ЎзА Ўзбек

08.11.2018 19:07 Чоп этиш версияси

Кўз микрохирургияси долзарб муаммолари

Кўз микрохирургияси долзарб муаммолари Пойтахтимиздаги “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида ташкил этилган халқаро анжуман шундай номланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургия илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон, Россия, АҚШ, Италия, Қозоғистон каби давлатлардан малакали мутахассислар, офтальмологлар иштирок этди.

Бугунги кунда мамлакатимизда аҳолига офтальмология соҳасида кўрсатилаётган тиббий-профилактика ёрдами сифатини яхшилаш, офтальмологик касалликларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 июндаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017-2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим дастуриламал бўлаётир.

Шу жиҳатдан ташкил этилган мазкур тадбирда кўз касалликлари, уларнинг диагностикаси ва даволаш усуллари ҳамда бу борадаги хорижий тажрибаларни ўрганишга асосий эътибор қаратилди. Унда мамлакатимизда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматни янада яхшилашда офтальмология соҳасида эришилаётган улкан ютуқлар ва халқаро тажрибаларни амалиётга татбиқ этиш бугунги куннинг асосий вазифаларидан бирига айлангани хусусида сўз юритилди.

– Айни кунларда барча тиббий йўналишлар қатори офтальмология соҳасини янада такомиллаштиришга катта эътибор қаратилган, – деди Ўзбекистон Қаҳрамони, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти офтальмология кафедраси профессори Холид Комилов. – Маҳаллий ва хорижлик мутахассислар анжуманда кўз микрохирургиясида эришилаётган ютуқлар бўйича ўртоқлашди. Айниқса, бунда глаукома, кексалик макулодистрофияси, диабетик ретинопатия, тўр парда кўчиши каби касалликлар профилактикаси, бу борада тиббий муассасаларни зарур жиҳозлар билан таъминлаш ҳамда кадрлар малакасини оширишда халқаро ҳамкорликларни янада мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этади.

Таъкидлаш керакки, Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази етакчи тиббий муассаса бўлиб, у энг замонавий офтальмологик асбоб-ускуналар билан таъминланган. Бу ерда катаракта ва глаукома жарроҳлиги, реконструктив жарроҳлик, шох парда жарроҳлиги, лазер жарроҳлиги, болалар кўзининг микрохирургияси, пластик жарроҳлик, болалар кўзларини замонавий махсус компьютер дастурлари асосида даволаш, шунингдек, индивидуал кўз протезларини ясаш ва қўйиш амалиётлари бажарилади. Марказ касалланган шох пардани тиниқ донор шох пардага алмаштиришни амалга оширадиган ягона кўз клиникасидир.

Анжуманда кўз микрохирургиясининг долзарб масалалари, кадрлар малакасини ошириш, бу борадаги ютуқ ва муаммоларга доир масалалар юзасидан маърузалар тингланди.

– Кўз микрохирургияси ривожида тажриба алмашиш жуда муҳимдир, – деди россиялик офтальмолог Евгений Сидоренко. – Чунки бугунги кунда кўз касалликларининг олдини олиш, сифатли профилактикаси ва жарроҳлик амалиёти учун тиббиётнинг замонавий усулларидан фойдаланиш ижобий самара беради. Шу боис тадбир доирасида шох парданинг оғир касалликлари бўйича жарроҳлик амалиёти, маҳорат дарслари амалга оширилади. Бундай назарий ва амалий машғулотлар барча иштирокчилар учун фойдалидир.

18.JPG

23-faqat saytga.JPG

29-faqat saytga.JPG


Насиба Зиёдуллаева, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА
1 570