ЎзА Ўзбек

06.03.2020 Чоп этиш версияси

Кадрлар малакаси масофавий таълим орқали ҳам оширилади

Кадрлар малакаси масофавий таълим орқали ҳам оширилади

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида замонавий, етук кадрларга бўлган эҳтиёжни қондириш, кадрлар малакасини ошириш тизимини такомиллаштиришга эътибор қаратилди.

Бунинг учун хорижий малака ошириш муассасалари фаолиятидаги илғор тажрибаларни ўрганиш, тизимдаги мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш йўлларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Шу мақсадда Юристлар малакасини ошириш марказида илғор тажрибаларни ўрганиб, уларни амалиётга жорий этиш устида иш олиб борилмоқда. Жойларда сайёр ўқув йиғинлари ва онлайн масофавий таълим жараёнларини ташкил этиш мақсадида марказнинг филиалларида аудиториялар ташкил этиш ва уларни моддий-техник жиҳатдан таъмирлаш устида иш олиб борилмоқда. Жаҳон амалиётида кенг қўлланилаётган бу усул вақт ва маблағни тежашда қўл келади.

Марказда 7 та ихтисослик йўналиши бўйича кадрлар доимий равишда ва 10 га яқин турли соҳалардаги ихтисослик йўналишлари бўйича кадрлар талаб ва таклифлар асосида малака ошириш курсларида ўқитилмоқда. Шу кунларда марказда ҳуқуқий соҳани ёритувчи журналистлар ҳам малака оширмоқда.

Малака оширишнинг замонавий, тезкор ва таъсирчан шакли ҳисобланган қисқа муддатли ва мавзули ўқув курслари жорий этилди. Таълим жараёнига етакчи олимлар ва мутахассислар, шунингдек, парламент аъзолари, Адлия вазирлиги, Конституциявий суд, Бош прокуратура, Республика суд экспертизаси маркази, Адвокатлар палатаси ва бошқа давлат органлари ҳамда жамоат бирлашмаларининг тажрибали амалиётчи ходимлари ҳам жалб этилмоқда.

Ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш соҳасида халқаро ҳамкорлик ҳам ўрнатилган. Халқаро ҳамкорлар кўмагида профессор-ўқитувчиларимиз учун семинарлар, қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этиб келинмоқда. Марказ АҚШ, Хитой, Германия, Франция, Венгрия, Словакия, Швеция, Польша, Испания, Португалия, Руминия ва бошқа давлатлардаги турдош ўқув муассасалари билан икки томонлама ҳамкорлик алоқалари олиб борилаётир.

Марказда ноширлик фаолияти яхши йўлга қўйилган. Кейинги уч йилнинг ўзида профессор-ўқитувчиларимиз томонидан “Инсон ҳуқуқлари”, “Одам савдосига қарши кураш соҳасидаги миллий ва халқаро ҳуқуқ нормалари”, “Инсон ҳуқуқлари таълимига оид БМТ ҳужжатлари”, “Адвокатлик фаолиятининг халқаро стандартлари” каби ўнлаб китоблар чоп этилди.

Келгусида илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилишини назарда тутадиган дарсликлар, ўқув қўлланмалари, ўқув-методик мажмуалар, шу жумладан, электрон дарсликлар, ўқув қўлланмалари, ўқув-методик мажмуаларни яратиш устида иш олиб борилмоқда.

Аброржон ОТАЖОНОВ,
Юристлар малакасини ошириш маркази 
директорининг биринчи ўринбосари,
Юридик фанлари доктори, профессор

1 816
ЎзА