ЎзА Ўзбек

03.05.2018 13:48 Чоп этиш версияси

Кўплаб ёшлар ишли бўлди

Қашқадарё вилояти Касби туманида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ташаббуси билан ўтказилаётган ёшлар ҳафталиги доирасида намунавий меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.

Меҳнат ярмаркаси Касби тумани ёшлари учун қўшимча имкониятлар яратди. Кўчма меҳнат ярмаркасида қўшни туманлардан ҳам бўш иш ўринлари таклиф этилди.

– Ушбу кўчма меҳнат ярмаркасида вилоятдаги ташкилотлар 4 мингдан ортиқ иш ўрни таклиф этди, – дейди Касби тумани прокурори Б.Исматов. – Ўтказилаётган меҳнат ярмаркалари орқали кўплаб ёшлар иш билан таъминланмоқда. Масалан, бугунги ярмакада менга тегишли сектор бўйича 80 нафар ишсиз фуқаро жамоат ишларига жалб этилди. Бундан ташқари, "Устоз-шогирд" анъанаси йўлга қўйилган. Бу бўйича бугун 8 тадбиркор рўйхатга олинди. Уларнинг ҳар бири ўртача 5 нафардан шогирд тайёрлайди. Касбга ўқитилиш жараёнида шогирдларга стипендия тўланади.

Меҳнат ярмаркасида мурожаат қилганларнинг 140 нафари ўз мутахассислиги бўйича ишга йўлланма олди. 60 нафар йигит-қиз касб-ҳунарга йўналтирилган бўлса, 350 ишсиз фуқаро жамоат ишларига жалб этиладиган бўлди.

Туманнинг Ровот қишлоғида истиқомат қилувчи Ойбек Турсунов ҳам коллежни битириб, ўз мутахассислиги бўйича иш излаб юрган эди. Бугунги тадбирда у мақсадига эришди.

– “Касби умумий овқатланиш” масъулияти чекланган жамиятига ошхона ишчиси сифатида ишга қабул қилиндим, – дейди О.Турсунов. – Бундан жуда хурсандман. Боиси, энди мен ҳам ўз меҳнатим билан оиламиз бюджетига ҳисса қўша оламан.

Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркасида натижадорлик муҳим. Иш сўраб мурожаат қилаётганларга қулайлик яратиш мақсадида туманнинг 4 секторида ҳам худди шундай тадбирлар ташкил этилмоқда.

Ўлмас Баротов, ЎзА
7 292