ЎзА Ўзбек

10.09.2019 Чоп этиш версияси

Кўп квартирали уйларда энергия самарадорлигини қонун билан назорат қилиш кўзда тутилмоқда

Кўп квартирали уйларда энергия самарадорлигини қонун билан назорат қилиш кўзда тутилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан “Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси тайёрланди.

Парламент қуйи палатасида депутатлар, соҳа мутахассислари иштирокида мазкур қонун лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

– Қўмитамиз томонидан жойларда “Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги қонун ижроси бўйича назорат-таҳлил олиб борилди, – деди Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Азамат Пардаев. – Маълум бўлдики, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, муассасалар ва ташкилотларда замонавий энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича хизматлар мавжуд эмас. Соҳага ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ишлари эса суст. Бундай камчиликлар энергия ресурслари харажатларини мақбуллаштириш имконини бермаяпти. Бундан хулоса шуки, соҳани тартибга солувчи амалдаги қонунни такомиллаштириш зарур. Шу боис мазкур қонун лойиҳасида иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия сарфи ҳажмини кескин камайтириш борасидаги ишларни комплекс ташкил этиш, ёқилғи-энергетика ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш кўзда тутилган.

Таъкидланишича, қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда мавжуд ресурсларни ва ишга солинмаган салоҳиятни жалб этиш орқали энергия самарадорлигини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада илғор хорижий тажрибани инобатга олиб, энергия тежовчи технологиялар, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш бўйича бир қатор таклифлар илгари сурилди.

– Қонун лойиҳасида энергия самарадор ва энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича товарлар (ишлар, хизматлар) норматив ҳужжатларда кўрсатилган энергия жиҳатидан самарадорлик кўрсаткичларига мувофиқлик бўйича мажбурий сертификатлаштирилиши мустаҳкамланмоқда, – деди Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзоси Ёрмамат Холияров. – Шунингдек, унда Ўзбекистон Республикасининг Энергетика вазирлиги энергиядан фойдаланиш бўйича махсус ваколатли давлат органи сифатида қайд этилаяпти. Унга кўра, мазкур вазирлик кўп квартирали уйларда энергия самарадорлиги тоифаларини аниқлаш қоидаларини белгилайди. Энергия самарадорлиги паст бўлган маҳсулотларни мамлакатда ишлаб чиқарилиши ёки импортини чеклаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади. Фойдаланилаётган энергия ресурслари ҳисобини юритади. Давлат органлари ва ташкилотларига энергия ресурсларини иқтисод қилиш, ундан оқилона фойдаланиш ҳамда энергия самарадорлигини ошириш юзасидан қонунчилик талабларига риоя этилиши бўйича давлат назорати тартибини белгилаш каби қўшимча нормалар ҳам мазкур вазирликнинг вазифалари қаторидан жой олмоқда.

Қайд этилишича, қонун лойиҳасини тайёрлашда дунёнинг ривожланган давлатлари тажрибаси, уларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари қиёсий ўрганилди. Хусусан, АҚШда энергия тежаш ва энергиядан самарали фойдаланиш бўйича бюджет соҳасида 2007-2017 йилларга мўлжалланган 10 йиллик дастури амалга оширилган. Бунда энергия тежаш ва энергиядан самарали фойдаланиш бўйича асосий функциялар ҳудудий ва федерал ҳукумат зиммасига юклатилган ҳолда уларнинг энергия сарфини камайтириш бўйича саноат корхоналари билан ихтиёрий битимлар тузиш, уни ҳамкорликда молиялаштириш тажрибаси кенг қўлланилмоқда.

Қонун лойиҳасида Буюк Британия, Япония, Франция, Германия, Украина, Россия ва Қозоғистон давлатларидаги энергия тежаш ва энергиядан самарали фойдаланиш, энергия сарфини меъёрлаштириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа йўналишлари бўйича тегишли талаблар ишлаб чиқиш тажрибаси, уларнинг ижроси бўйича жавобгарлик масалалари ҳам эътиборга олинди.

4 648
Феруза МИРЗАКОМИЛОВА, ЎзА