ЎзА Ўзбек

25.04.2018 12:36 Чоп этиш версияси

“Камалак” билимдонлари” кўрик-танловининг Бухоро вилояти босқичи ўтказилди

Бухоро вилояти Ёшлар марказида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамда “Камалак” болалар ташкилоти томонидан “Камалак” билимдонлари” кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди.

Иқтидорли ёшларни кашф этиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, истеъдод ва маҳоратини намоён этиши учун кенг шароитлар яратиш, “Камалак” болалар ташкилоти ишини янада такомиллаштириш мақсадида ташкил этилаётган 1-7 синф ўқувчилари иштирокидаги мазкур танловнинг нуфузи тобора ортиб бораётир.

Танловда 13 жамоа “Камалак” аъзосиман”, “Камалак” билимдонлари”, “Мен орзу қилган “Камалак” болалар ташкилоти”, “Аълочилар беллашганда” шартлари бўйича ўзаро баҳслашди.

Шофиркон туманидаги 42-умумтаълим мактаби ўқувчиларидан иборат “Парвоздаги кабутарлар” жамоаси биринчи ўринни эгаллаб, танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.

– Биз бугун “Камалак” болалар ташкилоти фаолиятига доир ҳуқуқий билимларимизни намойиш этиш билан бирга, жамоамизнинг ўқувчилар ўртасида учраётган айрим муаммолар ечимига қаратилган “Камалак” қуёш соати” деб номланган ижтимоий лойиҳаси тақдимотини ҳам ўтказдик, – дейди жамоа сардори Т.Нуруллаев. – Унда қуёш нурлари талқинида ташкилотимиз фаолиятини такомиллаштириш, тенгдошларда ижтимоий дахлдорлик туйғусини юксалтириш борасидаги вазифалар ифода этилди. Лойиҳамизда илгари сурилган масалалар ечими ҳар бир ўқувчининг фаоллигига боғлиқ. Шунинг учун биз улар ўртасида ташкилий тарғибот ишларини кучайтирамиз.

Ғолиб ва совриндорлар диплом ва китоблар тўплами билан тақдирланди.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
4 675