Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.08.2018 13:19 Чоп этиш версияси

Кадастр хариталаридан онлайн режимида фойдаланиш имконияти яратилган

Кадастр хариталаридан онлайн режимида фойдаланиш имконияти яратилган

Шу йилнинг 13-16 август кунлари Геодезия, картография, кадастр ва Ерни масофадан туриб зондлаш (текшириш) бўйича давлатлараро Кенгашнинг XI сессияси бўлиб ўтмоқда. Ўзбекистон Республикаси “Давергеодезкадастр” қўмитаси раиси Абдушукур Абдуллаев Кенгашнинг 2018 йилдаги раиси вазифасини бажармоқда.

14 август куни МДҲ вакиллари иштирокида сессиянинг очилиш маросими ўтказилди. Давлатлараро Кенгаш сессиясининг асосий мақсади МДҲ мамлакатларининг Геодезия, картография, кадастр ва Ерни масофадан туриб зондлаш бўйича давлат органлари томонидан бажарилган ишларнинг якуний натижаларини кўриб чиқишдан иборатдир.

Очилиш маросимида МДҲ мамлакатларининг Геодезия, картография, кадастр ва Ерни масофадан туриб зондлаш бўйича давлат органлари раислари ва раҳбарлари сўзга чиқдилар. Шунингдек, МДҲ Ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари А.Смагулов сўзга чиқиб, қуйидаги фикрни билдирди:

“Бугунги XI юбилей сессия давлатларимиз фуқароларига Ҳамдўстлик мамлакатларининг картография-геодезия, ер тузиш ва кадастр бюролари 26 йил давомида амалга оширган ишлари ва эришган ютуқлар ҳақида сўз юритиш учун сабаб бўлмоқда. Таъкидлаш лозимки, бугунги кун талабига мувофиқ фондларимизда мавжуд бўлган барча материаллар аналогли тизимдан рақамли тизимга ўтказилмоқда. Ишонаманки, бугунги йиғилишимиз МДҲ мамлакатларининг геодезия, картография, кадастр ва Ерни масофадан туриб зондлаш соҳасидаги ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади”.

МДҲ мамлакатларининг аксариятида онлайн режимида фойдаланиш мумкин бўлган давлат, ҳудудий ва муниципал масштабдаги кадастр хариталари мавжуд. Ушбу онлайн кадастр хариталари чегаралари ва координаталари аниқланиб, кадастр рўйхатига киритилган ер участкалари, турар-жой ва саноат бинолари тўғрисидаги зарур маълумотлардан исталган вақтда фойдаланиш имконини беради. Хариталардан фойдаланиб туриб, кадастр рақами ёки манзили бўйича зарур кўчмас мулкни унинг аниқ чегаралари ва ёндош ҳудудлари билан аниқлаш мумкин.

Кадастр харитасидаги ҳар бир объект бўйича қуйидаги маълумотларни олиш имконияти яратилган: объектнинг аниқ майдони, манзили, қиймати, мақоми, характеристикаси, рўйхатга олинган санаси, мулкчилик шакли. Шу ернинг ўзида участканинг кадастр баҳосини ҳам топиш мумкин – кўчмас мулкни харид қилиш ёки сотишда тўланадиган солиқ суммаси ва ижара қиймати айнан шу кўрсаткичга боғлиқ. Аксарият ҳолларда риелторлар, юристлар, геодезистлар ва оддий фуқароларга айнан шундай маълумотлар керак бўлади.

“Давергеодезкадастр” қўмитаси 
Ахборот хизмати

ЎзА
5 444