ЎзА Ўзбек

14.06.2018 12:56 Чоп этиш версияси

Кам таъминланган 70 оилага газ плитаси берилди

Кам таъминланган 70 оилага газ плитаси берилди Муборак Рамазон ҳайити арафасида Жиззах шаҳрида яшовчи кам таъминланган оилалардан 70 тасига “Artel” русумли газ плиталари совға қилинди.

Аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлаш манзилли дастурига мувофиқ, касаба уюшмалари, ҳокимлик, маҳалла фуқаролар йиғинлари, хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ушбу тадбирнинг Рамазон ҳайити арафасида ўтказилиши эҳтиёжманд оилалар уй бекаларига катта қувонч бағишлади.

– Муборак ойда рўзғор учун энг зарур буюмга эга бўлганимдан беҳад хурсандман, – дейди Жиззах шаҳрининг Обод маҳалласида яшовчи уй бекаси Гулбаҳор Эшонқулова. – Шундай газ плитаси олиш неча йиллик орзуим эди. Одамларнинг дарду ташвишини енгиллаштириш йўлида кўрсатилаётган ғамхўрлик учун давлатимиздан миннатдормиз.

Вилоятда Президентимизнинг 2017 йил 12 сентябрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида ишлаб чиқилган манзилли дастурга мувофиқ, эҳтиёжманд оилаларни уй-жой ва маиший техника воситалари билан таъминлаш, яшаш жойини таъмирлаш, тиббий хизмат кўрсатиш борасида изчил ишлар олиб борилаётир.

Манзилли дастур асосида жорий йилнинг ўтган даврида биргина Жиззах шаҳрининг ўзида 102 эҳтиёжманд оилага 4 фоизли имтиёзли кредит ажратилиб, уларнинг оилавий тадбиркорлик фаолиятини бошлашига имконият яратилди.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
3 136