ЎзА Ўзбек

25.08.2018 10:48 Чоп этиш версияси

Кўҳна Кеш хорижлик меҳмонларни чорлайди

Кўҳна Кеш хорижлик меҳмонларни чорлайди
Шаҳрисабз шаҳри ва “Оқсарой” тарихий майдони ўзгача ҳусн касб этган. Сайёҳларнинг кети узилмайди. У ердаги кўҳна тарихий обидалар ўзининг маҳобати билан кишини ўзига ром этади.

Соҳибқирон юрти бўлмиш Шаҳрисабзда жорий йилнинг 6-10 сентябрь кунлари Халқаро мақом санъати анжумани ўтказилиши кутилмоқда. Шу боис айни пайтда у ерда анжуманни юқори савияда ўтказиш учун пухта тайёргарлик кўрилмоқда.

Айниқса, анжуман доирасидаги тадбирларни бадиий жиҳатдан юксак савияда ташкил этиш борасидаги кенг кўламли ишлар таҳсинга лойиқ. Хусусан, “Оқсарой” тарихий майдонида 1 минг 600 ўринга мўлжалланган саҳна ва томошабинлар учун амфитеатр барпо этилмоқда.

– Бу амфитеатрни лойиҳалаштириш давомида авваламбор майдоннинг ландшафт дизайни бузилмаслигига эътибор қаратилган, – дейди “Трест-12” масъулияти чекланган жамияти иш бошқарувчиси Фарҳод Мўминов. – Майдоннинг тарихий қисмидан қурилаётган саҳна ўрнидаги ноёб дарахтлар (лола, липа, қора сосна, секоя), бутасимон ва манзарали ўсимликлар, 540 квадрат метр яшил майсазор (газон), брусчаткали тротуар, тунги ёритиш торшерлари, канализация ва дренаж тармоқлари кўчирилди. Амфитеатр қурилишида замонавий металлоконструкциядан фойдаланилмоқда. Буни афзаллиги шундаки, уни исталган пайтда йиғиштириб олиш ёки қайтадан қуриш мумкин. Айни пайтда 100 нафардан зиёд ишчиларимиз сўнгги пардозлаш ишларини бажармоқда.

Шаҳрисабз шаҳрида анжуман иштирокчиларини кутиб олиш ва уларнинг мароқли ҳордиқ чиқаришлари учун ҳам алоҳида тайёргарлик кўрилмоқда. Шаҳар ҳудудидаги мавжуд меҳмонхоналар қайта реконструкция қилинаётир. Бошқалари янгидан барпо этилмоқда. Масалан, шаҳар марказида бунёд этилаётган “Астанова Малоҳат Узоқовна” хусусий корхонасига қарашли “Kesh palace” меҳмонхонаси улардан бири.

– Меҳмонхонамиз 60 ўринга мўлжалланган, – дейди меҳмонхона иш юритувчиси Баҳодир Турсунов. – Меҳмонхонамизнинг қурилиш ишлари 2016 йилдан бошланган. Жорий йилда кредит маблағи эвазига қўшимча мебель ва жиҳозлар билан бойитдик. Насиб этса меҳмонхонамиз Мустақиллигимизнинг 27 йиллик тўйи арафасида фойдаланишга топширилади. Қурилиш ишларида асосий эътиборни сифатга қаратганмиз. Барча хоналар замонавий меҳмонхона жиҳозлари билан таъминланган. Шаҳримиз ажойиб тўй арафасида турибди. Биз ўша тўйга ўз ҳиссамизни қўшиб, шаҳримизга ташриф буюрувчи сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатишни мақсад қилганмиз.

Халқаро мақом анжуманида иштирокчилар сони кўпайгани муносабати билан Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларида меҳмонхоналар, қўшимча жойлар тайёрланмоқда.

