Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, айниқса, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, камғабалликни қисқартиришга эътибор қаратилмоқда.
Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, айниқса, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, камғабалликни қисқартиришга эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда ажратилаётган бюджет маблағлари ўз манзилига етиб бораяпдими? Таассуфки, бу саволга тўлиқ ижобий жавоб бериш қийин.
Чунки кам таъминланганлар учун бюджетдан ажратилаётган маблағларни ўз эгаларига етказиб беришга масъул ходимлар бу маблағларга кўз олайтираётган ҳолатлар йўқ эмас. Бошқача айтганда, бундай юлғичлик оқибатида шундоғам карантин шароитида қийналаётган одамлар аҳволи баттар оғирлашмоқда.
Хусусан, аҳолининг ҳолидан бевосита хабардор бўлиши шарт бўлган маҳаллалар фаоллари ҳудудидаги эҳтиёжманд оилалар қолиб, бошқаларга моддий ёрдам расмийлаштиришдек тубан ишларни давом эттирмоқда.
Мисол учун, Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги “Якка тут” маҳалла фуқаролар йиғини мансабдор шахслари томонидан кам таъминланган оилалар тоифасига кирмайдиган 51 нафар фуқарога асоссиз равишда моддий ёрдам пули тўлаб берган. Бунинг оқибатида 82,2 миллион сўм бюджет маблағи талон-торож қилинган.
Ҳолбуки, бу маблағ қора қозони қайнамай қолган, ёрдам сўраб маҳаллага чиқишга ҳам бота олмай қолган одамларнинг ҳақи эди. Шундай одамлар кимлиги ва манзилини эса фаоллар беш қўлдек яхши билади.
Демак, улардан кўз юмиб, ажратилган маблағ бошқа йўл билан талон-торож қилинган экан, бунинг замирида бошқа “мақсад” яширинмаган, деб айтиш мушкул.
Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, юқоридаги ҳолат Бош прокуратура ҳузуридаги ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Шаҳрихон тумани бўлими ходимлари томонидан вилоят давлат молиявий назорат бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда фош этилган.
Мазкур ҳолат юзасидан маҳалла фуқаролар йиғини мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми “а,в,г” бандлари ва 209-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.