ЎзА Ўзбек

17.10.2020 Чоп этиш версияси

Кадастр: бир янгилик кўплаб инсонларни сарсонгарчиликдан қутқармоқда

Кадастр: бир янгилик кўплаб инсонларни сарсонгарчиликдан қутқармоқда

Тошкент шаҳар Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасида Давлат марказларидан келиб тушадиган аризаларни кўриб чиқиш жараёни ва онлайн хизматлар алгоритми борасида қатор янгиликлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, айни пайтда пойтахтда 10 дан ортиқ корхоналар билан тўғридан-тўғри интеграция йўлга қўйилган.

Масалан, ўтган 9 ой давомида кўчмас мулкни қайта расмийлаштириш, қайта баҳолаш ва турли хил техник кўрсаткичлар бўйича Давлат солиқ қўмитаси билан 154 мингдан зиёд ўзаро маълумот алмашилди.

Давлат хизматлари агентлиги билан 325 мингта мурожаат онлайн кўриб чиқилиб, ижроси таъминланди. Шунингдек, Мажбурий ижро бюроси билан ўзаро маълумот алмашиш суд ижро ҳаракатлари жараёнидаги кўчмас мулк билан боғлиқ турли ҳолатларни аниқлашда тезкорлик таъминлаяпти.

Айни хизматнинг Ички ишлар органлари билан ҳам йўлга қўйилиши фуқароларни доимий рўйхатга қўйиш ишларини автоматик тарзда амалга оширишга хизмат қиляпти. Нотариал идоралар билан интеграция аввалги узоқ сарсонгарчиликларга барҳам бермоқда.

Бундан ташқари "Ўзбекенерго" АЖ, "Тошиссиққувват" ДУК билан ҳам бугун ўзаро маълумот алмашиш тизими йўлга қўйилмоқда.

Кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказганда кўчирма беришнинг янги тизими — Давреестр тизими ҳам интеграция жараёнида муносиб ўрин эгаллаган.

Кадастр тизими бу ташкилотлар билан ахборот алмашса, нима ўзгарарди? Аҳолига бундан қанча фойда? Ишимиз осон бўлиб қоладими? деган саволларга Тошкент шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри корхонаси бош муҳандиси Носир Латипов жавоб берди.

– Бу янгиликлар туфайли бюрократик тўсиқлар ва ғовлар бартараф этилди, фуқароларни транспорт ва ҳужжатларни йиғишга ҳаражатлари камайиб, таъмагирлик ҳолатлари ва коррупцияни олди олинмоқда, – дейди Н.Латипов. – Айтайлик, турли сабабларга кўра фуқаро ёки тадбиркорларни мол-мулкига таъқиқ қўйилса, фуқаро идоралар орасида қоғоз кўтариб, сарсон бўлиб юришини олдин олинади. Олдин, тақиқ хужжатини кадастр идорасидан олиб, МИБ девохонасига сўнгра ижрочиларга топшириб, маълум бир кундан сўнг тақиқ ечилган ҳужжатни кадастр идорасига топшириб, тақиқни ечилиши учун яна бир неча кун кутилар эди. Шу тариқа аҳолининг 3-4 кунлик вақти идоралар эшигида ўтарди.


Қайд этиш керакки, камида 30 нафар ходим сўровномалардаги жисмоний ва юридик шахслар номидаги кўчмас мулк объектларини қидириш, тақиқ қўйиш ва тақиқни ечиш билан шуғулланар эди. Бу эса 30 та ходимга маош, уларни зарурий техника, офис жиҳозлари, компьютер воситалари ва хона билан таъминлашга пул маблағ сарфланар эди.

Энди эса, тақиқ қўйишга сабаб бўлган ҳолат бартараф этилгандан сўнг уни ечишга сониялар сарфланмоқда ва барчаси онлайн тарзда амалга оширилмоқда. Қисқа вақтда кўпроқ масалалар ҳал этилмоқда. Мисол учун, жорий йилнинг 8 ойида Мажбурий ижро бюросидан 3 миллиондан ортиқ савол келиб тушган. Шундан 3 миллион 4157 таси жисмоний ва юридик шахслар номида кўчмас мулк объект мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги бўйича бўлган ва жавоблар автоматик тарзда тақдим этилди. 2 миллион 843 таси кўчмас мулк объектига қўйилган тақиқни ечишдан иборат. Шу тариқа 3 миллиондан ортиқ фуқароларни идорама идора юриб, вақтини сарфлашга сабаб бўладиган омиллар камайди.

– Кадастр билан Ички ишлар вазирлигининг ҳамкорлиги нималардан иборат?