Масалан, Шаҳрисабзда илк бор оилавий меҳмон уйлари фаолияти йўлга қўйилмоқда. Бундай уйлар ҳудуднинг туристик салоҳиятини оширишга хизмат қилиб, хусусан жорий йилнинг сентябрь ойида Шаҳрисабзда ўтказилиши мўлжалланган Халқаро мақом санъати анжуманига ташриф буюрадиган сайёҳларни бир вақтнинг ўзида миллийликни сақлаган ҳолда замонавий шароитлар билан кутиб олиш имконини беради.

– Президентимизнинг 2018 йил 7 июндаги “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган вазифалардан унумли фойдаланган ҳолда фуқароларимиз оилавий меҳмон уйларини очиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Қашқадарё вилояти ваколатли вакили Отабек Олимжонов. – Бунинг учун уларга тижорат банклари орқали имтиёзли микрокредитлар ажратилмоқда. Шаҳрисабз шаҳри ва Шаҳрисабз тумани аҳолиси билан атиги бир ҳафта давомида олиб борилган бевосита мулоқот натижасида оилавий меҳмон уйлари ташкил қилиш орқали тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга қизиқиш билдирган 67 ташаббускор фуқаролар аниқланди. Уларнинг 44 нафарига “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банки Шаҳрисабз филиалининг имтиёзли микрокредитлари жалб қилинди. Фуқароларимиз томонидан билдирилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва амалга оширилиши натижасида бир вақтнинг ўзида 370 дан ортиқ меҳмонларни шинам ва замонавий оилавий меҳмон уйларига жойлаштириш имконияти ва 170 дан ортиқ иш ўринлари яратилади. Ҳозирга қадар 26 ана шундай оилавий меҳмон уйлари (155 ўринли) ўз фаолиятини йўлга қўйиб, хорижий ва юртимизнинг бошқа вилоятларидан келаётган сайёҳлар ва меҳмонларни жойлаштириш учун тайёрлаб қўйилди.

Бундан ташқари, барпо этилаётган меҳмонхона ва ресторанларни малакали ишчи ва хизматчилар билан таъминлаш мақсадида Шаҳрисабз озиқ-овқат ва маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида Туризмни ривожлантириш жамғармаси ташаббуси билан махсус курс ташкил этилган бўлиб, у ерда 90 нафар ўқувчи ўқитилмоқда.

Курсга чет тилларини яхши ўзлаштирган ўқувчилар қабул қилинган бўлиб, улар бир ой давомида меҳмонхона ва ресторан хизмати, гид таржимонлик, админстраторлик йўналишлари бўйича тажрибали мутахассислардан таълим олади. Курсни тамомлагач ўқувчиларга сертификат тақдим этилади ва бу ҳужжат асосида меҳмонхона ва ресторанларда иш бошлаш имкони пайдо бўлади. 

– Гид таржимонлик азалий орзуим эди, – дейди коллежнинг 3-босқич ўқувчиси, шаҳрисабзлик Барно Тоҳирова. – Бу ерда бизга пойтахтдан ташриф буюрган тажрибали ўқитувчилар таълим бермоқда. Амалий машғулотларни бевосита шаҳримиздаги меҳмонхоналарда ўтаяпмиз. Насиб этса, гид таржимон бўлиб, шаҳримиз тарихини сайёҳларга ифтихор билан сўзлаб бераман. 

Шаҳар кўчалари қайта реконструкция қилиниб, замонавий тунги ёритгичлар билан жиҳозланмоқдаки, бу шаҳарнинг тунги кўринишига ҳам ўзига хос чирой бағишлаган. Йўл ёқалари ободонлаштирилиб, манзарали дарахт кўчатлари, гуллар экилган.

Мухтасар қилиб айтганда кўҳна Кешда Халқаро мақом санъати анжуманига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Қилинаётган бундай кенг кўламли саъй-ҳаракатлар албатта ўз натижасини беради. Анжуман баҳонасида шаҳарга ташриф буюрган хорижлик меҳмонлар бир пайтлар Соҳибқирон бобомиз саройига ташриф буюрган испан элчиси Руи Гонсалес де Клавиходек ҳайратланишади. Ўз таассуротларини ҳаяжон билан дўстларига айтишади... 

Ў.Баротов, Ж.Норқобилов (сурат), ЎзА
6 205