ЎзА Ўзбек

20.06.2019 Чоп этиш версияси

Капитал шоуларни қонуний равишда тартибга солиш вақти келди

Капитал шоуларни қонуний равишда тартибга солиш вақти келди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида

Давлат ва нодавлат телеканаллар орқали намойиш этилаётган хорижий сериаллар, таваккалчиликка асосланган турли телешоулар урфга айланди. Бу жараён, айниқса, вояга етмаган ёшлар онги, тафаккурига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Бу ҳақда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси марказий кенгаши, Олий Мажлис Конунчилик палатасидаги партия фракцияси томонидан ташкил этилган “Миллий ахборот маконида миллий манфаатлар: бугунги ҳолат ва истиқбол” мавзуидаги давра суҳбатида таъкидланди.

Иштирокчилар томонидан айни кунда кўп сонли томошабинлар, жумладан, партия электорати бўлган зиёлилар эътирозига сабаб бўлган медиа маҳсулотларнинг ахборот маконидан ўрин олаётгани, бу эса халқимизнинг асрлар давомида шаклланган миллий маданияти ва маънавиятига, ўзлигига ҳамда мамлакатимиз имижига путур етказаётгани афсус билан таъкидланди.

“Борига барака”, “Омад шоу”, “Миллионер шоу”, “Олтин калит” каби шоу кўрсатувлар замирида меҳнат қилмасдан осон пул топиш, ўзгаларнинг ҳисобидан бир зумда бойиб кетиш каби чалғитувчи ғоялар мужассам. Партия қайсидир тоифага даромад келтирадиган, вақтинчалик кайфиятни кўтаришдан нарига ўтолмайдиган савиядаги телелойиҳаларни оммалаштиришни “оммавий маданият”ни рағбатлантириш билан баробар, деб билади.

2007 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қимор ўйинларини ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни (шу жумладан, тотализаторлар) ташкил этиш ва ўтказиш (тиражли, бир лаҳзали ва рақамли лотереялардан ташқари) тақиқланган. Шунингдек, қимор ўйинларини ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ва ўтказиш учун телекоммуникация тармоқларида, шу жумладан, интернет тармоғи провайдерлари томонидан хизматлар кўрсатиш, мамлакатимиз ҳудудига пул ютуғига эга бўлган ўйин автоматларини олиб кириш ман этилган. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 16 августдаги “Қимор ўйинларини ташкил этиш ва ўтказишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгилаб қўйилган. 

Давлат ва хусусий телеканалларда эфирга узатилаётган турли капитал шоулар юқоридаги қарор талабига жавоб берадими? Буни аниқлаш учун барча капитал шоуларни экспертлар баҳолаб бериши керак. Агарда ўша телешоулар таваккалчиликка асослангани ва қимор ўйини, деб топилса, ташкилотчилар жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

– Илгари СМС хабарлар ёки телефон қўнғироқлари орқали турли ўйинлар ўтказилиб, фуқаролар кўрсатувларга таклиф этилар эди, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмал Умрзоқов. – Бу унчалик оммалашмагани сабабли биз бефарқ бўлдик. Оқибатда турли капитал шоулар кўпайиб кетди. Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар Россия, Арманистон, Грузия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистонда қонун билан тартибга солинган. Бизда эса қонуности ҳужжатлари бор, холос. 

Давра суҳбатида ёшларнинг камолотига хизмат қиладиган креатив ахборот муҳитини яратиш, болаларни уларнинг жисмоний ва маънавий-ахлокий ривожланишига зарар етказадиган ахборотлардан муҳофаза қилиш баробарида “Ёш китобхон” танлови, “Заковат” интеллектуал ўйини, оилавий кўришга мўлжалланган кўрсатувлар, жумладан, “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи”, “Бувижоним ўгитлари” каби кўрсатувларни кўпайтириш зарурлиги таъкидланди.

Оммавий ахборот воситаларига оид қонунчилик ижроси устидан тизимли жамоатчилик назоратини ўрнатиш, кўпчиликнинг кескин эътирозига сабаб бўлаётган паст савиядаги, енгил-елпи материалларни эълон қилишда жавобгарликни кучайтириш лозимлиги қайд этилди.

6 715
Хуршид ҚОДИРОВ, ЎзА