– Бунда вақтинча ёки доимий рўйхатга олиш ва чиқариш жараёнига сарф бўладиган фуқароларни, кадастр идораси ҳамда ички ишлар органларининг вақтлари тежалади. Қоғоз ҳужжатлар айланмаси сезиларли даражада камайди.

Аҳолидан талаб қилинадиган уй-жойи бузилишга тушган ёки тушмаганлик ҳақидаги маълумотнома, кадастр ҳужжатидан нусха, маҳалла маълумотномаси каби турли кўринишдаги ҳужжатларни талаб қилиш каби бюрократик тўсиқлар бартараф этилди. Шунингдек, айрим қонун бузилиш ҳолатларининг олди олинди. Яъни уй-жой бузилган, ёки нотурар жой бўлган, мавжуд бўлмаган уй-жойга доимий ва вақтинча рўйхатга олиш ҳолатлари бартараф этилди. Ана шу йўналишда 2020 йил 8 ой давомида 593 мингта вақтинча ва доимий рўйхатга олиш, рўйхатдан чиқариш учун кўчмас мулк объектлари ҳақидаги сўровномаларга онлайн тарзда жавоб юборилди.

– Интеграция йўлга қўйилган ташкилотлар орасида Давлат хизматлар агентлигининг ҳам номи бор эди. Ушбу интеграция орқали қандай натижаларга эришилди?

– Аввалари кўчмас мулк бўйича битишувлар амалга оширилганда, кадастр идорасининг туман филиалларига ариза топшириб, буюртма бажарилганда олиб кетиш керак эди. Бунда кўчмас мулк қайси туманда жойлашган бўлса, ўша туман кадастр идорасига бориш талаб этиларди. Энди эса ҳудудий агентликка бориб, қисқа муддатда кадастр ҳужжатларни олиш мумкин.

Бу билан кадастр идоралари ходимларини қонунбузилиш ҳолатлари, коррупцияга олиб борувчи йўллар ёпилди. Сабаби, фуқаро бевосита кадастр идораси ходими билан учрашиб юрмасдан, агентликнинг ўзига маъқул келган бўлимига ариза беради. Бу билан эса, фуқаролар ёки юридик шахсларнинг имкониятлари кенгайди, корхона эса буюртмаларни бажариш муддатларини қатъий назоратга олди.

Шу тариқа мулкдор Давлат хизматлари агентлигига ташриф буюрмасдан, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳам аризалар бериши мумкин. Жорий йилнинг 8 ойи давомида Давлат хизматлари агентлиги орқали келган 325 мингта ариза ва ахборотга онлайн тарзда жавоблар юборилди.

– Билишимча, фойдаланувчилар интеграцияланган тизимлар ёрдамида иссиқ сув, электр, газ таъминоти каби маълумотларни кўриш имконига ҳам эга экан?

– Албатта, портал билан интеграция жараёнида коммунал ташкилотлар ҳам бор. "Ўзбекенерго", "Тошиссиққуват" шулар сирасидан.

Интеграция туфайли аҳолига қатор қулайликлар яратилди. Эски тартиб бўйича кадастр ҳужжатларидан нусхаларни коммунал ташкилотларга тақдим этиши, у ерда эса, қоғозда кўрсатилган маълумотларни қўлда тўлдириш керак эди. Бу ортиқча вақтни олиб, қоғоз харажатларини кўпайишига олиб келар эди. Энди эса буларнинг барчаси электрон тарзда амалга оширилмоқда.

Санаб ўтилган ташкилотлар ўртасида бир хил маълумотлардан фойдаланиш йўлга қўйилди. Бир хил манзиллар, турли кўринишдаги майдонлар ва албатта янги мулкдорлар тўғрисидаги маълумотлар. Ана шундай ҳамкорлик туфайли ўтган саккиз ой давомида коммунал ташкилотларга кўчмас мулклар таркибида ўзгариш бўлган 154 мингдан ортиқ объектлар тўғрисида маълумотлар тақдим этилди.

Келгусида "Ҳудудий газ таъминоти", "Сувсоз", "Телефон тармоқлари", "Махсустранс", Архитектура ва қурилиш бошқармаси, маҳаллий ҳокимиятлар билан ҳам ҳамкорлик қилиш режалаштирилган. Шу боис яратилаётган геопорталга Тошкент шаҳар ҳокимлигининг "Рақамли Тошкент" лойиҳаси доирасида икки идора ахборот тизимларини интеграция қилиш ишлари амалга оширилмоқда.

ЎзА мухбири Сайёра Шоева суҳбатлашди

12 598
ЎзА