ЎзА Ўзбек

26.03.2020 Чоп этиш версияси

Карантин туфайли бозорда маҳсулотлар тақчиллашадими ёки нархи ошадими?

Карантин туфайли бозорда маҳсулотлар тақчиллашадими ёки нархи ошадими?

Аҳоли нафақат коронавирус инфекцияси, балки карантин шароитида бозорларда озиқ-овқат маҳсулотларининг тақчиллиги юзага келиши ёки нархи ошиб кетишидан ҳам хавотирланмоқда. 

Бу хавотирлар ўринлими? Нарх-навони барқарор ушлаб туриш учун қандай чоралар кўрилмоқда. 

Шу каби саволларга Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Эркин Йўлдошев жавоб берди: 

- Прокуратура органларида ташкил этилган штаблар ва ишчи гуруҳлар томонидан барча ҳудудларда озиқ - овқат маҳсулотлари, дори-дармон ва тиббий буюмлар нарх-навоси ҳамда узлуксиз етказиб берилиши кунлик мониторинг қилинмоқда. Бу тадбирларга Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва Давлат солиқ қўмитасининг 2 минг 604 нафар ходими жалб этилган. 

Прокуратура органлари томонидан 215 деҳқон бозори раҳбарлари, 3 мингдан ортиқ дорихона ҳамда 7 минг 554 озиқ-овқат дўконлари эгалари нархни қонуний белгилаш ва асоссиз оширмаслик тўғрисида бирма-бир расман огоҳлантирилди.Бозорлар қошида 27 турдаги товарларни сотиш бўйича арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилди. Шу кунгача биргина Тошкент шаҳридаги ярмаркаларда жами 27 тонна гўшт, 31 тонна картошка, 46 тонна пиёз, 54 тонна сабзавот,  20 тонна ҳўл мева ва 2,5 тонна гуруч маҳсулотлари сотилиши таъминланди.

Барчамиз яхши биламиз, ишлаб чиқарувчи ёки  улгуржи савдода нарх сунъий оширилса, табиийки, чакана савдода ҳам нарх кўтарилади. Шу боис, музлатгичли омборхоналар ва улгуржи тарқатиш базаларида товарларни қиммат нархда сотиш ҳолатларига йўл қўймаслик чоралари кўрилмоқда.

- Нарх-навони бу тарзда ушлаб туриш тадбиркорларни қийин аҳволга солиб қўймаяпдими? 

- Албатта, бу жиҳатлар ҳам ҳисобга олиниб, тадбиркорлар муаммоларини ҳал этишга ҳам эътибор қаратилмоқда. Биргина мисол, “Бананза трейд экспорт” масъулияти чекланган жамиятига четдан Ўзбекистонга картошка олиб келиш учун 1 миллион доллар кредит ажратилиши, темир йўлларда картошкани ташишда имтиёзли нарх белгиланиши ҳамда Ўсимликлар карантини давлат инспекциясидан хулосалар олинишига амалий ёрдам кўрсатилди. Бундай мисоллар кўп. Ўтган қисқа муддат давомида шунга ўхшаш 1 минг 400 дан зиёд тадбиркорлик субъектига турли муаммоларни ҳал этишда прокуратура органлари томонидан амалий ёрдам кўрсатилди.

Шу билан бирга, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси билан ҳамкорликда ун, ўсимлик ёғи, шакар ва қолипли нон нархи асоссиз ошишининг олдини олиш мақсадида биржа савдолари устидан алоҳида назорат ўрнатилди.

- Нарх-наво оширилгани ҳақида ҳам фикрлар айтилмоқда. Бу қанчалик асосли? 

- Ҳақиқатан ҳам, афсуски, назорат тадбирларида айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан озиқ-овқат, дори- армон маҳсулотлари ва тиббий буюмлар нархи асоссиз равишда оширилиб, сотиш ҳолатлари ҳам аниқланмоқда. Ҳозирги қадар ўтказилган тадбирларда 645 ҳолатда жами 1 миллиард 735 миллион сўмлик маҳсулотлар қиммат нархда сотилаётганлиги аниқланиб, ушбу маҳсулотларнинг арзон нархларда аҳолига сотилиши таъминланди. Шу билан бирга, бунга йўл қўйган 502 нафар ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилди. Натижада озиқ - овқат маҳсулотлари нархларининг барқарорлиги таъминланмоқда.

Демак, аҳолининг кундалик эҳтиёжи учун зарур маҳсулотлар етказилиши ва таъминланиши, қолаверса нарх-навоси қатъий назорат остида. Ортиқча хавотирга, айниқса, ортиқча озиқ-овқат жамғаришга ҳожат йўқ.


903
Норгул Абдураимова, ЎзА