ЎзА Ўзбек

22.03.2020 Чоп этиш версияси

Карантин туфайли ёпилган мактаблар қайта очилгандан сўнг ўқиш даври узайтириладими?

Карантин туфайли ёпилган мактаблар қайта очилгандан сўнг ўқиш даври узайтириладими?

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳузуридаги штабда Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев билан онлайн брифинг бўлиб ўтди.

Брифинг “УзРепорт“ телеканали орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилди ва @koronavirusinfouz телеграмм каналида онлайн бериб борилди. Унда халқимизни қизиқтираётган бир қатор саволларга жавоб берилди:

Савол: Карантин сабабли онлайн дарслар ўтказиляпти. Нима учун имконияти чекланган, кўзи ожиз, кар ва соқовлар учун дарслар ташкил қилинмаяпти?

Жавоб: Хабарингиз бор, 2020 йил 16 мартдан умумтаълим мактаб ўқувчилари учун таьтил эълон қилинди. Ўқувчиларимизнинг таътил вақтларини мазмунли ўтказиш ва ўқув дастурда белгиланган билимларни ўз вақтида ўзлаштириш мақсадида Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда телевизион дарсларни тасвирга олиш ишлари бошланган.

Маълумот учун айтиб ўтиш керак, телевизион дарсларни миллий телерадиокомпания таркибидаги 4 та каналда намойиш этиш режалаштирилган.

Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг Ёшлар телеканалида — 1-4-синф, “Оилавий” телеканалида — 5-8-синф, ва “Маданият ва маърифат” телеканалида — 9-11-синф ўқувчилари учун, “Дунё бўйлаб” телеканалида барча амалий фанлардан маҳоратли ўқитувчилар томонидан телевизион дарслар олиб борилади. Телевизион дарсларни тасвирга олишда имконияти чекланган болаларни ўқитиш ҳам инобатга олинган.

Барча дарс машғулотлари кар ва заиф эшитувчи болажонларга ҳам тушунарли бўлиши учун сурдопедагог ҳамда сурдотаржимонлар томонидан синхрон равишда таржима қилинмоқда. Кўзи ожиз болалар эса телевизион дарс машғулотларини овозли эшитиб, тушуниб олишларига имкон яратилади. Бу жараёнга соҳа мутахассислари жалб этилган.

Савол: Карантин туфайли маълум вақтга мактаблар ёпилди. Қайта очилгандан сўнг ўқиш даври узайтириладими, яъни ёзда ўқиш бўладими?

Жавоб: Кўпчиликнинг хабари бор, жорий йилнинг 15 март куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири раислигида ўтказилган Республика Махсус комиссияси қарори билан 16 мартдан бошлаб мактабгача таълим ташкилотлари, мактаб ва олий таълим муассасалари ўқувчилари учун таътил эълон қилинган.

Албатта, таътилнинг давомийлиги тиббий профилактика (карантин) жараёнларининг давом этишига боғлиқ. Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, Республика Махсус комиссиясининг топшириғига асосан жорий йилнинг 26 март куни Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта таълим вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда эпедимиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда таътилни давом эттириш ёки эттирмаслик зарурияти юзасидан Махсус ишчи гуруҳига таклиф киритади.

Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, таътил вақтида белгиланган ўқув дастурлар (билим) телевизион дарслар орқали ўқувчиларимизга етказилади. Ҳозирча ёзги таътил даврида ўқишни давом эттириш режалаштирилмаган.

Савол: Битирув имтиҳонлари қачон ўтказилади, ҳарбий институтга топширмоқчиман у ерда тиббий кўрик ва имтиҳон олдинроқ топширилади энди нима бўлади ёки кейинга сурилиши мумкинми?

Жавоб: Амалдаги тартибга кўра, ўқув йили 25 майда якунланади. 26 майдан 15 июнга қадар 9-11-синфларда битирув имтиҳонлари ўтказилади.

