Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

30.07.2018 20:17 Чоп этиш версияси

Сурхондарёда бахшиларнинг республика фестивали бўлиб ўтди

Сурхондарёда бахшиларнинг республика фестивали бўлиб ўтди Сурхондарё вилояти Олтинсой туманидаги Катта Вахшивор қишлоғида 28-29 июль кунлари бахши-шоирлар, оқин ва жировларнинг республика фестивали бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирнинг очилиш маросимида республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методик маркази бўлим мудири А.Мелибоев ва бошқалар мамлакатимизда номоддий маданий мерос дурдоналарини асраб-авайлаш, тиклаш, тарғиб қилиш, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш борасида кўрсатилаётган ғамхўрликлар бахшичилик ва достончилик санъатини ривожлантириш, бахши-шоирлар ижодининг нуфузини янада юксалтиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.

2.jpg

Президентимиз жорий йил 19-20 январь Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Термиз шаҳрида барпо этилган бахшилар мактабида яратилган шароитлар билан танишган ва бахшичилик санъатини янада ривожлантириш, соҳага оид илмий анжуманлар, анъанавий фестиваллар ўтказиш юзасидан топшириқлар берган эди. Шунга мувофиқ, жорий йил баҳор фаслида Термиз шаҳридаги 22-болалар мусиқа, санъат ва бахшилар мактабида “Маънавий-маданий тараққиётда инновацион ёндашувлар ва бахшичилик санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзусида семинар ташкил этилди. “Бойсун баҳори” фольклор фестивали доирасида бахши-шоирлар, оқин ва жировларнинг кўрик-танлови ўтказилди.

Мамлакатимизда бахшичилик ва достончилик санъатини янада ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш бўйича 2018-2022 йилларга мўлжалланган “йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 апрелдаги “Бахшичилик ва достончилик санъатини янада ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

– Ўтмишда халқимиз томонидан яратилган достонлар, матал, лапар ва бошқа халқ оғзаки ижоди намуналари шўролар даврида деярли унутилаёзди, – дейди Ўзбекистон халқ бахшиси Шоберди Болтаев. – Чунки, аждодлардан мерос достон ва термаларни эл орасида бугунгидек эмин-эркин айтиш, баралла куйлаш учун ҳеч қандай имконият йўқ эди. Мустақилликнинг дастлабки йилларидан миллий қадриятларимизни тиклаш, юксак бадиий ижод асосида яратилган номоддий мерос дурдоналарининг қадимий анъаналарини асраб-авайлаш, тиклаш ва ривожлантириш давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Алпомишлар юрти – Сурхондарёда “Алпомиш” достони яратилганининг минг йиллиги кенг нишонланди. Тарихда биринчи марта “Ўзбекистон халқ бахшиси” унвони таъсис этилди. Элимиз суйган достонларни нашр этиб, бахши ва достончилар ижодининг энг яхши намуналарини тарғиб қилиш йўлга қўйилди. Термиз шаҳрида бахшилар мактаби ишга туширилди. Мана, бугун бахши-шоирлар, оқин ва жировлар фестивали ўтказилаётгани соҳага қаратилаётган эътиборнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди. 

10 (2).jpg

Мамлакатимизда илк марта ўтказилаётган мазкур фестиваль Сурхондарё вилоятининг сўлим тоғ бағрида ташкил этилаётганида ҳам чуқур маъно бор. Бой маданий меросга эга қадимий воҳа ўзининг бетакрор халқ оғзаки ижоди намуналари билан шуҳрат қозонган. Асрлар давомида ўлмас маданий мерос сифатида улуғлаб келинаётган бахшичилик санъати ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаб, уларни ёшликдан ўзлигини англашга кўмаклашган. Бахши-шоирлар, оқин-жировлар эса эл орасида одамларга эзгулик ва маърифат тарқатувчи, ёшларни мардлик, ҳалоллик ва бағрикенглик руҳида камолга етказувчи улуғ инсонлар сифатида қадрланган.

Мутахассисларнинг фикрича, Ўзбекистонда бешта достончилик мактаби мавжуд. Булар орасида Сурхондарё достончилик услуби ўзига хос ўринга эга. Истиқлол йилларида “Ўзбекистон халқ бахшиси” фахрий унвони билан тақдирланган 80 га яқин бахши, оқин ва жировларнинг 8 нафари шу вилоят вакили экани ҳам мазкур санъатни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган воҳада бахшичилик нечоғли қадрланишининг ифодасидир.

Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллик байрами олдидан ўтказилган нуфузли фестиваль тумандаги таълим муассасалари ва истироҳат боғларида юртимизнинг турли ҳудудларидан келган бахши-шоирлар, оқин ва жировларнинг қизиқарли учрашувлари билан бошланди. Тадбир баҳонасида кўплаб ёш овозлар кашф этилди.

