ЎзА Ўзбек

26.03.2020 Чоп этиш версияси

Карантин билан боғлиқ жиноят ишларининг тергови Бош прокуратура назоратида

Карантин билан боғлиқ жиноят ишларининг тергови Бош прокуратура назоратида

Коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишнинг энг муҳим шарти – карантин қоидаларига қатъий ва сўзсиз риоя этишдир.

Афсуски, айрим фуқаролар белгиланган чекловларга риоя қилмасдан, ўзбошимчалик билан нафақат ўзи ва яқинлари соғлиғини хавф остига қўймоқда, балки карантин тадбирлари самарасига ҳам путур етказаётир.

Бош прокуратурадан маълум қилишларича, 15 мартдан шу кунга қадар карантинда бўлиш қоидаларини 990 нафар фуқаро бузгани аниқланди. Улардан 3 нафари жиноий, қолганлари маъмурий жавобгарликка тортилган.

Бош прокурор ўринбосари Э.Йўлдошевнинг маълум қилишича, карантинда бўлиш қоидаларини қўпол равишда бузганлиги учун Шофиркон туманида яшовчи 30 ёшли Равшанов, Паркент туманида яшовчи 66 ёшли Эшов ва Денов туманида яшовчи 31 ёшли Ашуровга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ўтказилмоқда.

Бош прокуратура томонидан жиноят ишларининг тергови устидан алоҳида назорат ўрнатилган.

Дунё миқёсида бу хавфли инфекция тарқалиши тобора авж олиб бораётган ҳозирги шароитда карантин тартиб қоидаларига риоя қилмасдан, аҳолимиз саломатлигини хавф остига қўяётган фуқароларга қонунда белгиланган энг қаттиқ жазо чоралари қўлланилади.

Эслатиб ўтамиз, карантин қоидаларини бузганлик учун фуқаролар 1 миллион 115 минг сўмгача, мансабдор шахслар 3 миллион 345 минг сўмгача маъмурий жаримага тортилади.

Агар қилмиш одамларнинг оммавий касалланишига ёки одам ўлимига олиб келса, шахс жиноий жавобгарликка тортилади.

Бундай қилмиш учун Жиноят кодекси 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини назарда тутади.

Сенат ялпи мажлисида карантин қоидаларига риоя этмаслик учун жазо чора-ларини кучайтиришга қаратилган қонун маъқулланди.

Эндиликда карантин қоидаларини бузганлик учун маъмурий жарима миқдори фуқаролар учун 6 миллион 690 минг сўмгача, мансабдор шахслар учун 11 миллион 150 минг сўмгача оширилди.

Ички ишлар ва Миллий гвардия органларига эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузган ҳуқуқбузарларни маъмурий йўл билан ушлаб туриш ваколати берилди.

Жиноий жазо ҳам кучайтирилиб, 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилди.

Бундан ташқари, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш, аҳоли орасида асоссиз ваҳима чиқариш учун ҳам жиноий жавобгарлик белгиланди.

Шундай экан, коронавирус инфекциясининг тарқалишига йўл қўймаслик ва ундан қисқа муддатда халос бўлиш учун барчамиз баҳамжиҳат бўлишимиз шарт.

975
Норгул Абдураимова, ЎзА