ЎзА Ўзбек

24.07.2018 11:35 Чоп этиш версияси

Кадастр соҳасига оид маълумотлардан очиқдан-очиқ фойдаланиш имкони яратилмоқда

Кадастр соҳасига оид маълумотлардан очиқдан-очиқ фойдаланиш имкони яратилмоқда
Халқаро компаниялар кўмагида оммавий халқ Геопорталини яратиш бўйича лойиҳа амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси давлат ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Жаҳон банки ёрдамида “Кўчмас мулк ва кадастр ҳужжатларини рўйхатга олиш тизимларини модернизациялаш” лойиҳаси амалга оширмоқда. Лойиҳани амалга ошириш учун Жаҳон банки томонидан 20,0 млн. АҚШ доллари миқдорида заём тақдим этилган.

Бугунги кунга келиб, лойиҳа доирасида халқаро ва маҳаллий консалтинг компаниялари жалб қилинган бўлиб, улар билан ҳамкорликда ахборот тизими дизайни, техник спецификацияларни ишлаб чиқиш ишлари бажарилмоқда, жамоатчиликка ахборот тақдим этиш кампанияси бошланган, кадастр ҳужжатларини, картографияга оид ва бошқа архив материалларини рақамлаштириш методологияси ишлаб чиқилмоқда.

Янги очиқ координаталар тизимини ва космик тасвир материаллари ҳамда кадастр индексли харита бўйича тузилган яхлит (чоксиз) растрли базавий харитага асосланган оммавий халқ Геопорталини яратиш бўйича ишлар амалга ошириляпти.

Шунингдек, ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида геофазовий маълумотларнинг электрон ҳукумат тузилмасига интегралланиши, геофазовий маълумотлардан фойдаланиш, уларни алмашиш ва умуммиллий миқёсда қўллаш, давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига интерактив хизматларни сифатли тақдим этиш имконияти яратилади.

Кўчмас мулкка оид ҳуқуқлар ва кадастр маълумотларидан очиқ фойдаланиш имкониятининг яратилиши Ўзбекистондаги инновацион муҳитнинг яхшиланишига кўмаклашади.

“Ергеодезкадастр“ давлат қўмитаси 
матбуот хизмати

ЎзА
4 742