалхоналар ҳудудларида алоқа хизматларини ташкиллаштириш чоралари бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, жами 167 та объектлардан 129 та объект симли, 56 таси мобиль телефон терминаллари билан жиҳозланди.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда коронавирус (COVID-19) эпидемияси бўйича эълон қилинган карантин режими вақтида фуқароларимиз, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан ахборот технологиялари соҳаси бўйича энг кўп берилаётган саволлар ва мурожаатлар шулардан иборат.

Қайд этиш керакки, ахборот технологиялари соҳаси бўйича бериладиган барча саволлар учун вазирликка туну-кун 24 соат ишлайдиган қисқа рақамли 1199 ишонч рақамларига мурожаат қилишларингиз мумкин!


11 077
Сайёра Шоева, ЎзА