– Жойларда мухлислар олқишлар билан кутиб олгани бизни ғоят қувонтирди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманидан келган ёш жиров Зийнатдин Нуриддинов. – Одамларнинг бу санъатга меҳридан завқимиз янада ошди, илҳомимиз жўшди. Ижодимиздан намуналар ижро этдик. Уларни қизиқтирган саволларга жавоб бердик. Бу тадбирлар бизни кўпроқ изланиб, халқ оғзаки ижодининг қадимий анъаналарини янада кўп ўқиш ва ўрганишга ундади.

13 (1).jpg

Буюк қадриятларимиз, миллий ғуруримиз, тинч, обод ва фаровон турмушимиз кенг тараннум этилган фестивалда ижро этилган достон ва термалар иштирокчиларда унутилмас таассурот қолдирди.

– Бу ерга фарзандларим билан келдим, – дейди Олтинсой туманидаги Жилибулоқ маҳалласида яшовчи Гулнора Санаева. – Сурхон воҳаси қадимдан бахшилар юрти бўлиб келган. Болаликда биз ҳам дастлаб она алласини, кейинчалик турли достон ва термаларни тинглаб улғайганмиз. Истиқлол шарофати билан фарзандларимиз “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Кунтуғмиш”, “Рустамхон” каби достонлардан баҳраманд бўлмоқда. Аждодларимиздан мерос бу ноёб асарлар болаларимизнинг мард, танти ва ҳалол инсонлар бўлиб улғайишида, уларни ватанпарварлик, ота-онага, яқинларга, дўстлик ва муҳаббат туйғуларига содиқ қилиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Пурвиқор тоғлар қўйнидаги Катта Вахшивор қишлоғида бўлиб ўтган бахши-шоирлар, оқин ва жировлар кўриги ўзига хос байрамга айланиб кетди. Эрта тонгдан шомгача қизғин давом этган беллашувни вилоятнинг турли ҳудудларидан келган мухлислар катта қизиқиш билан тинглади, олқишлади.

21.jpg

– Бахши, оқин ва жировлар фестивали бўлаётганини эшитиб, бир гуруҳ дўстлар билан эрта тонгдан етиб келдик, – дейди Шўрчи туманидан 70 ёшли Бозор Муҳаммадиев. – Тадбирнинг гўзал табиат манзараларига бой ҳудудда ташкил этилгани янада манзур бўлди. Достон ва термаларни, бир-биридан қизиқарли айтишувларни мириқиб тингладик, сўлим табиат қўйнида маза қилиб, дам олдик. Биласизми, бу ердаги томошабинлар орасида айниқса, ёшлар кўплиги кишини қувонтиради. Зеро, ҳозирги глобаллашув даврида халқ оғзаки ижодига қизиқадиган ёшлари кўп юртнинг истиқболи порлоқ, албатта.

Кўрик-танловда Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманилик бахши Б.Ортиқов биринчи ўринни қўлга киритди. Қашқадарёлик Б.Раҳимов, сурхондарёлик М.Эшбоев, Тошкент вилоятидан оқин Т.Ўринбоев ва Қ. Дўсинов иккинчи ўринни эгаллади. Термиз давлат университети талабалари А.Мамаражабов ва М.Раҳимова, Олтинсой туманидан А.Абдуназаров, бойсунлик Р.Болтаев, шўрчилик А.Холиқовларга учинчи ўрин насиб этди.

– Танловда ғолиб бўлганимдан бахтиёрман, – дейди Б.Ортиқов. – Фестиваль таассуротларга бой бўлди. Энг муҳими, юртимизнинг турли ҳудудларидан келган бахши-шоирлар, оқин ва жировлар билан фикр алмашиб, тажрибамизни баҳам кўрдик. Мазкур тадбир бизни кўпроқ изланиш, халқимиз маънавиятини юксалтиришдек эзгу ишимиз самарадорлигини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Ғолиблар ва фаол иштирокчилар фестиваль ташкилотчиларининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Тадбир доирасида меҳмонлар Олтинсой туманидаги Катта Вахшивор қишлоғида мангу қўним топган машҳур мутасаввуф Сўфи Оллоёр қадамжосини зиёрат қилди. “Янги турмуш” фермер хўжалигида “Узум сайли”, жойларда миллий халқ ҳунармандчилиги буюмлари ва либослари кўргазмаси ташкил этилди.

Фестиваль “Жонажон Ўзбекистоним” шиори остида бахши-шоирлар, оқин ва жировлар, таниқли санъаткорлар, эстрада хонандалари иштирокидаги гала-концерт билан якунланди.

Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат) ЎзА
5 265