Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.05.2018 17:01 Чоп этиш версияси

Кўп тармоқлилик кўп даромад демакдир

Фарғона вилояти Қўштепа туманидаги “Давр Турсун” кўп тармоқли фермер хўжалиги мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги, айниқса, фермерлик ҳаракатини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор, яратилаётган имконият ва имтиёзлардан унумли фойдаланиб, катта муваффақиятларга эришмоқда.

Вилоятда нафақат пахта ва ғаллачилик, балки чорвачиликни ривожлантириш, хусусан, наслли қорамол зотларини кўпайтириш ва маҳаллийлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётир. Тармоқларни ривожлантириш дастури доирасида Қўштепа туманида чорвачилик йўналишида 15 фермер хўжалиги фаолият юритмоқда.

“Давр Турсун” кўп тармоқли фермер хўжалигида чорва наслчилигини ривожлантириш мақсадида Голландия ва Венгриядан келтирилган 250 бошдан зиёд қорамол парваришланмоқда. Шу кунларда Голландиядан яна 70 бош наслли қорамол сотиб олиш учун бизнес-режа тайёрланиб, Жаҳон банкига тақдим этилди. Бу ташаббус қўшимча 17 иш ўрни яратиш, йил охирига қадар фермер хўжалиги тасарруфида сутни қайта ишлаш цехини ишга тушириш имконини беради.

– Наслли қорамол олиш соҳасида жаҳон тажрибасини кенг ўрганиб, фаолиятимизни дунёнинг энг илғор тажрибалари асосида такомиллаштирмоқдамиз, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Раҳимжон Сатторов. – Натижада ўтган йилнинг ўзида 1 миллиард 200 миллион сўмлик маҳсулот сотишга эришдик ва соф фойда 450 миллион сўмни ташкил этди. Бу йил соф фойдани икки баробар ошириш орқали яна 30 дан ортиқ иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

Хўжаликда 15 мингдан зиёд парранда парвариши ҳам йўлга қўйилган. Ҳозирги кунда паррандачилик тармоғини янада ривожлантириш мақсадида 50 минг товуқ боқишга мўлжалланган замонавий бино қурилиб, зарур жиҳозлар билан таъминланмоқда. Кунига 35-40 минг дона тухум олиш имконини берувчи янги лойиҳанинг амалга оширилиши туфайли таълим ва тиббиёт муассасалари, санаторияларга арзон тухум етказиб берилади.

Фермер хўжалиги аъзолари моддий манфаатдорлигини ошириш мақсадида 10 сотих майдонда иссиқхона ташкил этилган. Қарийб 30 гектар майдонда парваришланаётган пахта, 87,8 гектар майдондаги буғдой ҳосили баравж ривожланиши учун ўз вақтида сифатли агротехник тадбирлар амалга оширилиб, минерал ва маҳаллий ўғитлар билан ишлов берилмоқда. Шунингдек, мазкур тармоқларда 40 мавсумий иш ўрни яратилиши таъминланди.

Даромад кўпайса, янги режаларни ҳаётга татбиқ этиш имконияти ҳам ортади. Давлатимиз томонидан бундай эзгу мақсадларни рўёбга чиқариш учун етарлича имтиёз ва қулайликлар яратилган. Ишнинг кўзини биладиган тадбиркор бу имкониятлардан самарали фойдаланади. Фермер хўжалиги томонидан туман марказида маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳам ташкил этилган. Масалан, "Гўзаллик салони", чевархона хизматидан аҳоли мамнун.

М.Сулаймонов, ЎзА
8 639