Кўп тармоқли фермер хўжаликларининг даромади кўп
Ана шу мақсадларда кейинги йилларда фермер хўжаликларини кўп тармоқлига айлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда.
Қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланиши кўп жиҳатдан фермер ва деҳқонларимизни қўллаб-қувватлаш, уларнинг даромадларини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширишга боғлиқ.
Ана шу мақсадларда кейинги йилларда фермер хўжаликларини кўп тармоқлига айлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда.
Зеро, кўп тармоқли бўлиш қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан бирга уни қайта ишлаш, сақлаш, сотиш, хизматлар кўрсатиш ва фаолиятнинг қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа турлари билан шуғулланиш имконини беради.
Кўп тармоқли фермер хўжаликлари реестрга киритилган кундан маҳсулот етиштириш билан боғлиқ бўлмаган бошқа фаолият турлари бўйича ягона солиқ тўловидан 5 йилга озод қилинди.
Ҳозирда минглаб фермерлар бу имтиёздан фойдаланмоқда.
– Олий Мажлис Сенати тасдиқлаган дастур ижросини таъминлаш учун юртимизда 10 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари кўп тармоқли бўлди, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бўлим бошлиғи Зокир Алламурадов. – Натижада 33,6 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланди. Ушбу ишларни амалга ошириш учун 1653 миллиард сўм жалб этилди.
Жорий йилнинг ўтган даврида кўп тармоқли фермер хўжаликлари 7,1 минг гектар интенсив боғ, 3,4 минг гектар токзор ва 380 гектар майдонда иссиқхоналар барпо этди. 186 та фермер хўжалигида мева-сабзавот, сут ва гўшт маҳсулотлари, 225 та фермер хўжалигида нон ва нон маҳсулотлари, 85 та фермер хўжаликларида қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Шунингдек, 149 та фермер хўжалигида совутгич омборлари қурилди, 4 мингдан зиёд фермер хўжалигида қорамолчилик, паррандачилик, балиқчилик, қўйчилик, қуёнчилик, йилқичилик каби соҳалар ривожланмоқда.
Энг муҳими эса 27 та фермер хўжалигида 2082 ўринли мактабгача таълим муассасалари, 2 мингдан зиёд фермер хўжалигида сервис хизматлари борасидаги лойиҳалар амалга оширилгани.
– Ҳар бир ҳудудда фермер хўжаликларининг кўп тарморқлига айлантириш ва бу орқали янги иш ўрни яратиш эътиборда,– дейди Зокир Алламурадов. – Мисол учун, Андижон вилоятида 400 дан ортиқ фермер хўжалиги мева-сабзавотни қайта ишлаш лойиҳаларини амалга оширмоқда. 3 мингдан ортиқ фермер хўжалигида эса сервис хизматлари йўлга қўйилган. Балиқчи тумани тажрибасини оладиган бўлсак, туманда мавжуд 70 фермер фаолият юритади. Улардан бири «Набижон ота» фермер хўжалиги трикотаж корхонасини ишга тушириб, 20 ортиқ ёшларнинг бандлигини таъминлади. Минимаркет ва сартарошхона барпо этиш, интенсив боғ яратиш натижасида яна 30 иш ўрни яратилди.
Мисолларга эътибор қаратадиган бўлсак, Балиқчи туманидаги кўп тармоқли фермер хўжаликлари йил охирига қадар 21 та йўналишда 71 та лойиҳани амалга ошириши белгиланган. Ҳозирда уларнинг 60 тасида белгиланган лойиҳалар ишга туширилиб 240 та янги иш ўрни яратилди.
Албатта, янги лойиҳалар амалга оширилса, даромад кўпаяди. Янги режаларни ҳаётга татбиқ этиш имконияти ҳам ортади. Ишнинг кўзини биладиган тадбиркор эса бу каби имкониятлардан самарали фойдаланади.