Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.05.2017 11:23 Чоп этиш версияси

Кўрсатилаётган улкан эътибор ва ғамхўрлик умримизга умр қўшмоқда

Фарғона вилоятида ҳам 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган турли маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилиб, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ёши улуғ инсонларни, айниқса, уруш ва меҳнат фронти фахрийларини улуғлаш, уларга алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, эъзозлаш, турмуш шароитларини янада яхшилашга доимий эътибор қаратилмоқда. Ўз азиз жонини бугунги тинч ва осойишта кунлар учун фидо қилган аждодларнинг муқаддас хотирасини ёд этиш, ишларини давом эттириш, сафимизда юрган кексаларни эъзозлаш одамийликнинг энг олий мезони ҳамда халқимизга хос азалий қадриятдир.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бугунги дориломон кунларимизга муносиб ҳисса қўшган нуронийларга кўрсатилаётган юксак ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.

Фарғона вилоятида ҳам мазкур ҳужжатлар ижроси доирасида турли тадбирлар ўтказилиб, кексалар ҳолидан хабар олинмоқда, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига Президентимиз номидан 2 миллион сўм пул мукофоти, “GM Uzbekistan” қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган автомобиллардан бир марта навбатсиз сотиб олиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш учун имтиёзли сертификат топширилмоқда.

– Вилоятимизда 150 дан зиёд Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ҳаёт кечирмоқда, – дейди “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Топволди Холдоров. – Нуроний отахон ва онахонларимиз жамиятимизда тинчлик-тотувлик, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, маҳаллалар фаолиятини янада ривожлантириш, ёшлар онги ва қалбида ватанпарварлик, фидойилик туйғуларини юксалтиришда фаол иштирок этмоқда. Уларнинг ибратли ҳаёт йўли, фидокорона меҳнат фаолияти ёш авлодни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган байрам тадбирларида вилоятимиздан 20 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси иштирок этиши кўзда тутилган. Уларнинг байрам тадбирларига бориб-келишлари учун барча шароит яратилади.

Ушбу байрам тадбирларида Олтиариқ туманида яшовчи Ҳомиджон ота Ўзганов ҳам иштирок этади.

– Президентимиз раҳнамолигида биз кексаларга кўрсатилаётган эътибор учун миннатдормиз, – дейди Ҳомиджон ота. – Айниқса, пойтахтимизда ўтказиладиган тадбирларда иштирок этишимиз бизни беҳад қувонтирди. Тадбир баҳона пойтахтимизда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишамиз. Сафдошлар билан дийдорлашамиз. Бундай улкан эътибор ва ғамхўрлик умримизга умр қўшмоқда. Барчаси учун давлатимиздан миннатдормиз.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
5 113






Все о погоде - Pogoda.uz