ЎзА Ўзбек

23.07.2018 21:00 Чоп этиш версияси

Кўнглимизда бир умид бор – Орол яна қайтади! (Орол денгизига сафар)

 Кўнглимизда бир умид бор – Орол яна қайтади! (Орол денгизига сафар)
Киноларда кўп кўрганмиз, кемалар узоқ сафарга жўнаб кетса, соҳилдаги кузатувчилар хушчақчақ кайфиятда, рўмолларини ҳилпиратиб, қўлларини силкитиб хайрлашади. Бироқ, кемалар сузаётган жойида қолиб, денгизнинг ўзи соҳилга “алвидо” дея, сафарга отланганини кўрганмисиз?

Шунақаси ҳам бўладими? дейишига шошилманг. Жуда кўплаб, инсонлар қатори биз ҳам бу ҳолатни кўрдик. Ўтмишдаги бахтли кунларни қўмсаб, ҳар дақиқада олға интилишга шайланган, аммо зангнинг оғирлигидан вайрон бўлиб, қумга ботган кемаларга таскин учун сўз тополмадик.

“...Мавжланиб турган Орол, денгизнинг кучли тўлқинлари билан олишиб, унда балиқ овлаётган балиқчиларнинг шодон қийқириғи...тўрга тушаётган қалқонбалиқ, лаққа, зоғорабалиқларнинг йириклигидан овчиларнинг кайфи чоғ... қирғоқларига сиғмай ҳайқириб ётган денгиз тўлқинларидан завқ олаётган кемалар ҳар замонда чайқалиб, силкиниб қўяди... Ажойиб замонлар эди...”

Олисдаги денгизга термулиб, нураб бораётган кемалар бу воқеаларни ҳар куни тушида кўрса, не ажаб. Ҳозир эса улар мана шу туз кенгликлари бир вақтлар улкан денгиз бўлганига жонсиз гувоҳ сифатида қаққайиб турибди.

Орол одамлардан “хафа” бўлганми?

img-378481.jpg

Орол, Орол, Оролжон... Уни қанчалик чақирмайлик, қайтиши учун минглаб лойиҳалар, таклифлар ишлаб чиқмайлик... негадир эшитишни, чорловимизга жавоб беришни истамай... тобора йироқлашиб кетмоқда.

Саксонинчи йиллар. Қорақалпоғистон Республикасида Орол денгизи ўрнида умумий майдони қарийб 3 миллион гектарни ташкил этадиган, қуш учса қанотлари куядиган саҳро пайдо бўлди. Унга Оролқум дея ном берилди. Шу тариқа Қорақум саҳроси Устюрт текислиги ва Оролқум орқали Қизилқум билан туташди.

Хўш, бу саҳро қандай пайдо бўлди? Оддий, биз ўз қўлимиз билан уни яратдик. Билганимиз, саҳро осмондан тушгани ёки табиат инжиқлиги туфайли пайдо бўлгани йўқ. Амударё билан Сирдарёнинг юқори оқимларига ҳар хил тўғонлар қуриб, “саҳрони боғу бўстонга, оламни гулистонга айлантирамиз”, деган шиорлар остида, қўриқ ерларни ўзлаштирдик, ўзлаштиравердик. Натижада, табиатнинг мусаффо инъоми бўлган Орол денгизи биздан чекинди, қочди…

Унгача, Мўйноқ Орол денгизидаги кичик бир оролча бўлган десак, кўпчилик ишонмайди.

– Ҳозирда атрофини қуруқлик эгаллаган бу шаҳарнинг тўрт тарафи бир вақтлар сув бўлган, – дейди мўйноқлик Избасган Қалбаев. – Биласизми, бу шу қадар тез рўй берганки, денгиз бир кечада 1-2 километрга чекиниб, қирғоқ бўйида турган кемалар қумга тиқилиб қолаверган. Шунда даҳшатга тушган ёшу қари қўлларини осмонга чўзиб, худога ялиниб, ёлворганлар. Айблари нелигини, бундай жазо юбормаслигини Оллоҳдан илтижо қилганлар. Ахир, одамлар Орол туфайли ишлаб, даромад топган, оиласини боққан. Ҳаётдан завқланган. Бундай ҳаёт ва даромад манбаининг йўқолишидан ҳар бир инсон ваҳимага тушади, албатта. Афсуски, неча-неча йиллар ўтса-да Орол ҳамон ортга қайтмади. Бобом умрининг охирига қадар “денгиз биздан хафа бўлгани учун кетди”, деган афсус билан сувнинг қайтишини кутди.

Булутларни ҳайдаймиз ёки айсбергларни келтирамиз

01.JPG

Орол денгизи ўз вақтида дунёда катталиги жиҳатидан тўртинчи ўринда турувчи кўл ҳисобланарди. Яқин ўтмишда унинг майдони ороллар билан бирга деярли 68,0 минг кв. км. ни, сувининг ҳажми 1000 куб км. ни ташкил этган. Ўртача чуқурлиги 50,5 м. атрофида бўлган.

Денгизга XX асрнинг 60-йилларигача Амударёдан 38,6 куб км. Сирдарёдан 14,5 куб км. сув келиб, 5,5 куб км. ер ости сувлари ҳам қўшилиб турган. Бу дарё сувларидан ортиқча фойдаланиш натижасида 1960 йиллардан бошлаб, денгиз сатҳи тезлик билан пасайди. 1989 йилда денгиз иккита алоҳида сув ҳавзаси — Шимолий (Кичик) ва Жанубий (Катта) Орол денгизига ажралди. Унинг шимолий қисми Қозоғистонга, жанубий қисми Ўзбекистонга қарашли эди. Аральск ва Мўйноқ йирик порт шаҳарларига денгиз орқали кемалар қатнови йилига етти ой давом этган.

2014 йилларга келиб, Ўзбекистон ҳудудидаги Жанубий Орол денгизининг шарқий қисми буткул қуриб, унинг атиги 7297 км² қисми қолди.

Айрим мутахассисларнинг фикрига кўра, Орол ва Каспий денгизлари ўртасида ёриқ пайдо бўлиб, сув ана шу тектоник ўзгариш оқибатида пайдо бўлган йўл орқали Каспий денгизига ўтиб кетган бўлиши ҳам мумкин эмиш.

Бироқ, бу бир тахмин, холос. Нима бўлган тақдирда ҳам денгиз қуримоқда. Бир пайтлар “бебош” номини олган Амударёнинг сувлари Оролга етиб келмаяпти. Бугунги кунда онда-сонда ёғадиган ёмғирлардан ташқари денгизни тўлдирадиган бирор-бир ирмоқ қолмаган. Бир пайтлар 40 тадан ортиқ балиқ турлари ва денгиз жониворлари яшаган, тўлқинлари мавжида ҳаёт улашган Оролда энди бир дона ҳам балиқ йўқ. Сувда минераллашув даражасининг ортиши яъни туз миқдорининг кўпайиши, уни ҳаёт учун мутлақо яроқсиз қилиб қўйган.

Ана шу тузни бартараф этиш, саҳрони денгизга айлантириш учун ҳар хил таклифлар айтилмоқда. Мисол учун, бир олим денгиз соҳилида баландлиги тўрт-беш минг метрлик сунъий тоғлар тизмасини барпо этиб, унинг тепасидан мангу музликлар ҳисобидан денгизга сув беришни, яна бири эса Шимолий муз океанидан катта айсбергларни олиб келишни, тағин бир олим булутларни Орол денгизи устига ҳайдаб келиб, ёмғир ёғдиришни таклиф қиляпти…

Эҳ-ҳе, бири биридан ғалати бу каби таклифу тавсияларнинг чеки кўринмайди. Агарда шу кунга қадар Орол тўғрисида ёзилган битиклар, нутқлар ва ваъдалардан, уни қутқариш мақсадида тузилган жамғармалар, ажратилган маблағлардан сув чиқариш мумкин бўлганида эди, денгиз аллақачонлар тўлган бўларди, назаримда.

Умид охирида ўлади, деган нақл бор. Орол масаласи, унга кўмак бериш ва тиклаш чораларини қидириш борасидаги суҳбатларнинг бирида Хитой фанлар академиясининг Синьцзян бўлими вице президенти Чэнь Сининг мулоҳазалари эътиборимни тортди. Албатта, бу фикрлар менда катта таассурот қолдирди.

– Марказий Осиёнинг Хитой ғарбида жойлашган муҳим сув манбаи, 2030 километр узунликдаги Тарим дарёси 1970 йилларда қурий бошлаган ва 60 фоиз ўсимлик дунёси нобуд бўлган эди, – дейди Чэнь Си. – Уни тиклаш мақсадида 2001-2015 йиллар давомида олиб борилган изланишларимиз самарасида биз мақсадга эришдик. Ҳозирда дарёнинг ўсимликлар дунёси тикланиб, биохилма-хиллик ўз ҳолига қайтди. Албатта, дарё ҳам ўзанига қайтди. Илмий жамоамизнинг ана шу тажрибасини янада кенгайтириб, уни инновацион янгиликлар билан бойитган ҳолда Оролда синаб кўрмоқчимиз. Таримни тикладик, Оролни ҳам қайтарамиз. Лойиҳамизда учувчисиз самолётлар ёки дронлардан фойдаланиш орқали туз бўронларига барҳам бериш, сувнинг тежашни янги усулларини ўрганиш ва ишлаб чиқишга эътибор қаратилган.

Осмонда Оролнинг тузли чанг-тўзони…

11_aral_desinov_a29_1.jpg

Жорий йилнинг майида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятларига қум бўрони тумандай бўлиб ёпирилганини, бўрон билан учиб келган қумлар Орол денгизининг оппоқ тузлари билан аралаш бўлиб, далаларни, уйларни ва ҳатто автомобилларнинг устларини оппоқ қордай қоплагани кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Ҳақиқатда илгарилари Орол тузларининг учиб келиши кузатилмас, уларни фақат далаларда тўпланиб қолган уюмлар ва сувнинг шўрлигидан билиб олиш мумкин бўларди. Эндиликда Орол денгизида сувнинг янада камайиши, иқлим ўзгаришлари ва бошқа ҳодисалар сабабли тузлар Хоразмгача учиб кела бошлади.

– Қуриган денгиз тубидан йил давомида 75 миллион тоннагача чанг кўтарилиши кузатилган, - дейди биология фанлари доктори Гулчеҳра Набиева. – Кенглиги 40 километр узунлиги 400 километрга етадиган тузли чанг туфонлари Оролқумдан ўнлаб, ҳатто юзлаб километр масофага тарқалиб, табиий ўтлоқлар, экинзорлар, боғлар, шаҳарлар ва қишлоқлар устига ёғиляпти. Бу чанг Тяньшан ва Помир тоғлари чўққиларигача етиб бориб, улардаги музликларнинг эришини тезлаштириб юбораётгани айтилмоқда. Чўлланиш ва шўрланишнинг тезлашуви оқибатида сўнгги йилларда 50 минг гектарга яқин экин майдони фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолди.

Маълумотларга кўра, ўтган асрнинг 60-йилларида Орол денгизи сувининг ҳар литрида 10-12 грамм миқдорда туз бўлган. Йилдан - йилга ундаги туз миқдори ортиб бормоқда. Хусусан, сувдаги тузлилик даражаси 50 граммдан ошгандан кейин барча балиқлар қирилиб кетган. Ҳозир Орол сувининг тузлилик даражаси 160 грамм атрофида.

Айни вақтда умумий майдони қарийб 5 миллион гектарни ташкил этадиган Оролқумдан йилига юзлаб миллион тонна чанг-тўзон кўтарилмоқда. Уларнинг минглаб километрларгача масофага учиб бораётгани тўғрисида маълумотлар ҳам бор. Туз келтирадиган хавф тобора ортиб, унинг ҳудудлари йил сайин кенгаймоқда. 2000-2016 йиллар мисолида айтадиган бўлсак, туз бўронлари олдинроқ йилига 15 марта бўлса, энди 25 марта кузатилмоқда.

