ЎзА Ўзбек

22.06.2020 Чоп этиш версияси

Карантин марказида фуқаро нега ўз жонига қасд қилган?

Карантин марказида фуқаро нега ўз жонига қасд қилган?

Бош прокуратура «Ўртасарой» карантин марказида 42 ёшли фуқаро ўз жонига қасд қилганлиги ҳолати юзасидан баёнот берди.

Аниқланишича, Фарғона вилоятида яшаган фуқаро С.С. 2020 йил 20 июнь куни Юқоричирчиқ туманидаги «Ўртасарой» карантин марказида ўзи ётган хонага ўрнатилган кондиционернинг ташқи томондаги паррагига чойшаб билан номаълум сабабларга кўра ўзини осганлиги оқибатида вафот этган.

Иш ҳужжатларига кўра, С.С. 2020 йил 15 июнь куни Ўзбекистон ҳаво йўллари томонидан ташкил қилинган чартер рейс орқали «Москва-Тошкент» йўналишида Ўзбекистон Республикасига келган ва “Covid-19” коронавирусига чалинган ёки чалинмаганлигини аниқлаш мақсадида Юқоричирчиқ туманидаги «Ўртасарой» карантин марказига жойлаштирилган ва ундан коронавирусга суртма олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан тушунтириш берган А.Э. жорий йилнинг 15 июнь куни чартер рейс орқали «Москва-Тошкент» йўналишида Ўзбекистонга келганлиги ва «Ўртасарой» карантин марказига олиб келинганлигини, шу куннинг ўзида бир хонага тўрт киши бўлиб киришганлигини, уларнинг бири яъни С.С. ўзини ёмон тутиб касалликка чалинганлигини айтиб улар билан туришни хоҳламаганини, ярим соатларча хонанинг ҳовлисида ўтирганини, шундан сўнг шифокорлар келиб у билан суҳбатлашиб, уни алоҳида хонага жойлаштирганини баён қилган.

Шунингдек, «Ўртасарой» карантин марказига хизматга келган, Тошкент шаҳар Олмазор тумани кўп тармоқли марказий поликлиника шифокори Ш.М. нинг ҳолат юзасидан берган тушунтиришида фуқаро С.С. карантин ҳудудига жойлаштирилган кундан бошлаб ўзини агрессив тута бошлагани, овқат ейишни хоҳламагани, вирусга чалинганлигини айтиб у билан бирга жойлаштирилган шахсларга касаллик юқтириши мумкинлигини ва улар билан бирга туришни хоҳламаган ҳолда бошқа контейнерга жойлаштиришларини талаб қилганини, шундан сўнг блокда тинчлик сақлаш мақсадида С.С. бошқа хонага ўтказилгани, 16 июнь С.С. психиатр кўригидан ўтганлигини баён қилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Юқоричирчиқ тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Вирусология маркази томонидан тақдим қилинган йўлланма натижасига кўра С.С.да “Covid-19” коронавируси аниқланмаган.

12 294
ЎзА