ЎзА Ўзбек

14.07.2018 13:15 Чоп этиш версияси

Кўз нури ва қалб қўри

Кўз нури ва қалб қўри
Баъзан феъли нобопроқ, босар-тусарини билмай қолган ходимларга “Устоз кўрмаганнинг йўрғалашига қара”, дейишади. Устоз кўришда гап кўп. Айниқса, унинг бебаҳо тажрибалари билан суғорилган ўгитлари ҳаётимизни нурафшон этади. Кўп ёши улуғ, ўз касбининг моҳир усталари билан бир пиёла чой устида ёки йўл-йўлакай дилдан суҳбат қурганимда ажиб ҳолатга дуч келганман...

Сабоқ ва сабот сайли

Бир баҳона сабаб узоқроқ сафарга отландим. Ҳаммаси яхши. Таниган-танимаган одамларга ҳамроҳ бўлдим. Баъзан бир-биридан ширин суҳбат авж олса, баъзан сўз-сўзга қовушмайди. Хуноблик ошган. Айтар сўзингни тинглаб, дардингга шерик бўлгувчи йўқдек, гўё. 

Бир маҳал қотмадан келган, юзи узунчоқ, ёноқлари ботган, қўнғирсоч йигитнинг, чуқур ўйга толиб кетаётгани нигоҳимни тортди. Озода кийинган, бироқ юпун. Кўз қарашларида қандайдир ўкинч балқиб турарди. Шошганиданми кўйлагининг тугмаларини ўринсиз қадаган: саранжомлик йўқ. Гурунгимизга ҳам аралашмасдан, олисларга тикилгани тикилган эди. Менга унинг ушоқ жуссаси бетартиб оламнинг нуқсидек туюлди. Дарду ҳасратлари йиғилиб, ич-этини емираётганини пайқаб, суҳбатга тортишга чоғландим. Лекин гапни нимадан бошлайман. Ҳарқалай сирдош бўлиш истаги кучлилик қилди. 

Йўлдамиз денг. Олд ўриндиқда ўтирган опахоннинг оғзи тинмасди. Ҳали ундан сўз очади, ҳали бундан. Билса, билмаса, эшитганларига қўшиб-чатиб вайсагани-вайсаган. Қулоқ мияни қоқиб қўлимга берди. Боз устига, орқага қараб, “ука, бу свежий янгилик-а” дейди кўрсаткич бармоғини лаблари устига қўйиб. Пинҳона янгиликдан кимдир хабар топса, аҳволимиз чатоқ бўлиши ҳақида беизн дакки беради яна... Калта кесилган, беўхшов рангга бўялган соч гапга янада ваҳима бағишларди. Аслида опа “пинҳон пичирлаётган” бўҳтонлар интернет узра тарқалганига ярим ой бўлганди. Ана холос, деб бош сараклатиб туришдан нарига ўтишни ўзимга эп кўрмайман. Бўлди-да, энди, деб кўнглига озор беришдан орланаман. Кўнгил қолдириш осон, уни овлаш қийин-да. Опа қўллари билан сочларини орқага тўғрилаб қўяди. Кўз жияклари тортилиб қолган, лабларига сурилган қизил бўёқ ҳам анча аввал урфдан қолиб улгурган. Униқиб кетган сумкаси ҳам ёшлигида ниҳоятда гўзал ва ёқимтой бўлишга уринганини англатарди. Феъл-атворидаги жиззакилик, эътибор талаблиги ҳам шундан. 

Осмонга боқавериб, кўзлари чарчаган ҳамроҳимиз бирдан тилга кирди. Ҳе йўқ, бе йўқ ўз-ўзини койий бошлади. “Шунқаям содда, ландовур бўламанми?” Асабий ҳолда бармоқларини бор кучи билан қисирлатарди. Манзилга етиб келганимизда ҳам зўр бериб ўзини айбларди. Бу ҳолдан кўнглим бузилди. Тасалли излаб, ён-атрофга назар солдим. 

Бир амаллаб тунаш учун мўлжалланган хонага келдим. Орасталикдан яйрайсан киши. Гул ҳиди таралиб турибди. Хушмуомала 
ходимларнинг топқирлиги, зукколигидан ҳайратда қотдим. Пашша учса сезиладиган даражада сокинлик ҳукмрон. Тиқ этган товуш эшитилмайди. Шанғи опанинг қўпол, хириллаган овози элас-элас қулоғим остида жаранглаб турибди. Мендан нари борса беш-олти ёш катта аканинг ўжарлиги, нолишлари хаёлим пучмоқларини банд этган эди... 

Сокин хонада узоқ хотираларимни титкиладим. Қишлоғимиздаги мактабнинг география фани ўқитувчисини калака қилган бир ўсмирни маҳалла аҳли қаттиқ изза қилгани, ота-онасига дашном беришгани кечагидек ҳали-ҳануз эсимда. Ўқитувчига, устозга тик боқмаслик сабоғини, сир-асрорни ўшанда олганман. Бугун-чи?! Ўқувчи устозини ҳақоратласа (фалончини бойнинг, фалончибекнинг арзандаси-да), ўқишни талаб қилгани учун ота-оналардан дакки эшитса, бунга чидаб бўладими?! Ижтимоий тармоқларда ўқувчига тнабеҳ берган устоз кунора иғво, бўҳтонга қолган. 

...Бояги йигит ҳам шундан куйганлардан экан. Айби, ўқишни талаб қилгани: шу сабаб узоқ азоблашибди. Бир кун бу идорага сўров берса, эртаси куни яна бирига. Мана сизга болаларга берилган ўринсиз эркинликнинг меваси. Ана сизга устознинг фидойилигига мукофот. Дўмбирани бахши чалса, этни жимирлатгулик садо янграйди. Акси бўлса-чи?! Тешилган, бенаво, буюмга айланади, қолади. Назаримда, бошбодоқ эркинлик ҳам шундай. Уни ортиқча суиистеъмол қилиш ярамайди. 

