ЎзА Ўзбек

06.08.2018 18:46 Чоп этиш версияси

Каналлар ободонлаштирилмоқда

Тошкент шаҳридан оқиб ўтадиган каналлар ва уларнинг қирғоқ атрофини чиқиндилардан тозалаб, сўлим гўшага айлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу борада махсус “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Унга кўра, каналлар қирғоғида жойлашган ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш, туташ ҳудудларни ободонлаштириш, санитария ҳолатини яхшилаш ишларини ташкил этувчи туманлар секторлари кесимида ишчи гуруҳлар иш бошлади. Амалга оширилаётган ишларни аҳолига тушунтириш мақсадида тарғибот гуруҳлари фаолияти ҳам йўлга қўйилди.

Мирзо Улуғбек туманига бириктирилган Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлими ходимларидан иборат тарғибот гуруҳи вакиллари ҳудуддан оқиб ўтувчи каналларни тозалаш бўйича олиб борилаётган ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди.

Туман ички ишлар бўлими раҳбарлик қилаётган 3-сектор ҳудудида жойлашган “Дархон” маҳалла фуқаролар йиғинидан оқиб ўтувчи 4,4 километр узунликдаги “Салар” каналини тозалаш ишлари жадал амалга оширилмоқда. Яқингача бу ҳудуд қаровсиз, чакалакзор бўлиб, оёқ босиб бўлмас ҳолатда эди. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, канал атрофида жойлашган 25 ноқонуний қурилма юзасидан тегишли ҳужжатлар тўпланиб, судга аризалар киритилмоқда. Ободонлаштириш ишларига 30 дан зиёд ишчи, 4 махсус техника жалб қилинган.

Туман ҳокими раҳбарлик қилаётган 1-сектор ҳудуддидаги “Авойхон” маҳалла фуқаролар йиғинидан оқиб ўтувчи “Қорасув” канали қирғоқлари ҳам ободонлаштирилмоқда. Ҳозирда маҳалладан ўтувчи каналнинг 3 километрида тозалаш ишлари якунланди. Шунингдек, 6 ноқонуний қурилма юзасидан тўпланган тегишли ҳужжатлар асосида судга ариза киритилди.

– “Қорасув” каналининг туман прокурори раҳбарлигидаги 2-сектор ҳудудида жойлашган “Аҳмад Югнакий” ва “Бешкапа” маҳалла фуқаролар йиғинидан оқиб ўтувчи қисми 3,3 километрни ташкил этади, – дейди туман прокурори ўринбосари У.Собиров. – Ўтган вақт давомида масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳашар йўли билан 1,1 километр узунликдаги канал ичи, атрофи тозаланиб, 72 ноқонуний қурилма бузилди. Бу ерда ободонлаштириш ишлари учун 30-40 нафар ишчи ва 6 техника жалб қилинган. Келгусида канал соҳилларига турли манзарали кўчатлар ўтқазилиб, бу ерда одамлар сайр қиладиган кўркам маcкан, автотураргоҳ барпо қилиш режалаштирилмоқда.

Тарғибот гуруҳи вакиллари каналлар атрофида тозалаш ишларини олиб бораётган мутахассислар билан учрашиб, атрофдаги дарахтларнинг эҳтиётсизлик билан кесилиши, чиқиндиларнинг тўпланиб қолишига йўл қўймаслик борасида зарур тавсияларни берди. Бу борада ҳудуд аҳолисининг таклифлари ҳам ўрганилди.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
5 735