ЎзА Ўзбек

07.07.2018 12:00 Чоп этиш версияси

Кўнгиллилар дастури: амалиёт ва самара

Кўнгиллилар дастури: амалиёт ва самара
Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва БМТнинг Кўнгиллилар дастури (БМТК) ҳамкорлигида жамоатчилик кўнгиллиларини тайёрлаш бўйича тренинглар ўтказилмоқда. 

Жамоатчилик кўнгиллилари аҳоли ўртасида тиббий билим ва маданиятни юксалтириш, хусусан, минтақада табиий иқлим ўзгариши ва экологик вазият ёмонлашуви оқибатида кўп тарқалган нафас йўллари, юрак қон-томир, ошқозон-ичак касалликларининг олдини олиш ҳамда она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш масалаларини тарғиб қилади.

– Дастурнинг асосий мақсади Орол денгизи ҳудудида юзага келган экологик вазиятни юмшатиш ва ҳудуд аҳолисининг турмуш даражасини ошириш, соғлиқни сақлаш масалаларини юксалтиришга ёрдам беришдан иборат, – дейди Кўнгиллилар дастури координатори Руслан Даулетназаров. – Ҳозирги кунда Мўйноқ туманидан 120, Қораўзак туманидан 180 кўнгиллилар тайёрланиб, аҳолининг тиббий билимини ошириш бўйича ўз фаолиятини бошлаган. Нукус тумани ҳудудида ташкил этилган икки кунлик тренингларга асосан қишлоқ аҳолиси жалб қилинди. 

Дастур доирасида Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ, Қораўзак, Шуманай, Кегейли, Қўнғирот, Тахтакўпир, Хўжайли, Қанликўл, Чимбой ва Нукус туманларидан 2000 нафар кўнгиллилар тайёрлаш белгиланган.

БМТК дастури – бутун дунёда тинчлик ўрнатиш ва тараққиётга ҳисса қўшиш мақсадида яратилган дастурдир. БМТК ўз ҳамкорлари билан бирга дунё бўйлаб кўнгиллиларни бирлаштириш, кенг кўламли лойиҳа ва дастурларда қатнашиш учун йўл очиб бериш орқали жаҳонда кўнгиллилик ҳаракатини қўллаб-қувватлайди.

Семинар-тренинглар якунида иштирокчиларга махсус сертификат, ўқув материаллари тарқатилмоқда.

Е.Қаноатов, ЎзА
11 359