Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.06.2018 11:40 Чоп этиш версияси

Кўкнорзорга айланган томорқа

Кўкнорзорга айланган томорқа
Божхона ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор тадбирлар давомида гиёҳванд ўсимликларнинг ноқонуний етиштирилиши билан боғлиқ қонунбузарлик ҳолатлари фош қилинмоқда. Давлат божхона қўмитасининг расмий веб-сайтида ушбу ҳолатлар юзасидан мисоллар келтирилди.

Жумладан, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Денов туманида истиқомат қилувчи фуқаро Ш.Х.нинг хонадони белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганида, хонадон томорқасидаги 5 туп наша гиёҳванд ўсимлиги парваришланаётганлиги аниқланди.

Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида эса фуқаро Э.Й.нинг хонадонидан ҳам наркотик моддалар топилди. Хонадон эгаси 13,44 грамм оғирликдаги марихуанани девор орасида ғиштлар ортига яшириб қўйган экан. Шунингдек, ҳовлини кўздан кечириш давомида 6.97 грамм оғирликдаги марихуанна қуритиш учун ёйиб қўйилганлиги ҳамда томорқада ҳар бири 18 тупдан кўкнор ва наша ўсимликлари ўстирилаётанлиги фош этилди.

d2aefd44af5e385b53427902a2df3903.jpg

Сирдарё вилоятида ҳам наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмаси бартараф этилди. Мирзаобод тумани ҳудудида Нексия автомашинасида ҳаракатланаётган фуқаролар О.Х. ва Р.Қ. тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилганида, уларнинг чўнтакларидан 45.63 грамм оғирликдаги марихуана наркотик моддаси топилди.

Суриштирувлар давомида ушбу шахслар мазкур гиёҳванд ўсимликлар Ховос туманидаги овлоқ ҳудудда ёввойи тарзда ўсаётганини билдиришган. Шундан сўнг, ушбу ҳудуд кўздан кечирилганда, бу ерда 42 туп каннабис яъни наша ўсимлиги борлиги аниқланди.

Бухоро вилояти Қоракўл туманида истиқомат қилувчи фуқаро Б.Д. эса бу борада “рекорд” ўрнатди дейиш мумкин. Ушбу шахснинг хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганида, бу ердаги томорқа кўкноризорга айланиб улгургани маълум бўлди. 60-100 сантимертгача бўй бериб ўсган 604 туп кўкнори буталари аллақачон ҳосилга ҳам кирган экан.

Тезкор тадбирлар давомида гиёҳванд ўсимликларнинг барчаси илдизи билан суғуриб олинди ва тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ЎзА
10 003