ЎзА Ўзбек

26.03.2020 Чоп этиш версияси

Карантин кунларида ҳам ишлаб чиқариш қувватлари тўлиқ амалга оширилади

Карантин кунларида ҳам ишлаб чиқариш қувватлари тўлиқ амалга оширилади

Президентимизнинг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида амалга ошириладиган ишлар мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва бошқа глобал хавф-хатарлар даврида макроиқтисодий барқарорликни таъминлашга қаратилгани билан муҳим аҳамиятга эга.

Бу жараён иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлаши, ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш, аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда юртимиз аҳолиси даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш билан боғлиқ чора-тадбирларни қамраб олади.

Ушбу талаблар Энергетика вазирлигига қарашли “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти тизимидаги корхона ва ташкилотларнинг узлуксиз фаолият кўрсатишига муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур жамият ва унга қарашли корхоналар "COVID-19" инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, электр энергияси ишлаб чиқаришни белгиланган қувватларда амалга ошириш бўйича бир қатор ишларни амалга оширмоқда.

Акциядорлик жамияти томонидан мазкур фармон ижросини тўлиқ бажариш, карантин кунларида аҳолининг сифатли электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаси субъектларини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш, электр энергияси ишлаб чақариш қувватлари барқарорлигини сақлашга алоҳида эътибор берилмоқда.

– Мақсадимиз шундай синовли кунларда халқимизнинг электр энергияга бўлган эҳтиёжини қондириш ва унинг узлуксизлигини таъминлашдир, – деди "Иссиқлик электр станциялари" АЖ бошқаруви раиси Руслан Мубаракшин. – Жамиятимиз ўз тизимидаги корхона ва ташкилотларда зарурий чора-тадбирларни олиб бормоқда. Тезкорлик билан ишларни мувофиқлаштириш бўйича штаб ташкил этилди. Ҳозирги вақтда бир суткада ўртача ҳисобда тизим корхоналари томонидан 170 миллион кВт электр энергияси ишлаб чиқилмоқда. Режага асосан карантин кунларида ҳам ишлаб чиқариш қувватлари тўлиқ амалга оширилади. Шу билан биргаликда, тизимдаги ишчи-ходимларнинг саломатлигини асраш, уларга мақбул шароитлар яратишга катта аҳамият қаратилган. Масалан, барча ташкилотларда бўлгани каби акциядорлик жамияти тизими жамоасининг ишлаш тартиби қонунчиликка мос ташкил этилди. Бугунги кунда уларнинг айримларига меҳнат таътили берилган бўлса, бир қисми масофадан туриб ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Ишнинг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида ишчи-ходимларга махсус машиналар хизмати ҳам йўлга қўйилди.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги "Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори бу борадаги ишларга янада жиддий эътибор қаратиш йўлида муҳим ҳуқуқий асос бўлди.

Мазкур қарорда кўрсатилган тартибга мувофиқ, корхоналарда ишчи-хизматчилар учун қўшимча шароит яратиш, уларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш бош мақсадга айланди.

Айни кунларда тизимдаги ишлаб чиқариш объектларида дезинфекция ишлари олиб борилмоқда. “Иссиқлик электр станциялари” АЖ ва унинг корхоналари томонидан қўшимча 20 минг дона тиббий ниқоб тайёрланиб, ходимларга тарқатилди. Ходимлар объектларга белгиланган тартибдаги тиббий кўрикдан сўнг киритилмоқда. Корхоналар ҳудудига кириб-чиқиш пунктларида тепловизорлар билан таъминланган постлар фаолияти йўлга қўйилган. Станциялардаги тиббиёт бўлими ходимлари томонидан цех участкаларида ходимларга коронавирус тарқалишининг олдини олиш тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Бу каби тадбирларнинг амалга оширилиши акциядорлик жамияти жамоасининг соғлигини асрашда муҳим бўлиши баробарида карантин вақтида халқимизнинг эҳтиёжларини қондириш йўлидаги асосий талаблардан биридир.

1 431
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА​