Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.09.2017 12:07 Чоп этиш версияси

Кўп қаватли уйнинг муаммоси ҳам кўпми?

Каттақўрғон Самарқанд вилоятидаги икки йирик шаҳардан бири бўлиб, азалдан ҳунармандлик маркази, маданият ва маърифат маскани сифатида донг таратган. Ўттиздан ортиқ маҳалланинг аксарияти узоқ тарихга эга ва уларнинг ҳар бирида яшовчи аҳоли муайян касб-ҳунар билан шуғулланган.

Ўтган асрда шаҳарда кўплаб корхона ва ташкилотлар, муассасалар ташкил этилиши билан ишчи-ходимларга муносиб турмуш шароити яратиш мақсадида кўп қаватли уйлар бунёд этилди. Бугунга келиб Каттақўрғондаги 210 та кўп қаватли уйда 18 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилмоқда. Табиийки, бир неча ўн йиллар давомида фойдаланиб келинаётган кўп қаватли уйларни сақлаш, иссиқлик манбаи, табиий газ ва электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш юзасидан ҳар йили зарур чора-тадбирлар кўриш, куз-қиш мавсумига тайёрлаш тақозо этилади.

Аслида ҳар бир хонадон, оила ўзи учун муносиб турмуш шароити яратишга ҳаракат қилади, ҳовли-жойини тартибга келтиради, ёз ойларидаёқ қиш тадоригини кўради. Кўп қаватли уйлар аҳолиси эса бу юмушни кўпчилик бўлиб, биргаликда амалга ошириши лозим. Бу ишда уларнинг ўзи ташкил этган уй-жой мулкдорлари ширкати бош бўлиши керак.

– Президентимизнинг 2017 йил 22 июндаги “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2017/2018 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида дастур ишлаб чиқилган, – дейди Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги бош мутахассиси Жамшид Аҳмедов. – Ушбу дастурда белгиланган вазифаларни ўз вақтида, сифатли бажариш учун тегишли соҳалар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар ташкил этилган ва уларнинг фаолияти ҳокимлик томонидан мувофиқлаштириб борилмоқда. Мавсумга тайёргарлик жараёнида кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектларининг техник ҳолати, коммунал хизмат кўрсатиш сифатига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, шу пайтгача кўп қаватли уй-жойларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича тижорат банклари томонидан ажратилиши кўзда тутилган 4 миллиард 799,9 миллион сўм кредит маблағларининг 2 миллиард 652 миллион сўми ўзлаштирилди. Шунинг ҳисобидан 35 кўп қаватли уй мукаммал, 14 таси жорий таъмирланди. Бу уйларнинг том қисми, 13 тасининг ертўласи, 128 уйнинг кириш йўлаклари тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Шунингдек, 62 уйнинг кириш йўлагига темир эшик ўрнатилди, йўлакларга замонавий ромлар қўйилди. 1,9 минг метр муҳандислик-коммуникация тармоқлари таъмирланди. 11,3 минг метр/квадрат уй олди қисми йўлаклари бетон қоришмаси билан қопланди.

Ҳисоботлар, юқори идораларга тақдим этилган маълумотларда ҳаммаси рисоладагидек, барча уйлар мавсумга тўлиқ тайёр гўё. Амалда-чи, вазият қандай? Бир қатор кўп қаватли уйлар ҳолати билан танишиб, аҳоли билан суҳбатлашиб, саволларга жавоб изладик.

– Уйимизга “Дилором Пардаева” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати хизмат кўрсатади, – дейди 9-уйда яшовчи Қаҳрамон Нажимов. – Очиғи, ёғин-сочин кунлар яқинлашса, юрагимизни ҳовучлаб ўтирардик. Чунки, уйнинг том қисми йиллар давомида таъмирланмагани боис хонадонимизнинг тўрт-беш жойидан чакка ўтарди. Ўтган йили қўшнилар билан ўзимиз томни қора қоғоз ва битум билан ёпдик, аммо бу ҳам узоққа бормади. Бу йил ниҳоят сифатли тунука билан ёпишди. Бундан барчамиз хурсандмиз.

Бироқ, мазкур ҳудудда мавсумга тайёргарлик ўз вақтида амалга ошириляпти, деб бўлмайди. Жумладан, айнан 9-уй ҳовлисидаги йўлаклар ҳануз бетон қилинмаган, атроф ободонлаштирилмаган. Болалар майдончаси ўрни тартибга келтирилмаган. Бу ерга ўриндиқлар, оддий ўйин қурилмалари ўрнатиш ҳеч кимнинг хаёлига келмаганга ўхшайди.

Мавсумга тайёргарлик билан боғлиқ ишлардаги камчиликлар 12-уйда ҳам мавжуд.

– Шу уйнинг 16-хонадонида яшайман, – дейди Гулнора Алимова. – Совуқ кунлар бошланмасдан туриб электр таъминотида узилишлар бошланди. Бунинг сабабини сўрасак, уйимиздаги барча хонадонлар битта линияда экани ва бу ортиқча кучланишга олиб келаётганини айтишади. Лекин муаммони бартараф этиш чорасини кўришмайди. Йўлаклардаги электр шитлари ҳам тартибсиз ҳолатда.

Дарвоқе, яна бир ҳолат эътиборимизни тортди. Шаҳардаги деярли барча кўп қаватли уйларни қиш мавсумида иссиқ сув ва иссиқлик билан таъминлаш бир неча йиллардан буён асосий муаммо бўлиб келмоқда. Марказлашган қозонхона ва иситиш тармоғи аллақачон ишдан чиққан. Бунинг оқибатида аҳоли хонадонини турли электр ва газ печлари билан иситишга мажбур бўлмоқда. Ҳар бир кўп қаватли уйга замонавий, кичик қозонхона ўрнатиш бўйича бир қатор лойиҳалар мавжуд. Лекин ҳозирча уларни амалга ошириш қийин кечмоқда. Бу борада айни пайтда пойтахтимиз ва бошқа йирик шаҳарларда муқобил энергия манбаалари ва замонавий технологиялардан фойдаланиш бўйича жорий этилаётган тизимни қўллаш ҳақида ўйлаб кўрилса яхши бўлармиди?

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
3 306






Все о погоде - Pogoda.uz