ЎзА Ўзбек

04.07.2020 Чоп этиш версияси

Камбағалликдан қутилиш ҳар кимнинг ўзига боғлиқ

Камбағалликдан қутилиш ҳар кимнинг ўзига боғлиқ

Президентимиз раислигида жорий йил 26 май куни бўлиб ўтган инвестиция масалалари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида мамлакатимизда коронавирус пандемиясига қарши кураш борасида амалга оширилаётган ишлар билан бир қаторда келгусидаги долзарб вазифаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Қайд этилганидек, пандемиянинг иқтисодиётга таъсирини юмшатишга қаратилган бир қатор ҳужжатлар қабул қилинганлигига қарамасдан уларнинг ижросини ташкил этиш оқсамоқда, яратилаётган шароит ва имтиёзлар фуқаролар ва тадбиркорларга манзилли етиб бормаяпти.

– Бу борада қатор чора-тадбирлар амалга оширилди ва бугунги кунда самарали давом эттирилмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Қораўзак тумани ҳокими Роман Жумабоев. – Жумладан, 66 та оила аъзолари доимий, 169 та оила аъзолари жамоат ишларига жалб қилинди. Кам таъминланган, ёрдамга муҳтож 12 та оилага қўй-эчки, Бандлик ва меҳнат муносабатлари маркази томонидан 37 та оилага иссиқхона қуриб берилди. Қолган 298 та оила аъзоларини жорий йилнинг қолган чоракларида иш билан таъминлаш режалаштирилган.

Пандемия шароитида ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида Бердақ овули фуқаролар йиғини ҳудудида «Қораўзак полиз» масъулияти чекланган жамияти ташкил этилиб, 15 гектар экин майдони ажратилди. Бугунги кунда шу ерда истиқомад қилаётган ёшларнинг 50 тасига 20 сотихдан ер берилди ва полиз маҳсулотлари етиштирилмоқда.

Туманда 397 ишсиз хотин-қизларнинг 200 нафари ишга жойлаштирилди. Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлими ҳузуридаги «Хайр-саховат ва кўмак» жамғармасининг махсус ҳисоб рақамига 140,7 миллион сўм маблағ келиб тушган бўлса, шундан 60 та оиланинг ҳар бирига 500 минг сўмдан, «Грант фарм» масъулияти чекланган жамияти томонидан эҳтиёжманд 80 та оиланинг ҳар бирига 1 миллион сўмдан ёрдам берилди.

photo_2020-07-04_17-39-57.jpg

Бундай хайр-саховат ишларида корхона ва ташкилотлар, тадбиркор ва фермерлар фаол иштирок этмоқда. Жумладан, тумандаги «Титан цемент» масъулияти чекланган жамияти 10 та оилани уч ой мобайнида ҳомийликка олиб, улар учун 44 миллион сўм маблағ ажратди. Бундан ташқари, корхона томонидан кам таъминланган оилаларга 10 тонна гуруч тарқатилди.

«Қорақалпоқ цемент» масъулияти чекланган жамияти жаомаси ҳам хайрия ишларидан четда қолмади. Улар 15 та оилани уч ой мобайнида ҳомийликка олиб, уларга 58,3 миллион сўм маблағ ажратди. Бундай ишларга ўз улушини қўшиб келаётган корхоналарга солиқдан 44 миллион сўмлик имтиёз берилган бўлса, 35,1 миллиард сўмлик кредитни тўлаш муддати узайтирилди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида «Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш» дастури доирасида акциядорлик-тижорат «Агробанк» ва «Халқ банки» томонидан 169 та оилага 5,2 миллиард сўмлик имтиёзли кредит маблағи ажратилди. Кам таъминланган, эҳтиёжманд 124 та оилани иссиқхона, уруғ, кўчат билан таъминлаш ва томорқаларни суғориш ускунасини қуриш мақсадида 258 миллион сўм миқдорида субсидия ажратилиб, шундан 252 миллион сўм субсидия ҳисобидан 113 та иссиқхона қуриб берилди.

Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича жами 3 триллион 915,2 миллиард сўмлик 35 лойиҳани амалга ошириш, шунинг ҳисобидан 511 та янги иш ўрнини яратиш режалаштирилган бўлса, шундан жорий йилда 63 миллиард 504 миллион сўмлик 22 лойиҳани амалга ошириш белгиланган. Натижада 105 та янги иш ўрни яратилади.

Пандемия давригача туманда 454 та кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти билан саноат корхонаси рўйхатга олинган бўлса, карантин тадбирлари даврида 65 та корхона ўз фаолиятини вақтинчалик тўхтатишга мажбур бўлди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан карантин тадбирларини юмшатиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида бугунги кунда 25 та тадбиркорлик субъекти ўз ишини бошлади. Ушбу корхоналар республика махсус комиссияси томонидан белгиланган карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда фаолият олиб бормоқда.

photo_2020-07-04_17-39-58.jpg

Туман ҳокимлиги томонидан 42 та тадбиркорлик субъекти ва корхонанинг 35,1 миллион сўмлик солиқ қарздорлигига имтиёз берилиб, 96 миллион сўмлик солиқ тўловларининг муддати кечиктирилди.

Ҳозирги пандемия даврида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, иқтисодиёт тармоқлари барқарор фаолият юритишига эришиш, бу борада давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан қабул қилинаётган норматив ҳужжатларнинг ижросини таъминлаш бугунги асосий вазифа ҳисобланади. Туман сектор раҳбарлари ушбу масалага жиддий эътибор қаратган ҳолда вақтинчалик қийинчиликларни аҳоли билан ҳамкорликда енгиб чиқиш чораларини кўрмоқда.

4 388
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА