ЎзА Ўзбек

10.03.2020 Чоп этиш версияси

КЎЗГУ ТУТАМИЗ: Дод деймизу йўқ демаймиз...

КЎЗГУ ТУТАМИЗ: Дод деймизу йўқ демаймиз...

Фарзандимизнинг келажагини коррупция орқали яратаяпмиз. Гап фарзанд ҳақида, унинг порлоқ келажаги, яхши жойда таълим олиши, “ёғли” жойда ишлаши учун яратиладиган шароит, имконият ҳақида борадиган бўлса, шубҳасиз, ҳар қандай ота-она ҳам қараб турмайди. Керак бўлса, “узатишдан”, кимнингдир чўнтагини “қаппайтириш”дан ҳам қайтмайди. Ундан ташқари қайсидир ташкилотлар, мутахассислар билан ишимизни битириш учун билибми ёки билмай, англаб-англамай коррупция, таниш-билишчиликка йўл қўямиз.

Ажабланманг... Сизга мисолларни келтирамиз.

Мактабгача таълим ташкилотига фарзандингизни қўйишдан олдин, албатта суриштирасиз. Қўни-қўшни, маҳалла-кўй фикрини оласиз. Қайси гуруҳ тарбиячиси яхши эканини сўраб олишни ҳам унутмайсиз. Ҳозир Давлат хизматлари агентлиги орқали болалар қабул қилинаётганини ҳисобга олсак, уларга мурожаат қиласиз. Агар сиз истаётган боғча ёки гуруҳда жой бўлмасачи? Ўша ерда ишловчи мутахассисдан “Бир иложини қилинг, қуруқ қўймайман, рози қиламан” деб айтиб юборишингиз ҳеч гап эмас. Ишингиз битса-битди, битмаса ҳам ҳеч нарса йўқотмадингиз...

Фарзандингиз мактабда ўқийди. Байрам кўп. Ҳар бир байрам ўзига хос ва мос тарзда ташкил этилади. Агар ўқитувчининг кўнглини олиб турсангиз, фарзандингизнинг кундалиги, табели “аъло” баҳоларга тўлади, наздингизда. Гўё, болангизнинг билими эмас, олаётган баҳолари муҳимдек...

Сиз машинадасиз. Шошиб турганингизда йўл қоидасини буздингиз. ЙПХ ходими камарни тақмаганингиз ва йўл қоидасини бузганингиз учун жарима ёзмоқчи. Сиз шу вазиятда нима қилган бўлардингиз? “Ҳа, албатта қоидани буздим, жарима ёзинг, тўлаб қўяман” демаслигингиз аниқ. Аввал ёзмаслигини илтимос қилиб кўрасиз. Агар рози бўлмаса, “келинг, шуни ёзиб мени ҳам овора қилманг, олиб қўя қолинг”, деб “атаганингизни” беришга уринасиз...

Маълумки, тиббиёт муассасалари, поликлиникалар, шифохоналар навбатларга тўла. Кўрикка бордингиз. Кутишга вақтингиз йўқ. Таниш-билиш қидириб кўрасиз. Кимнидир ўртага тушишини истайсиз. Шунда ишингиз осон битишини, кутиб кунингиз кеч бўлмаслигини хоҳлайсиз. Таниш топилса хўп-хўп, топилмаса, ҳамшираними, шифокорними ўзингизга яқин олиб, навбатсиз ишингизни битириб олишга бир бора бўлсада уриниб кўрасиз. Ўз навбатини сизга бермай норозилик билдирган беморлардан жаҳлингиз чиқиб, койинасиз ҳам.

Шу жараёнларнинг энг муҳим нуқтасига эътиборингизни қаратмоқчимиз. Сиз кунда бир марта бўлсин табиий жараённи бузишга, оқимнинг тўлқинланишига, қонунлардан четга чиқишга сабабчи бўлдингиз.

Кундалик ҳаётингизга кўзгу тутгандек бўлдикми? Агар ўзимиз ишимиз битиши учун қинғир йўлни танламасак, ҳеч ким бизни мажбурлаб қонундан четга чиқармайди. Шундай эмасми?

4 178
Барно Мелиқулова, ЎзА