ЎзА Ўзбек

26.03.2020 Чоп этиш версияси

Кўзга кўринмас қаҳрамонлар


Деразадан ташқарига қарайман. Инсон зоти кўринмайди. Фақат мушуклар бениқоб, бемалол юрибди. Ҳа-я, яна қушлар ҳам вирус деган бало-баттардан баландларда бепарво...

Бугунги синовли кунларда ҳар ким ўзиниям, бошқаниям хатарга қўйишни истамай, уйда ўтирибди. Буёғи "Уйда қолинг!" челленжи...

Болажонларнинг бири телефонга, бошқаси телевизорга "ёпишиб қолган". Онлайн дарс-чи, дерсиз? Ўқишга иштиёқи баланд болалар астойдил дарс тайёрлаётгани бор гап. Лекин мактабдаги ростмана дарсга дангасаликми, чарчоқ сабабми, аранг қатнаган боланинг энди ўтириб, онлайн дарс қилиши – фантастика! 

Бир парча ернинг қадрини кўп қаватли уйларда – "дом"да турадиганлар ҳаммадан яхшироқ англайди. Она табиат, тоза ҳавонинг, дов-дарахтлару яшиллик оламининг қадри кунлар илий бошлагач, янада кўпроқ сезилади.

Борлиқ зумрад қиёфага кириб бормоқда. Ана, озодаликни ёқтирадиган қўшни кирларини ювиб, ташқарига иляпти. Нуроний бобо эски "Жигули"сини вағиллатяпти. Яна биров ошхонасидаги токчани тозалаганми, банкадаги айниган компотни ўрик дарахти тагига ими-жимида кўмиб қўйди.

Уйда ҳамма жам бўлганда бирон юмушни тузук-қуруқ бажариш ҳам қийин.Болалар барибир қайта тўзғитиб юборади. Шундай пайтларда бувижонлар жонимизга ора киради.Кичкинтойлар билан гоҳ китоб ўқийди, гоҳи ўзлари ҳам болага айланиб, "шаҳар-шаҳар", "сўз топиш", тез айтиш, топишмоқ айтиш ўйнайдилар. Болаларга ибрат бўлгулик эртагу ҳикояларни айтиб чарчамайдилар. Умри мактабда муаллимликда ўтган бувижонлар титилиб-йиртилиб кетган китобларни авайлаб ямайдилар. Қиз невараларига чеварликни ўргатсалар, ўғилчаларга ҳам муносиб иш топиб берадилар.

Кимлардир шифохоналарда соғлиғини хатарга қўйиб, ҳаловатидан кечиб, беморларни дард домидан қутқазмоқда. Посбонларимиз ўз постида доим сергак! Кимдир новвойхонада кечани кундузга улаб, нон ёпмоқда. Бошқа ҳамюртларимиз корхонада, далаларда тиним билмай, эртанинг ризқини яратмоқдалар. Шундай синовли кунларда барчамизга сабр-қаноат, тартиб-интизом, меҳнатсеварлик, муомалаю мўътадил муносабатда, яхшиликка хайрихоҳликда ибрат бўлаётган нуронийларимиз – камтар қаҳрамонларимиз ҳамиша омон бўлсинлар!



1 158
Назокат УСМОНОВА,ЎзА