ЎзА Ўзбек

27.04.2020 Чоп этиш версияси

Калибрланган ўлчаш воситалари​ – аниқлик ва ишончлилик омили​

Калибрланган ўлчаш воситалари​ – аниқлик ва ишончлилик омили​
Яқинда “Метрология тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири қабул қилинди. Бу билан мамлакатимиз иқтисодиётининг қайси тармоқларида ижобий ўзгаришлар кутилмоқда. Ҳозирга қадар бу борада бирор бир таҳлиллар ўтказилганми?

– Юртимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати ва ташқи бозорларда рақобатбардошлигини таъминлаш, савдода техник тўсиқларни бартараф қилиш долзарб масалалардан бири, –дейди Ўзбекистон миллий метрология институти директори Лазиз Саидорипов.– Ўлчашлар аниқлиги ва уларнинг ишончлилигини таъминлаш эса ўз навбатида калибрланган ўлчаш воситалари орқали амалга оширилади. 

Биринчи чоракда маҳсулотларнинг сифатини баҳолаш билан шуғулланувчи 56 та тадбиркорлик субъекти мурожаатларига асосан 142 дона юқори аниқликдаги ўлчаш воситалари устидан калибрлаш ишлари амалга оширилди ва тегишли хулосалар расмийлаштирилди. 

Машинасозлик соҳасида 28 дона, озиқ-овқат соҳасида 23 дона, енгил саноат соҳасида 23 дона, кимё саноатида 33 дона шулар сирасидандир. 

Қонуннинг 27-моддасига ўлчаш воситаларини калибрлаш ишларини жаҳон талаблари асосида йўлга қўйиш белгиланди. Бу эса автомобилсозликда фойдаланилаётган ўлчаш воситаларини калибрлаш орқали маҳсулотларнинг сифати ва рақобатбардошлигини янада ошириш имконини беради. 

Шунингдек, маҳсулотларни экспорт қилишдаги техник тўсиқлардан бири бу – импортёрнинг маҳсулот хавфсизлиги ва унинг сифат кўрсатгичларини тасдиқлаш бўйича синовлар ўтказиши ҳисобланади. 

Республикада бажарилган синовларнинг хорижий давлатларда тан олиниш талабларидан бири, бу – халқаро эталонларгача бўлган метрологик кузатувчанликни таъминлашдир. Бу ўз навбатида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, мисол учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларнинг синовларида фойдаланиладиган ўлчаш воситаларининг аниқлиги ва ишончлигини таъминлаш орқали ўтказилган синов натижаларини хорижий давлатларда тан олинишига замин яратади. Худди шундай, электротехника маҳсулотлари бўйича мураккаб синовларни ўтказиш зарурияти ҳам йўқолади. 

Шу мақсадда Қонун моддаларида юртимизда бажарилган ўлчашларнинг метрологик кузатувчанлигини таъминлаш бўйича бир қатор нормалар ўз аксини топган. 

2 013
ЎзА