ЎзА Ўзбек

11.09.2019 Чоп этиш версияси

Кўрсатилаётган давлат хизматларидан аҳоли мамнунми?

Кўрсатилаётган давлат хизматларидан аҳоли мамнунми?

Бугун ягона дарча тамойили асосида 100 дан ортиқ давлат хизматларининг йўлга қўйилгани аҳоли учун кўплаб қулайликлар яратмоқда. Буни Миришкор тумани давлат хизматлари маркази мисолида ҳам кўриш мумкин.

Ҳар бир мижознинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб марказда яратилган шарт-шароитлар аҳолини мамнун қилмоқда. Айниқса, тадбиркорлар йўлга қўйилган хизматлардан мамнун.

Масалан, тумандаги ёш тадбиркор Алишер Кенжаев ҳам жорий йилда туман давлат хизматлари маркази рўйхатидан ўтиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлади.

– Бугун тадбиркорлар учун яратилган имкониятлар таҳсинга лойиқ, – дейди А.Кенжаев. – Тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтишим ортиқча оворагарчиликсиз битиб, тезда ҳал бўлди. Муҳими ҳужжатларимнинг барчаси ўша жойнинг ўзида тайёр бўлди. Натижада туман марказидаги бўш турган икки қаватли бинони “ноль“ қийматда олиб, у ерда тикувчилик цехи, гўзаллик салони ва савдо мажмуаси ташкил қилдим. Шуни эвазига 25 та янги иш ўрни яратилди.

photo5461133080044612259.jpg

Миришкор туман давлат хизматлари маркази томонидан кўрсатилаётган давлат хизматлари бугунги кунга келиб, 120 дан ошиб кетди. Хусусан, марказ томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 16 минг 200 дан ортиқ жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатилган. Бундан ташқари туманнинг ҳудуди катталиги ва олис қишлоқ аҳолисининг туман марказига қатнаши мураккаблигини ҳисобга олиб, чегара ҳудудда жойлашган Помиқ ва Гулшанбоғ қишлоқларида иккита филиал ташкил этилди. Ҳозирда белгиланган график асосида марказ ходимлари филиалларга бориб, тўғридан-тўғри сайёр давлат хизматлари ўтказиб келмоқда.

Туманда фаолият юритувчи тадбиркор Жамшид Жамилов якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолиятини 2015 йилда бошлаган. Ўтган вақт мобайнида соҳада анчагина тажриба орттирган тадбиркор фаолиятини кенгайтиришни ният қилиб, давлат хизматлари марказига ташриф буюради.

– Эндигина тадбиркорликни бошлаганимда якка тартибдаги тадбиркор бўлиш учун ҳужжатларни тайёрлашга бир ой овора бўлгандим, – дейди Жамшид Жамилов. – Жорий йил бошида оилавий тадбиркор сифатида рўйхатдан қайта ўтиш учун туман давлат хизматлари марказига бордим. Бир соатда ишим битди. Аслида яна бир ой овора бўлсам керак деган хаёлда келган эдим. Тадбиркорлар учун шунчалик имкониятлар яратилаётганидан мамнунман. Мана ҳозир оилавий тадбиркор сифатида фаолиятимизни давом эттираётирмиз. 20 хил турдаги ширинлик ишлаб чиқармоқдамиз. Кредит маблағи эвазига хориждан замонавий ва энергия тежамкор технологиялар олиб келганимиз, маҳсулотларимиз сифатини ошишига хизмат қилмоқда.

Марказ биносида фуқаролар учун етарлича шарт-шароитлар яратилган. Айрим давлат хизматларини фуқаролар залда ўрнатилган инфо-киосклар орқали ўзлари мустақил амалга оширишлари ҳам мумкин. Марказ томонидан туман аҳолисига кўрсатилаётган давлат хизматларининг асосий қисмини болаларни мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш, электр энергия, газ ва сув тизимига уланишга техник хулосалар олиш ва пломбалаш, фуқароларни жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизимига ҳисобга қўйиш, судланмаганлик тўғрисида маълумотнома, кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишга ариза юбориш, қурилиши тугалланган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш, архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш кабилар ташкил қилмоқда.

2 925
Ў.БАРОТОВ, ЎзА