ЎзА Ўзбек

20.07.2018 19:49 Чоп этиш версияси

Кўнгил яқинлиги адабиётдан бошланади

Кўнгил яқинлиги адабиётдан бошланади
Ўзбекистон – Тожикистон 

Ўзбек ва тожик халқларининг азалий дўстлиги ҳақида гап кетганда икки буюк зот – Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомийнинг табаррук номлари тилга олинади. Зеро, бу улуғ сиймоларнинг ғоявий-эстетик диди, дунёқараши, маслагида ҳамоҳанглик мавжуд. Теран маъно ва ғоялар, образлилик ва бадиийликка бой туркий ва форс-тожик адабиёти шу тарзда буюк шоирларимиз ижодида яққол уйғунлик касб этган.

Адиб Ғафур Ғулом бу икки улуғ зот ҳақида мулоҳаза юритар экан, адабий алоқаларимизни, айниқса, ёзувчилар ҳамкорлиги ва ўзаро таъсирини ўрганганда уларнинг фалсафий қарашларидаги ҳамоҳангликни таянч нуқта қилиб олиш кераклигини таъкидлай туриб, Навоий билан Жомий ўртасидаги муносабатлар асосида халқларимизнинг самимий қардошлик муносабатлари, орзу-истаги яқинлиги, интилиш ва мақсади бирлиги мужассамлигини эътироф этади. Шунингдек, уларнинг маънавий муштараклик доираси кенг ва ранг-баранг бўлгани, бу айниқса ижодий ҳамкорликда аниқ кўзга ташланишини айтади. Шу маънода, атоқли ижодкор Мирзо Турсунзода ўзбек ва тожик халқлари дўстлигини тараннум этиб: "Жомий билан Навоий бир-бирлари билан ҳамдам бўлганларидек, халқларимиз бир-бирлари билан ҳамнафас ва мададкор бўлиб келмоқдалар. Сизларга ҳам, бизларга ҳам нур сочиб турган юлдузлар муштарак бўлганидек, маънавий бойликларимиз ҳам муштаракдир" деганида ҳақ эди.

Навоийдек зуллисонайнлик анъанаси унинг замондошлари Атоий, Саккокий, Лутфий, Гадоий, Амирий томонидан давом эттирилган бўлса, кейинги асрларда Бухоро, Қўқон, Самарқанд ва Хўжанд адабий муҳитларида, хусусан, Бобур, Байрамхон, Гулханий, Махмур, Маъдан, Фазли Намангоний, Нодира, Маҳзуна, Увайсий сингари шоир ва шоиралар ижодида ёрқин ифодасини топганини ҳам алоҳида қайд этиш даркор.

Ўзбек ва тожик халқлари адабиёти бир-бири билан яқин, туташ адабий алоқалар, ҳамкорлик каби кўпгина ибратли воқеаларга ҳам бой. Бунда ХХ аср тожик адабиёти вакили Мирзо Турсунзоданинг бевосита ҳиссаси бор.

Мирзо Турсунзода билан ўзбек ёзувчи ва шоирлари ўртасидаги дўстона муносабат ижодий ҳамкорликнинг ўзига хос янги саҳифасини очди. Адиб Тошкентда таҳсил олган чоғлари устози Садриддин Айний йўлини тутиб, ўзбек мумтоз адибиётининг сара асарларини яқиндан ўрганди. Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Комил Яшин билан ижодий муносабатда бўлди. Шу тариқа Турсунзода асарларининг ўзбек адиблари томонидан зўр маҳорат билан ўзбек тилига таржима қилиниши учун қулай адабий муҳит пайдо бўлди. Ғафур Ғулом, Барот Бойқобилов, Нормурод Нарзуллаев, Жонибек Қувноқ, Маҳмуд Тўлқиннинг таржималари туфайли унинг юксак маҳорат билан битилган достонлари, лирик шеърлари ўзбек китобхонларининг маънавий мулкига айланди.

Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов Мирзо Турсунзоданинг халқларимиз ўртасидаги маънавий яқинликни асраш борасидаги мулоҳазаларини зўр эҳтиром билан эслаб бундай ёзган эди:

"Устоз Мирзо Турсунзоданинг ҳам насиҳату, ҳам васиятига содиқ қолаётганимиздан қўлим кўксимда, бошим осмонда. Дарвоқе, устоз Мирзо Турсунзода ўзбек тилини ғоят чуқур билгувчи дилбар киши эдилар. Эсимда: Москвада, Колонна залида Ғафур Ғуломнинг 70 йиллик хотира кечасини ўтказиб, меҳмонхонага қайтаётганимизда, Мирзо ака менга қараб: "Абдулла иним, ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги катта кўприк бўлмиш Ғафур Ғулом дунёдан ўтган. Бизлар ҳам қариб қолдик чоғи. Энди сиз, ёш адиблар бир-бирларингиз билан кўпроқ мулоқотда бўлинглар, борди-келди қилинглар, меҳр кўзда", деган гаплари ҳамон қулоғим остида жаранглаб турибди".

Адабий яқинлик ҳақида сўз кетар экан, шуни айтиш керакки, Абдулла Қодирий, Ойбекнинг адабий тажрибасини ҳисобга олмасдан туриб, Жалол Икромий, Сотим Улуғзода ижодий изланишларини тушунтириб бериш қийин. Ёки Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Зулфия, Ҳамид Ғулом, Мақсуд Шайхзода сингари сўз санъаткорларининг шеърий тажрибасини ҳисобга олмасдан, Пайрав Сулаймоний, Мирзо Турсунзода, Мирсаид Миршакар, Абдусалом Деҳотий, Ҳабиб Юсуфий ва бошқа тожик шоирларининг ижодий изланишларини англаш амри маҳол.

Файзулла Ансорий дўсти Асқад Мухторга йўллаган шеърий мактубида ўзбек ва тожик халқлари дўстлигини бундай куйлаган эди:

Икки пок дилмизу танимиз бирдир,

Бир қўшиқ куйлайди диллар азалдан.

Бир мурод, муддао, ният-ла биз зўр,

Жуфт тугун ечамиз битта чигалдан.

Ҳа, мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёв бошчилигида олиб борилаётган бағрикенглик, яқин қўшнилик сиёсати халқларимиз ўртасидаги дўстликни, адабий-маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашда янги босқични бошлаб берди. Дўстлигимиз, биродарлигимиз ва адабий алоқаларимиз кун сайин ривож топмоқда. Зеро, тупроғи туташ, бир дарёдан сув ичадиган, бир-бирига қуда тутинадиган, молу жони ўртада, қондошу жондошга айланган ўзбек ва тожикнинг ҳамжиҳатлиги, адабий ҳамкорлиги бардавом анъаналарда ўз аксини топган. Бир сўз билан айтганда, халқларимиз ўртасидаги дўстлик қуёши нур сочаверсин, ўзининг ҳаётбахш ҳарорати билан дилларимизни иситишда давом этсин.

Абдусалом Самадов,
адабиётшунос, филология фанлари номзоди.

ЎзА
3 860