Илм карвони...

Халқимизда “Устоз отангдек улуғ”, деган мақол бор. Бу нақл олам-олам маънони анг-латади: агар ота-она фарзандни дунёга келтирса, уни камолга етказадиган, етук инсон қилиб тарбиялайдиган устозлардир. Саодат манзилига етишнинг ўзига яраша юки бўлади. Ана шу юкнинг салмоқли қисми муаллим елкасида. 

Истиқлол йилларида мамлакатимизда таълим тизимини жаҳон андозалари асосида ислоҳ қилиш, янги илм масканлари қуриш, уларни замонавий техника воситалари билан жиҳозлаш ишларига, ўқитувчилар меҳнатини қадрлашга, уларга ҳар жиҳатдан ғамхўрлик кўрсатишга алоҳида эътибор берилмоқда. 

Абдурашид Эргашев,  
она-тили адабиёт фани ўқитувчиси (Бухоро):

– Дунё шиддат билан ўзгариб, навқирон авлоднинг қалби ва онгини эгаллаш учун кураш тобора авж олиб бораётган, мураккаб ва таҳликали бир даврда Ватан тараққиёти, миллат истиқболи учун дахлдорлик ҳисси билан яшайдиган, мустаҳкам имон-иродага эга, мустақил юрт туйғусини теран англайдиган, бегона оқим ва ғояларга қарши қатъий тура оладиган авлодни тарбиялаш биз устозларнинг зиммамизга улкан масъулият юклайди. Бугун ўқитувчига бўлган талаб тубдан ўзгарди. Боиси, педагог ҳам устоз, ҳам руҳшунос бўлмоғи жоиз. Бугунги кунда олиб борилаётган ислоҳотлар замирида ҳам ўқитувчилик касбини ардоқлаш, ижтимоий ҳимоясини янада яхшилашга жиддий эътибор қаратилмоқда. Яқинда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан халқ таълими тизимини тубдан ўзгартириш, уни замон талабларига мувофиқ такомиллаштириш борасида қўйилган вазифалар ижросига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам бу ҳолат алоҳида қайд этилди. Президент Шавкат Мирзиёев ўқитувчининг обрўсини ошириш борасида зарур топшириқлар берар экан, “Ўқитувчини ҳурмат қилмаганни мен ҳам ҳурмат қилмайман”, деб алоҳида таъкидлагани биз учун – мамлакатда фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг дилидаги гап бўлди, десам сира янглишмаган бўламан. 

Орзигул Пирназарова,  
тарих фани ўқитувчиси (Наманган):
– Инсон яшар экан, аввало, унга билим ва маърифат дунёси сари йўл очиб берган, унинг қалбига юксак инсоний фазилатлар ҳиссини сингдириш йўлида заҳмат чеккан устоз ва мураббийларига нисбатан кўнглида ҳамиша миннатдорлик туйғуси билан яшайди. Бундан аёнки, юртимизда ўқитувчи ва мураббийларнинг обрў-эътиборини янада ошириш, ёшларимизнинг биздан кўра билимли, кучли ва бахтли бўлишлари учун барча шароитлар яратишга катта эътибор қаратилмоқда. Бу эса биз каби ўқитувчиларга ишчанлик завқини, изланувчанлик шавқини беради, албатта. Таълим тизими тубдан ислоҳ қилинаётган бир пайтда касб-ҳунар таълимини такомиллаштириш, янги педагогик технологияларни жорий этиш, дарсликлар ва ўқув қўлланмаларининг янги авлодини яратиш, замонавий билимларни эгаллаш, ўқитувчи кадрлар билан таъминлаш масалалари мазкур билим масканида тўғри йўлга қўйилганлигидан кўнглингиз равшан тортади. 

“Бешикдан қабргача илм изла”, дейди доно боболаримиз. Бугуннинг талаби ёшларимиздан компьютер билан, қолаверса, интернет билан ишлашни ва ундан унумли фойдалана олишни, чет тилларни мукаммал билишни талаб қилмоқда. Ёшларни ўз фарзандларидек севадиган минг-минглаб фидойи ўқитувчилар меҳнатини игна билан қудуқ қазишга ўхшатиш мумкин. 
Президентимиз таъбири билан айтганда, “Ҳақиқатан ҳам, ҳар бир мурғак болани ўз фарзандидек ардоқлаб, ёш авлод тарбияси учун кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини бахш этадиган ўқитувчи ва мураббийлар том маънода фидойи касб эгаларидир. 
Биз бугун замонавий билим ва касб-ҳунарлар, хорижий тилларни пухта эгаллаб, катта умид ва ишонч билан ҳаётга қадам қўяётган, эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлган минг-минглаб фарзандларимиз камолида ўқитувчи ва мураббийларимизнинг беқиёс ҳиссаси борлигини яхши биламиз ва сизларнинг бу улуғ хизматингизни юксак қадрлаймиз”. 
Шундай фараҳли, фаровон кунларда устозлар омон бўлсин! Улар жигарбандларимизни бировдан кам бўлмайдиган даражада тарбия топишида қўлидан келган меҳнатини аяшмасин. Биз ҳам бу йўлда уларга сабру матонат тилаб, бошларидан бор самимий қалб туйғуларимизни сочқи айлайлик. Демак, ўша энг олий тилак ўзгармасдир: ҳаммавақт қадрингиз улуғ бўлсин азиз, устозлар!

Ғайрат Ширинов,ЎзА
5 655