Ҳозирча, битирув имтиҳонлари муддатини узайтириш режалаштирилмаган.

Халқ таълими вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар (ОТВ, Мудофаа, ДТМ) билан келишган ҳолда битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига ҳужжат топширишларига тўлиқ имконият яратилишига барча чораларни кўради.

Савол: Ўқитувчиларга вирус сабабли отпуска беришди. Аммо нега уларни мажбуран электрон журнал тўлдириш учун мактабларда ушлаб ўтиришибди? Нега карантинга амал қилишмаяпти? Журналлар қочиб кетадими? Қани соғлиқ ҳақида қайғуриш? Карантин қилиб нима қилишарди? Ким буни назорат қилади?

Жавоб: Республикамиздаги барча педагоглар жорий йилнинг 18 мартидан бошлаб ҳақ тўланадиган меҳнат таътилига чиқарилди. Бу ҳақда вазирликнинг тегишли буйруғи ҳам қабул қилиниб, жойларга етказилди.

Шундай бўлса ҳам ҳудудларда таътил вақтида ўқитувчиларни турли тадбирлар (мажлис, йиғин, учрашув)га жалб этилаётганлиги ёки ишга чақириб қандайдир ишларни бажариш мажбурланаётганлиги ҳақида хабарлар келмоқда.

Вазирлик томонидан бундай ҳолатлар тезкор ўрганилиб, тегишли чоралар кўрилмоқда. Бундан ташқари, таътил вақтида педагогларни ҳеч қандай ишларга жалб этмаслик тўғрисида вазирликнинг расмий ижтимоий тармоқлари, веб-сайти орқали мурожаат билан чиқилган. Саволда аниқ манзил (қайси вилоят, туман, мактаб) кўрсатилмаган экан, агар бу ҳақда тўлиқ маълумот берилса, албатта бунга чора кўрилади.

Шу билан бирга, таътилда белгиланган педагогик юкламаларни онлайн, яъни масофадан туриб бажариш имконияти яратилади.

Электрон кундалик масаласига келсак, биз телевизион дарсларни электрон кундалик орқали ҳам етказиш, яъни уйга берилган топшириқларни ўқитувчилар орқали ота-оналарга етказиш ва ўқувчиларни баҳолаш режалаштирилган. Бунинг учун ўқитувчи ишга бориши шарт эмас, уни мобил телефон орқали уйда туриб ҳам бажариши мумкин.

Савол: Телеканаллар орқали эфирга узатиладиган дарслар давлат тилидан ташқари бошқа тилларда ҳам ўтиладими? Масалан, рус, қозоқ, тожик, қирғиз, туркман тилларида ҳам дарслар ўтказиладими?

Жавоб: ЎзМТРК телеканалларида телевизион дарслар 2 тилда (ўзбек ва рус тилларида) тасвирга олинмоқда. Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикасида маҳаллий телеканали орқали қорақалпоқ тилида телевизион дарслар ҳам тайёрланмоқда.

Қолган тилларда (қозоқ, қирғиз, туркман, тожик) зарурат туғилганда албатта маҳаллий телеканаллар билан ҳамкорликда телевизион дарслар тайёрланади.

Савол: Халқ таълими вазирлиги ота-оналардан фарзандларининг дарс қилаётган расмларини хисобот тарзида юборишларини талаб қилмоқда. Бу қанчалик тўғри?

Жавоб: Вазирлик томонидан ўқитувчилардан ёки ота-оналардан уйда дарс тайёрланаётгани ҳақида ҳисобот (фотосурат) юборишлари ҳақида ҳеч қандай топшириқ берилмаган.

Фурсатдан фойдаланиб, барча ота-оналарга, педагогларга мурожаат қилиб айтмоқчимиз, ҳеч қандай ортиқча ҳисобот, қоғозбозлик ёки фотосуратлар талаб этилишига йўл қўйилмайди.

