ЎзА Ўзбек

18.09.2020 Чоп этиш версияси

Кам пулдан кўп манфаат топиш учун нима қилиш керак

Кам пулдан кўп манфаат топиш учун нима қилиш керак

Дабдурустдан қўлингизга пул тушиб қолди, дейлик 20 миллион сўм. 

Албатта, бу у қадар катта пул эмас. Хўш, бунинг эвазига нима қилиш мумкин?

Рўзғорнинг кам-кўстини бутлаш, уйни ремонт қилиш, устига пул қўшиб, эски бўлса-да машина харид қилиш ва ҳоказо. Агар маблағингиз айни шу мақсадларга сарфланса, сиз сармояни “ўлдирган” ҳисобланасиз. Чунки ремонту машина бир жойда туради, ундан келгусида бошқа даромад келмайди, аксинча яна харажат талаб қилади.

Бордию шу пулни кичикроқ бўлса-да, бирор тадбиркорлик соҳасига йўналтирсак-чи? Муборак туманидаги Хитой қишлоғида яшовчи Гулзор Сафарова ана шундай йўл тутди. Тижорат банкидан 20 миллион сўм кредит олиб, эвазига тикиш машиналари харид қилди. Ҳокимлик, Халқ қабулхонаси, сектор раҳбарлари мададига, қолаверса, кичик бизнес ва тадбиркорлик учун яратилган имкониятларга таянади.

Тикиш-бичиш қўлидан келади, талаб кўплигини яхши билади. Мўъжазгина цех ташкил қилиб, 10 нафар хотин-қизни ишга чақирди. Аҳоли вакилларидан бўлаётган буюртмаларнинг ўзи сабаб айни пайтда шунча киши қўли қўлига тегмай ишлаяпти. Ишлар баравж давом этаверса, ўқув курси ташкил қилиб, ходимлар сонини кўпайтириш режаси ҳам бор.

Қатъий карантиндан кейин 30 кишилик бўлса-да тўйлар кўпайган, қолаверса, ўзига мунтазам оро бериб юрадиган хотин-қизлар сони ҳам кам эмас. Мавжуд талабдан келиб чиқиб цех билан ёндош хонада гўзаллик салони фаолияти ҳам йўлга қўйилди.

Бугунги пандемия шароитида ҳаётдан нолиб, ижтимоий тармоқларга чиқиб дардини дунёга достон қилаётганларни кўряпмиз, эшитаяпмиз. Аслида кўп нарса инсоннинг ўзига боғлиқ. Қолаверса, гап маблағда ҳам эмас. Муҳими – баракада, барака бўлиши учун эса ҳаракат қилиш керак.

photo_2020-09-18_16-12-12.jpg

photo_2020-09-18_16-12-13.jpg

1 816
Ў.БАРОТОВ, Ж.НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА