ЎзА Ўзбек

29.08.2018 13:25 Чоп этиш версияси

Кўнглим тоғдек кўтарилди...

Кўнглим тоғдек кўтарилди...

“Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланганим ҳақидаги хабарни эшитганимда Самарқандда – ўзим туғилиб ўсган Нарпай туманида эдим...

Хушхабарнинг қаноти бор, деганлари рост экан. Бир-икки соат оралиғида отамнинг ҳовлиси табрикловчиларга тўлиб кетди. Улар орасида менга ўқиш ва ёзишни ўргатиб, қалбимга зиё бахш этган кекса ўқитувчилар, одамийликдан сабоқ берган ҳамқишлоқларим, болаликда оғир касал бўлиб қолганимда даволаган қишлоқ врачи Иброҳим Қаюмовнинг, мени фан олимпиадаларига тайёрлаган Рўзибуви опанинг, мен учун атайин Самарқанд шаҳрига бориб китоблар олиб келиб берган Ҳамдам тоғамнинг, мен билан бир синфда ўқиган синфдошларимнинг, айниқса, илҳомим парилари қишлоғим аёлларининг борлиги ғоят қувончли эди...

Қишлоғимиз одамларининг оммавий ахборот воситаларини диққат билан кузатаётгани, Президентимизнинг эл-юрт манфаатини ўйлаб чиқараётган фармон ва қарорларини катта мамнуният билан кутиб олаётганликлари, бу ғамхўрликларга муносиб жавоб қайтариб, бахтли кунлар шукронаси ила яшаётганлигини кўриш мен учун жуда ёқимли эди.

“Инсоният бахтига бағишланган нутқ” деб, номланган эссемда Саъдий Шерозийнинг “Эгам элга бахш этса бахт, карвонига йўл очгай” деган сатрларини келтирганман. Худди шундай Аллоҳ элимизга бахт бахш этиб, карвонига йўл очди. Йўлга чиққан бу карвондаги улкан хазинага кўз тикканлар, термилганлар кўп. Бу машаққатли ва шарафли йўлда уйғоқлар сафида бўлиш мен учун ҳам қарз, ҳам фарз.

Юртимизда кечаётган буюк уйғонишга баҳоли қудрат ҳисса қўшаётганимдан саодатлиман. Мукофотдан кўнглим тоғдек кўтарилди.

Зулфия Мўминова,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира,
“Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби

ЎзА
4 585