Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.08.2017 20:06 Чоп этиш версияси

Кадрлар тайёрлашда самарали ҳамкорлик

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ва Тошкент давлат юридик университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 28 апрелдаги “Тошкент давлат юридик университетида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида юридик кадрлар тайёрлаш тизимини халқаро таълим стандартларига мувофиқ тубдан ислоҳ қилиш, Тошкент давлат юридик университетини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилган. Ўзбекистон Бош прокуратураси, Олий суд, Адлия, Ички ишлар вазирликлари, Ўзбекистон Судьялар ассоциацияси, Адвокатлар палатаси ва бошқа қатор суд-ҳуқуқ органлари билан ҳамкорликда университет фаолиятини такомиллаштириш ҳамда ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш кўзда тутилган.

– Мазкур меморандум юридик кадрларни тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, талабаларнинг назарий ва амалий билимлари уйғунлигини таъминлаш, етук мутахассислар тайёрлаш самарадорлигини ошириш мақсадини кўзда тутади, – дейди Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосари, Тошкент давлат юридик университети ректори Е.Каньязов. – Таъкидлаш жоизки, университетимизда юридик клиника фаолияти йўлга қўйилмоқда. Бу клиникада профессор-ўқитувчилар ва талабалар томонидан фуқароларга беғараз ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади. Меморандумга мувофиқ бу жараёнга адвокатлар ҳам жалб қилинади.

– Янги ҳамкорлик лойиҳаси мамлакатимизда адвокатура ролини янада оширишга хизмат қилади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси раиси Р.Аҳмедов. – Дунё миқёсида адвокатурага талаб ортиб бораётган бир шароитда соҳага билимдон кадрларни жалб этиш олдимизда турган муҳим вазифалардан бири. Тошкент давлат юридик университети билан ҳамкорлигимиз давомида истеъдодли, ғайратли ва зукко талабаларни танлаб олиш имконига эга бўламиз.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

Меморандумда ҳам талабаларнинг адвокатура тизимларида самарали амалиёт ўташи, ишларнинг судда кўрилишида бевосита қатнашиши, хўжалик субъектлари фаолиятига кўмаклашиши, тегишли ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаши ва бошқа тадбирларда қатнашиши назарда тутилган. Шунингдек, турли семинарлар, давра суҳбатлари, талабалар билимини мустаҳкамлаш ва рағбатлантириш мақсадида кўрик-танловлар ташкил этиш, маҳорат дарсларини ўтказиш каби қатор чора-тадбирлар режаси белгиланган.

Улуғбек Асроров, ЎзА
2 415






Все о погоде - Pogoda.uz