Савол: Нима учун директор, унинг ўринбосарлари ва яна бир гуруҳ ходимлар карантин пайтида ҳам фаолиятини давом эттириши керак?

Жавоб: Ўқувчилар учун қўшимча эълон қилинган таътил даврида масофадан туриб ўқув жараёнини ташкил этиш ҳамда таълим муассаса ва ташкилотларнинг бино ва иншоотларини самарали сақлаш ишларини мувофиқлаштириш, шунингдек етим ва ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбия жараёнини ташкил этиш мақсадида ўз фаолиятини иш жойида амалга оширадиган раҳбар ва ходимлар рўйхати тасдиқланди.

Яъни, мактаб ва мактаб интернатларда директор, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари, маънавий-маърифий ишлари бўйича директор ўринбосари, хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари (ёки хўжалик ишлари мудири) , психолог, ёшлар етакчиси, фаррош (ҳовли супурувчи), ишчи, қоровул.

Масалан, ҳозирги кунда жойларда СЭС ходимлари билан биргаликда таълим муассасаларимизда тозалаш дизенфекция ишлари амалга оширилмоқда.

Савол: Мактабгача ёки бошланғич таълим ёшидаги фарзанди бор директор, унинг ўринбосарлари ёки карантин пайтида ишлаши керак бўлган ходимларга ҳам таътил бериладими?

Жавоб: Албатта, Давлатимиз раҳбарининг тегишли Фармонида ҳам белгилаб берилганидек, боғча ёки бошланғич синф ёшида бўлган фарзандларига уйда қараб туришлари учун лавозимидан қатъий назар меҳнат таътили берилади, бунинг учун уларга барча шароитлар яратилади.

Савол: Интернетда турли онлайн видеодарслар эълон қилинмоқда. Вазирлик томонидан тайёрланаётган видеодарсларни қаердан олишимиз мумкин?

Жавоб: Бу ҳам муҳим савол, вазирлик томонидан телевизион дарслар тайёрланаётганлиги ва бу дарслар интернет тармоқларига онлайн шаклда жойлаштирилиши ҳақида хабар тарқатилганидан сўнг, айрим чаққон таълим муассасалари раҳбарлари, ҳудудий бошқармалар томонидан онлайн дарслар тайёрлашга мажбурланаётгани ҳақида хабарлар келиб тушди. Бу ҳолатга тезкорлик билан муносабат билдирилди.

Эслатиб ўтамиз, телевизион дарслар миллий телерадиокомпаниянинг 4 та каналида эфирга узатилиши режалаштирилган: 1-4-синф “Ёшлар” телеканалида, 5-8-синф “Оилавий”, 9-11-синф “Маданият ва маърифат”, амалий фанлар ва 5 та муҳим ташаббус билан боғлиқ машғулотлар “Дунё бўйлаб” телеканаллари орқали эфирга узатилади. Интернет тармоғида эса вазирликнинг расмий веб-сайтида, kundalik.com ҳамда онлайн мактаб электрон портали орқали кузатиб боришлари мумкин бўлади.

Савол: Ўқувчи уйда мустақил тарзда тайёрланаётган пайтида мавзу бўйича ёрдам керак бўлса, мавзу бўйича маълумот олиш учун кимга мурожаат қилса бўлади?

Жавоб: Ўқувчиларимиз уйда мустақил дарс тайёрлаётган вақтларда мавзуларни ўзлаштириш бўйича саволларга жавоб олишлари учун биринчи навбатда ўзларининг устозларига, яъни фан ўқитувчиларига мурожаат этишлари мумкин.

Бундан ташқари, маҳоратли фан ўқитувчилари психологлар ва методистлар томонидан ҳам маслаҳат бериб боришлари йўлга қўйилади. Вазирликнинг расмий ижтимоий тармоқдаги каналлари ва сайти орқали ҳам мутахассис маслаҳатлари бериб борилади.

28 914
ЎзА