Хўш, бунинг оқибатлари нималарга олиб келиши мумкин? Чорва молларининг яйлов майдонлари қисқариб, табиий озуқа манбалари бўлмиш ўсимликлар дунёси қашшоқлашиб бормоқда. Оролдаги тузли чанг-тўзон баҳор ойларига тўғри келади. Бу вақтда дарахтларнинг гуллашини ҳисобга олсак, тузли чанг тушган қайси бир мева гулларидан тўлақонли ҳосил олиш мумкин?

Сувлар ва ҳатто ҳаво ҳам шўрланиши натижасида аҳоли орасида турли касалликлар тарқалиб, уларни даволаш қийинлашмоқда. Бу ҳудудларда истаган бир оилага кириб, инсонлар тиббий кўрикдан ўтказилса, Орол фожиасининг оқибатларига гувоҳ бўламиз. Мисол учун, юрак-қон томири, ошқозон-ичак, нафас олиш органлари касалликлари (ўпка сили, астма, бронхит) кўпаймоқда. Камқонлик касаллиги ошганлиги кузатилмоқда.

Нега бу майдонларни туз эгаллади? Маълумотларга кўра, Орол қадим-қадимдан Амударё ва Сирдарёдан оқиб келадиган сувлар билан тузларни табиий сақлаб турадиган денгиз эди. Дарёлар денгизга оқмай қолганидан сўнг, оқим билан келадиган тузлар деҳқоннинг суғориладиган томорқасигача бориб, ўша ерда қолиб кетмоқда.

Демак, Орол тақдирига бефарқлик осмонимизни тузли тўзон қоплаб, ер шарининг аҳволи оғирлашиб қолишига сабаб бўлиши мумкин.

Денгиз қайтармикан..?

aral-collage.jpg

– Шу кунларда ёши улуғлар Орол денгизи олдин ҳам икки маротаба қуриб, кейин яна ўзанига қайтгани ҳақида кўп эслашмоқда,–дейди Экоҳаракатнинг Қорақалпоғистон Республика ҳудудий бўлинмаси вакили Айсанам Бегимова. – Балки, бу ривоятдир ёки ҳақиқат. Оролнинг қуриши ҳар 50 ёки 100 йилда такрорланиб турар экан. Ҳадемай, уни буткул қуриганига ҳам эллик йилдан ошибди. Демак, унинг ортга қайтиш кунлари келмоқда, бундан ҳаммамиз умидвормиз.

Тарихий маълумотларга эътибор қиладиган бўлсак, ҳақиқатда ҳам Орол денгизи ўз ўтмишида уч марта қуригани аниқланган. Аввалги икки маротаба денгизнинг қуришига ташқи босқинчилик оқибатида Амударё оқими Узбой ўзани орқали Каспий денгизига буриб, юборилгани сабаб бўлган. Ўтган асрда сувнинг қуриб қолишига эса ерларни ўзлаштириш мақсадида сувдан бемақсад фойдаланиш сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

– Бобом – Асан Бегимов, Ўзбекистон адабиёти арбоби, қорақалпоқ ёзувчиси ва драматурги эди, – дейди А.Бегимова. – Бобомнинг “Балиқчининг қизи” романи Орол денгизи атрофида яшовчи балиқчининг қизи Ойқиз ва унинг севгилиси Дўстберген ҳақида ёзилган. Романдаги мана шу сатрларни ўқиганимда Оролни соғинаман. “...Дўстберген Орол денгизида кучли тўлқинлар билан олишиб балиқ овлаганида: - Сазанинг шўрвасин ичсангиз болдек, Ақ марқа, суўенинг ҳар бири қўйдек. Денгизда илақа сузади ойдек, Бекире кесмаси белингга дармон. Еганнинг кўнглида қолмайди армон”, деб қўшиқ куйлайди. Бу қўшиқдаги оқ марқа, бекире каби балиқ турлари йўқ бўлиб кетган. Ҳаттоки, бекире балиқ тури “Қизил китоб”га киритилган.

Қани ўша тўлқинлар, ўша балиқлар? Оғирлиги 7-10 килограмм келадиган юзлаб кило балиқ тутиш балиқчиларимиз учун одатий машғулот эди. Илоҳим Оролимиз қайта тўлиб-тошсин. Ҳаммамизнинг кўнглимизда бир умид бор — Орол яна қайтади!

Сайёра Шоева, ЎзА
26 771