ЎзА Ўзбек

08.04.2019 18:12 Чоп этиш версияси

КЎЗБЎЯМАЧИЛИК: Мактаблар рейтинги имтиҳонларида ўқувчи ўрнига бошқа ўқувчи кириши аниқланди

КЎЗБЎЯМАЧИЛИК: Мактаблар рейтинги имтиҳонларида ўқувчи ўрнига бошқа ўқувчи кириши аниқланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда 2018 йил 29 декабрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Халқ таълими вазирлигининг «Умумтаълим муассасаларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қўшма қарорига асосан Республикамизнинг барча ҳудудларида белгиланган умумтаълим муассасалари рейтингини аниқлаш доирасида назорат ишлари ва сўровномалар ўтказилиши режалаштирилган. Мазкур жараён жорий йилнинг 8 апрель куни бошланди ва 15 апрелгача давом этади.

Бугун мамлакатимиздаги умумтаълим муассасаларини қатор халқаро тадқиқотларда иштирок этишлари учун тайёргарлик ишлари олиб борилаётган бир пайтда, маҳаллий рейтинг натижаларини аниқлаш жараёнида кўзбўямачилик қилаётган мактабларимиз ҳам йўқ эмас. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ходимлари томонидан Бухоро вилояти Буxоро шаҳридаги 17-сонли мактабдан имтиҳон жараёнида 3 нафар ўқувчи ўрнига бошқа ўқувчиларнинг имтиҳонга киргани, 35- ва 38-сонли мактабларда ҳам имтиҳон олинаётган синфга бошқа синф ўқувчиларининг киритилганлик ҳолатлари аниқланди. Ушбу жараёнда имтиҳон тўхтатилиб, далолатнома тузилди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Матбуот хизмати хабар қилмоқда.

photo5285389117145852481.jpg

Ушбу мактаблар Халқ таълими вазирлиги томонидан рейтингда иштирок этиш учун вилоятдаги энг наъмунали мактаб сифатида танланиб, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига тақдим қилинган. Ваҳоланки, билдирилган ишончни оқламаётган мазкур умумтаълим муассасалари раҳбарлари бугун кимни алдамоқда? 2021 йилга келиб, PISA, PIRLS халқаро тадқиқотларида иштирок этишда улар қандай йўл тутишар экан?

Шу ўринда, рейтингда иштирок этаётган умумтаълим муассасалари раҳбарларига имтиҳоннинг ташкилий жараёнларида турли “қинғир йўл”ларни амалга оширишга ҳаракат қилмасликларини сўраб қоламиз.

ЎзА
21 336